Тошкент вилояти ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбири давомида Шайхонтоҳур туманидаги кўп қаватли уйнинг 4-қаватида ноқонуний call-марказ — «кибербункер» аниқланган.
Терговга қадар текширувда аниқланишича, 2005 йилда туғилган, Фарғона вилоятида яшовчи, муқаддам судланмаган Д.Х. ва унинг шериклари фуқароларга қўнғироқ қилиб, улар гўёки «Uzum Market» савдо иловасининг «компания акцияси» ғолиби бўлгани ҳақида ёлғон маълумот берган.
Фирибгарлар совға учун тўловни, шунингдек, фуқарога ажратилган кредит ёки микроқарз лимити маблағларини вақтинча «ALVION», «MEGA TECNO» ва «MEGA SHOP» ЯТТларга ўтказишни сўраган. Эвазига «компания акцияси»да ютиб олинган маиший техника етказиб берилишини ваъда қилган.
Гуруҳ аъзолари, шунингдек, савдо платформасида ўзларини маҳсулот етказиб берувчи сифатида рўйхатдан ўтказган. Буюртмани етказиб беришни талаб қилган ёки норозилик билдирган айрим харидорларга атайлаб жуда арзон, сифатсиз ёки буюртмага мутлақо мос келмайдиган маҳсулотлар юборилган.
Шу орқали жабрланувчиларнинг эътибори чалғитилиб, ажратилган кредит ёки микроқарз лимитларини ўзлаштиришга эришилган. Пул ўтказилганидан сўнг эса кўп ҳолларда жабрланувчилар билан алоқа узилган.
Текширувлар давомида «ALVION», «MEGA TECNO» ва «MEGA SHOP» ЯТТлар орқали Шайхонтоҳур туманида ташкил этилган «кибербункер»да 5 нафар оператор ишлагани аниқланган. Улар ижтимоий тармоқлардаги сохта онлайн-дўконлар номидан юзлаб фуқароларга қўнғироқ қилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, улар 110 нафардан ортиқ фуқаронинг 300 миллион сўмдан зиёд маблағини ноқонуний равишда ўзлаштирган.
Тезкор тадбир давомида 10 та компьютер жамланмаси, 8 та мобиль телефон, 150 варақдан иборат шахсий маълумотлар ҳамда «Uzum Nasiya» иловаси орқали ажратилган лимитлар жадваллари ва 2 та дафтар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда гуруҳ аъзоларининг республиканинг бошқа ҳудудларида содир этилган фирибгарлик ҳолатларига алоқадорлиги, шунингдек, фуқароларга етказилган моддий зарар миқдорини аниқлаш ва уни қоплаш бўйича дастлабки тергов ҳамда тезкор-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.