Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида ўтказилган тезкор тадбирда икки нафар шахс ушланиб, уларнинг ёнидан 500 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган. Аниқланишича, улар ушбу дориларни тарқатиш билан шуғулланган.
Кейинчалик уларга алоқадор бўлган яна бир тарқатувчи қўлга олиниб, унинг ёнидан ҳам 500 дона кучли таъсир қилувчи дорилар топилган.
Шундан сўнг дориларнинг манбасини аниқлаш мақсадида тезкор тадбирлар давом эттирилиб, Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида уч нафар шахс ушланган. Уларнинг яшаш манзили кўздан кечирилганда нарколаборатория ташкил этилгани маълум бўлган.
Тадбир давомида 9 килограмм «Прегабалин», 500 грамм «Тропикамид», 600 дона «Прегабалин» кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда қадоқлаш учун мўлжалланган анжомлар ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.