Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан Тошкент метрополитенида йўловчилар оқими ортишига тайёргарлик кўрилмоқда. Жумладан, куннинг тирбанд вақтларида барча йўналишларда поездлар ҳаракати интервали қисқартирилади.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларида биринчи смена машғулотларининг соат 08:00 дан бошланиши жамоат транспорти, хусусан, метрополитен хизматларига бўлган талабни ошириши кутилмоқда.
Шунга кўра, тирбанд вақтларда Чилонзор йўналишида поездлар 1,5–2 дақиқа, Ўзбекистон йўналишида 3 дақиқа, Юнусобод йўналишида 4 дақиқа, Ер усти ҳалқа йўли йўналишида эса 7–8 дақиқалик интервал билан ҳаракатланиши режалаштирилган.
Шунингдек, 2026 йил давомида метро вагонлари парки 14 та замонавий ҳаракат таркиби билан тўлдирилиши кўзда тутилган. Ҳозирга қадар уларнинг 11 таси етказиб берилган бўлиб, яқин кунларда яна 3 та замонавий ҳаракат таркиби олиб келиниши кутилмоқда.
Йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, бекатларда хавфсизликни таъминлаш ва йўловчилар оқимини самарали бошқариш мақсадида куннинг тирбанд вақтларида метрополитеннинг барча 50 та бекатида навбатчилик тизими йўлга қўйилган.
Метрополитен раҳбарияти ва масъул ходимларидан иборат гуруҳлар белгиланган жадвал асосида эрталабки ва кечки тирбанд вақтларда бекатларда навбатчилик қилиб, йўловчиларга зарур кўмак кўрсатмоқда.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлардан асосий мақсад янги ўқув йили бошланиши билан ортиши кутилган йўловчилар оқимини самарали бошқариш, поездлар қатнови барқарорлигини таъминлаш ҳамда йўловчиларга тезкор, қулай ва хавфсиз хизмат кўрсатишдан иборат.