Жорий йилги фестивал аввалгиларидан маҳаллалардан бошлангани билан алоҳида аҳамиятга эга. Вилоятдаги 754 та маҳалланинг барчаси фестивал иштирокчисига айланиб, ҳар бир хонадон, кўча ва маҳалла гулларга бурканди.

Шунингдек, маҳаллалар ўртасида “Энг гулзор, энг обод маҳалла” кўрик-танлови ташкил этилган. Фестиваль якунида ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра ғолиблар муносиб тақдирланади.

Маълум қилинишича, ўтган йили фестивалга тайёргарлик доирасида Наманганда 100 миллион туп гул кўчати экилган бўлса, бу йил ушбу кўрсаткич 150 миллион тупга етказилди. Натижада Наманган “Жамоа бўлиб бир ой давомида энг кўп экилган гуллар” йўналишида Guinness рекордини ўрнатиб, Гиннеснинг “Рекордлар китоби”дан жой олди.

24 май куни бўлиб ўтган тантанали очилиш маросими катта байрамга айланди. “Наманган халқаро аэропорти” олдидан старт олган гуллар билан безатилган автомобиллар паради шаҳар марказий кўчалари бўйлаб ҳаракатланиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғига етиб келди.

Расмий очилиш маросимида хорижий давлатлар дипломатик корпуси вакиллари, инвесторлар, маданият ва санъат намояндалари, сайёҳлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Таъкидланишича, бу йил фестивал доирасида 150 дан ортиқ халқаро, республика ва маҳаллий миқёсдаги маданий-маърифий, оммавий-спорт ва сайёҳлик тадбирлари ўтказилади.

Меҳмонлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи, “Афсоналар водийси” тематик парки ҳамда 60 гектар майдонни эгаллаган “Янги Ўзбекистон” боғида яратилган гул композицияларини томоша қилиш имконига эга бўлади.

Бундан ташқари, туманларда ҳам турли сайллар ташкил этилмоқда. Хусусан, Чустда “Ош танлови”, Попда “Лаванда сайли”, Мингбулоқда эса илк бор “Патир фестивали” ўтказилади.

Ташкилотчилар маълумотига кўра, бу йил фестивалга 1 миллиондан зиёд хорижий ва 8 миллионга яқин маҳаллий сайёҳ ташриф буюриши кутилмоқда.

Фестиваль 12 июлга қадар давом этади.