Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда таркибида психофаол ва кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган маҳсулотлар аниқланди.
Тошкент халқаро аэропортида «Бангкок – Тошкент » йўналишида учиб келган фуқаронинг юклари рентген аппарати орқали текширилганда , шубҳали озиқ-овқат маҳсулотлари борлиги аниқланган .
Текширув давомида Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида яшовчи , 2002 йилда туғилган , муқаддам судланган шахс турли озиқ-овқат маҳсулотлари ниқоби остида 978 грамм каннабис мойи ҳамда таркибида психофаол модда бўлган , тахминий оғирлиги 500 граммни ташкил этувчи қўзиқоринларни олиб келгани маълум бўлган . Ушбу маҳсулотларни кейинчалик сотиш мақсадида олиб киргани аниқланган .
Бошқа ҳолатда Тошкент тумани ҳудудида ҳаракатланаётган «Damas » автомашинаси тўхтатилиб , холислар иштирокида кўздан кечирилган . Автомашинада йўловчи сифатида кетаётган Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Учкўприк туманларида яшовчи , 1987 ва 1989 йилларда туғилган икки шахсга тегишли пакетлардан таркибида «Сибутрамин » кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган 12 992 дона кофе маҳсулоти аниқланган .
Маълум бўлишича , улар қўшни республикадан олиб келинган мазкур маҳсулотларни Фарғона вилоятида сотишни режалаштирган .
Ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб , ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда .