Маълум бўлишича, Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида яшовчи, 1982 йилда туғилган аёл Чиноз туманида истиқомат қилувчи, 2000 йилда туғилган қизни хорижга олиб чиқиб, уни жинсий эксплуатация қилишни режалаштирган.

Гумонланувчи ўз мақсадига эришиш учун жабрланувчига авиачипта харид қилиб берган ҳамда кейинчалик топадиган даромадининг ярмини доимий равишда бериб боришини талаб қилган.

Тезкор чора-тадбирлар натижасида мазкур шахс жабрланувчи билан бирга Тошкент халқаро аэропортида Истанбул шаҳрига учиб кетмоқчи бўлган вақтида қўлга олинди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, одам савдоси инсон қадри ва эркинлигига қарши қаратилган оғир жиноятлардан бири ҳисобланади. Огоҳлик ва ҳушёрлик бундай ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.