Ички ишлар органлари маълумотига кўра, гумонланувчи транспорт воситасини автомойкадан бошқариб кетган. Ҳодиса юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Жиноят қидирув бошқармаси ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Қидирув бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида автомобиль аниқланиб, гумон қилинувчи ушланган.

Гумонланувчи дастлабки кўрсатмасида автомобилни сотиш ниятида олиб кетганини, бунга қимор ўйинларига пул топиш истаги сабаб бўлганини билдирган. Мазкур кўрсатмалар тергов давомида ҳуқуқий баҳоланади.

Айни пайтда ҳолат юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда терговга қадар текширув ва бошқа процессуал ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқаролардан автотранспорт воситаларини қаровсиз қолдирмаслик, калитларни бегона шахсларга ишониб топширмаслик ҳамда хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилишни сўради.