Тошкент шаҳрининг Сергели туманида Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 1,1 килограмм «Альфа-PVP», 1,9 килограмм марихуана, 65 грамм героин ва 16 грамм 5F-APINACA гиёҳвандлик воситалари аниқланди.
«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Сергели туманида истиқомат қилувчи, 1993 йилда туғилган фуқаронинг автомашинаси ҳамда яшаш хонадондаги ашёлар холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Тезкор тадбир давомида 1,1 килограмм «Альфа-PVP», 1,9 килограмм марихуана, 65 грамм героин ва 16 грамм 5F-APINACA гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида олинди.
Шунингдек, хонадондан гиёҳвандлик воситаларини қадоқлашда фойдаланилган zip-пакетлар ва электрон тарози ҳам аниқланиб, далил сифатида расмийлаштирилди.
Тезкор тадбир кейинги босқичда давом эттирилиб, мазкур шахсга гиёҳвандлик воситаларини «закладка» усулида тарқатиш бўйича топшириқ берган шахс ҳам қўлга олинди. Маълум бўлишича, 1988 йилда туғилган ушбу аёл муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган.
Ҳозирда ушланган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.