Маями университети Бизнес мактаби мутахассисларининг тадқиқоти шуни кўрсатдики, смартфон орқали харид қилиш одамларда ўз танлови ҳақида етарлича ўйлаб кўрмаганлик ҳиссини уйғотиши мумкин. Шу билан бирга, амалда уларнинг ечимлари сифати компьютердан фойдаланишдагидан асло ёмон эмас, деб шарҳлайди vokrugsveta.ru.

Тадқиқотчилар мобил харидлар конверсиясидаги тафовутни ўрганишди: одамлар смартфонларда кўпроқ маҳсулотлар қидиришади ва таклифларни таққослайди. Аммо ушбу қурилмалар орқали харид қилишни камроқ якунлашар экан. Бунинг сабабини аниқлаш учун олимлар дастлабки тадқиқот, тўққизта тажриба ўтказди. Ҳақиқий савдо маълумотларини таҳлил қилиб, дала тажрибасини ташкил қилишди.

Маълум бўлишича, смартфон фойдаланувчилари ўз қарорлари тўғрилигига кўпинча шубҳаланишади. Улар товарни компьютер орқали сотиб олгандагига қараганда ёмонроқ танлов қиламан деб ўйлашади, гарчи тажрибалар бунинг аксини кўрсатган бўлса-да: товарларни баҳолаш бўйича топшириқларни бир хил даражада яхши бажаришади.

Тадқиқотчилар буни одатлар билан изоҳлайди. Жумладан кичик экран хусусиятларни таққослаш учун ноқулайроқ туюлиши мумкин. Қурилмаларнинг ўзи эса турли хил тасаввурларни уйғотади. Айтайлик, компьютерлар кўпинча иш ва жиддий вазифаларни бажаради, смартфонлар эса йўл-йўлакай кўнгилочар ўйинлар билан боғланган деган ўй шундай хулоса уйғотар. Натижада инсонда танловга етарлича эътибор бермаганлик ҳисси пайдо бўлади.

Бундай шубҳалар харидорни харидни кечиктиришга, компьютерга ўтишга ёки маҳсулотдан бутунлай воз кечишга мажбур қилиши мумкин. Шу билан бирга, узоқ ўйлашни талаб қилмайдиган одатий ва кундалик харидлар ҳақида гап кетганда, таъсир кучсизроқ бўлади.

Харидорларга қарор қабул қилишда қандай ёрдам бериш мумкин?

Олимлар харидорларнинг хавотирини камайтириш мумкинлигини текшириб кўришди. Бир тажрибада улар дўкон хабарларига обуна бўлиш рекламасига “Ўйлаш ўтирманг!” иборасини қўшишди. Смартфон фойдаланувчилари обуна саҳифасига тахминан 44% кўпроқ ўтишни бошлади. Компьютер эгаларига бу таъриф таъсир қилмади.

Бошқа бир тажриба шуни кўрсатдики, совғалар интернет-дўконида мижозларга шахсий совға танлаш хизмати таклиф қилинганда, смартфонлар ва компьютерлардан харидлар сони ўртасидаги фарқ ярмидан кўпроққа камайди.

Тадқиқот муаллифларининг фикрича, дўконлар учун сайтнинг мобил версиясини тез ва қулай қилиш етарли эмас. Харидорларга маҳсулотларни тушунарли таққослаш, қисқа тавсифлар ва вариантларни баҳолаш воситалари ҳам ёрдам беради.

Истеъмолчиларнинг ўзларига эса олимлар қарор етарлича ўйлаб кўрилмагандек туйғуни танловнинг ҳақиқий сифати билан адаштирмасликни маслаҳат беради. Баъзида смартфон, ҳатто ҳамма нарсани тўғри қилганимизда ҳам, бизни ўзимизга шубҳа қилишга мажбур қилади.