«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг вилоят бошқармаси Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда бир қатор ҳолатларни аниқлаган.

Жумладан, Денов туманида 1980 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноят учун судланган шахснинг хонадони кўздан кечирилганда, сотиш мақсадида сақлаб келинган 1 килограмм 7 грамм «опий» ва 998 грамм «гашиш» аниқланган.

Туманнинг яна бир ҳудудида 1986 ва 1966 йилларда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун судланган икки нафар шахс 491 грамм «гашиш»ни шартли харидорга 85 миллион сўмга сотган вақтда ушланган.

Шунингдек, Термиз шаҳрида 2003 йилда туғилган Афғонистон фуқароси «Термиз халқаро савдо маркази» ҳудудида 506 грамм «опий»ни шартли харидорга 2 500 АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинган.

Маълум бўлишича, у гиёҳвандлик воситасини қўшни давлатдан яширин равишда олиб киришда ўз ички органидан «тирик контейнер» сифатида фойдаланган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.