Ҳодиса оқибатида Нижнекамск шаҳридаги қурилиш корхонасида ишлаган 8 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган. Яна бир қатор фуқаролар турли даражада тан жароҳатлари билан шифохоналарга ётқизилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига мувофиқ тузилган Ҳукумат комиссияси доирасида Ташқи ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Миграция агентлиги ва бошқа масъул идоралар томонидан ҳалок бўлганларнинг жасадларини Ватанга олиб келиш, жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар кўрилди.
Ўзбекистоннинг Россиядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Б. Асадов ҳамда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консули Н. Қосимов воқеа жойига бориб, маҳаллий масъул идоралар вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Кўрилган чоралар натижасида 12 август куни махсус авиарейс орқали ҳалок бўлган фуқароларнинг жасадлари Ўзбекистонга олиб келинди.
Ташқи ишлар вазирлиги мазкур ҳолат билан боғлиқ барча масалаларни, жумладан, жабрланган фуқароларга зарур ёрдам кўрсатиш ишларини Россия томони билан ҳамкорликда назоратга олган.