Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирларида Сергели туманида жойлашган хонадонда ноқонуний нарколаборатория аниқланган.
Хабарга кўра, 2003 йилда туғилган, Тошкент вилояти Чиноз туманида яшовчи шахс кўп қаватли уйдан ижарага олинган хонадонда мазкур лабораторияни ташкил этган.
Тезкор тадбир давомида ушбу манзилдан умумий қиймати 4,5 миллиард сўмга тенг бўлган 3,5 килограмм “Прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси, 20 литр суюқ ва 25 килограмм кукун кўринишидаги прекурсорлар, шунингдек, уларни тайёрлаш ва қадоқлашда фойдаланилган жиҳозлар ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, нарколабораторияда кимёгар сифатида фаолият юритган яна бир фуқаро ҳам қўлга олинган.
Ушбу шахслар дастлаб “Телеграм” орқали фаолият юритувчи ноқонуний наркодўконларда “кладмен” сифатида кучли таъсир қилувчи моддаларни тарқатиш билан шуғулланган. Кейинчалик эса жиноий гуруҳ раҳбарларининг ишончини қозонгач, гиёҳванд моддаларни тайёрлаш жараёнига жалб этилган.
Ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.