Мазкур тадбир Ўзбекистонда учинчи бор ўтказилаётган бўлиб, мамлакат 2022 ва 2023 йилларда ҳам ушбу нуфузли конференцияга мезбонлик қилган. Анжуманда 32 та давлатдан 400 нафарга яқин делегат, 24 та халқаро ҳамкор ва ҳомийлар иштирок этмоқда. Унда Озарбайжон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Покистон, БAA ва Ўзбекистон каби давлатлар билан бир қаторда Халқаро электралоқа иттифоқи (ITU), Халқаро астронавтика федерацияси (IAF), APSCO, TÜBİTAK UZAY ва бошқа турли хорижий компаниялар, миллий космик агентликлар, тижорат ташкилотлари ҳамда космик соҳада фаолият юритувчи қатор тузилмалар иштирок этмоқда. Бу эса иштирокчилар ўртасида кенг қамровли мулоқот, тажриба ва маълумот алмашиш, шунингдек, янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун қулай имконият яратмоқда.

Жорий йилнинг 31 март куни ўтказилган анжуманда таълим ва ёшлар масаласига айниқса, алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, CubeSat каби лойиҳалар орқали ёшларни илмий изланишларга жалб қилиш, халқаро тажриба алмашиш ва янги авлод мутахассисларини тайёрлаш муҳим вазифа сифатида қайд этилди. Шунингдек, мамлакатимизда сунъий йўлдош тизимлари, бошқарув ва космик тадқиқотлар бўйича бир қатор лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.

— Бу йилги конференция аввалгиларига қараганда анча кенг қамровли ўтмоқда. Иштирокчилар сони, тақдим этилаётган технологиялар ва ҳамкорлар кўлами сезиларли даражада ошган. Бу, ўз навбатида, космик соҳадаги ривожланиш суръатларини яққол намоён этади, — дейди Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ҳузуридаги Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази департаменти бошлиғи Ғайрат Якубов.

Унинг таъкидлашича, космик технологиялардан самарали фойдаланиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланган. Айниқса, сунъий йўлдошлар орқали масофадан туриб олинадиган маълумотлар иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларида муҳим аҳамият касб этмоқда.

— Сунъий йўлдошлар орқали 500 – 600 километр баландликдан олинаётган тасвирлар ер устидаги объектлар ҳақида аниқ маълумот беради. Бу маълумотлар орқали қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш, ресурсларни самарали бошқариш ва турли соҳаларни таҳлил қилиш мумкин. Анъанавий усулларда бу жараён жуда кўп вақт ва харажат талаб қилади, — дея қайд этади мутахассис.

Ушбу технологиялар, айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг қўлланилмоқда. Масофадан зондлаш маълумотлари орқали ерларни рақамлаштириш, экин майдонларини таҳлил қилиш ва ўзгаришларни кузатиш имкони пайдо бўлмоқда.

— Илгари бу ишлар жойига чиқиб, кўплаб мутахассисларни жалб қилган ҳолда амалга оширилар эди. Ҳозир эса офисда туриб ҳам энг сўнгги маълумотларни олиш, таҳлил этиш ва қарор қабул қилиш мумкин. Бу вақтни тежайди, харажатларни камайтиради ва самарадорликни оширади, — дейди Ғайрат Якубов.

Шунингдек, тадбирда Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги директор ўринбосари Муҳиддин Ибрагимов ҳам конференциянинг аҳамиятига алоҳида тўхталди. Унинг таъкидлашича, мазкур анжуманни ташкил этишдан асосий мақсад — Ўзбекистон космик агентлиги фаолияти доирасида Марказий Евросиё минтақасида космик соҳага алоқадор давлат идоралари, хусусий сектор ва халқаро компанияларни бирлаштирувчи мулоқот платформасини яратишдан иборат.

— Бугунги конференция мамлакатимизда космик соҳани ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатининг амалий ифодасидир. Бу ерда нафақат мавжуд ютуқлар, балки келгуси 5 – 10 йиллик стратегик режалар ҳам муҳокама қилинмоқда, — деди Мухиддин Ибрагимов.

Қайд этилишича, анжуманда 500 дан ортиқ иштирокчининг қатнашиши ушбу соҳанинг халқаро миқёсда эътироф этилаётганини кўрсатади. Айниқса, Ўзбекистон мутахассислари томонидан маълумотларни қайта ишлаш йўналишида эришилаётган ютуқлар хорижий ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу билан бирга, таълим тизимига космик технология элементларини жорий этиш, ёшларни илм-фан ва инновацияларга жалб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълум қилинишича, 2028 йилда Самарқанд шаҳрида космик соҳадаги нуфузли халқаро конгрессни ўтказиш режалаштирилган бўлиб, унда 10 – 12 минг нафар иштирокчи қатнашиши кутилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистоннинг илк мустақил космонавтини фазога учириш лойиҳаси устида ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Бу жараён доирасида космонавт танлаш, халқаро ҳамкорлар билан музокаралар ўтказиш ва илмий дастурларни ишлаб чиқиш ишлари давом этмоқда.

Умуман олганда, STC 2026 анжумани Ўзбекистоннинг космик соҳадаги салоҳиятини намоён этиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги инновацион лойиҳаларни ривожлантиришда муҳим босқич бўлиб хизмат қилмоқда.

Зулхумор АКБАРОВА