Астрономия институти мутахассислари тарқалган фото ва видеоматериалларни дастлабки таҳлил қилди. Объектнинг ташқи кўриниши, ҳаракат хусусияти ва ҳосил қилган изида метеор ёки болидга хос белгилар мавжуд эмас. Кузатилган манзара кўпроқ ракета ёки унинг юқори босқичи билан боғлиқ ҳодисага ўхшайди.
Ҳозирча энг катта мослик бугун Хитойда амалга оширилган космик кема учирилишга тўғри келмоқда. 19 сентябрь куни Хитойнинг Таиюан космодромидан Long March-2D (Chang Zheng-2D) ташувчи ракетаси учирилди. Ракета PIESAT-2 туркумидаги тўртта сунъий йўлдошни орбитага муваффақиятли олиб чиқди.
Дастлабки орбитал ҳисоб-китоблар учириш вақти, ракетанинг орбитаси ҳамда Тошкент осмонида ҳодиса кузатилган вақт ва йўналиш ўртасида жуда яхши мослик мавжудлигини кўрсатмоқда. Шу сабабли ҳозирги босқичда энг эҳтимолли тушунтириш - Тошкент осмонида кузатилган ҳодиса ушбу космик учиришнинг ракета босқичи ёки ундан кейинги орбитал жараёнлардан бири билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Бироқ ҳозирча кузатилган объектни айнан Long March-2D ракетасининг муайян қисми деб қатъий идентификация қилишга ҳали эрта. Янги учирилган объектлар бўйича халқаро орбитал каталогларда зарур элементлар ва ҳодисага оид мустақил идентификация ҳали мавжуд эмас.
Ҳозирги дастлабки хулоса шуки: Тошкент осмонида кузатилган ёрқин ҳодиса метеор ёки болидга хос эмас.
Камолиддин ЭРГАШEВ,
Фанлар академияси Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти катта илмий ходими