Бу ҳақда Эроннинг Tasnim ахборот агентлиги маълумотларига таяниб "Дунё" АА хабар қилди.

Эрон ички ишлар вазири ўринбосари ва мотам тадбирларини ташкил этиш бўйича штаб раҳбари Али Акбар Пуржамшидиённинг маълум қилишича, 30 дан ортиқ давлат ва 90 дан зиёд мамлакатнинг диний пешволари ҳамда расмий делегациялари видолашув маросимларида иштирок этишга тайёрлигини билдирган. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Боғоий ҳам тадбирларда минтақа давлатлари ва бошқа мамлакатлар расмийлари қатнашишини тасдиқлаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги манбага кўра, 3 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги делегация Эронга ташриф буюриб, мотам маросимларида иштирок этади.

Расмий дастурга мувофиқ, мотам тадбирлари 4 июль куни Теҳрондаги «Мосалла» мажмуасида бошланади. Шу куни мажмуа оммавий видолашув учун очилади. 5 июль куни жаноза намози ўқилади ва пойтахтда оммавий мотам юриши ташкил этилади. Кейинги тадбирлар Қум ва Машҳад шаҳарларида, шунингдек, Ироқнинг Нажаф ва Карбало шаҳарларида ҳам ўтказилиши режалаштирилган. Дафн маросими 9 июль куни Машҳад шаҳрида бўлиб ўтади.

Эрон расмийларига кўра, мотам тадбирларини мувофиқлаштириш учун мамлакат ичида ва хорижда ягона миллий штаб ташкил этилган. Ироқ томони ҳам тадбирларни ўтказиш ҳамда жасадни қабул қилиш бўйича алоҳида мувофиқлаштирув марказини ишга туширган. Миллионлаб одамлар маросимларда иштирок этиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Оятуллоҳ Али Хоманаий 2026 йил 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга берган ҳаво зарбалари вақтида ҳалок бўлган. Дастлаб режалаштирилган дафн маросимлари минтақадаги ҳарбий вазият сабаб бир неча бор қолдирилган эди.