Президентимизнинг “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Жараёнда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинмоқда. Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болалар ва ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлганлар фарзандларига бир марталик моддий ёрдам бериляпти. Шунингдек, оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган болаларга бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилмоқда.
Мазкур эзгу амаллар жамиятда меҳр-оқибат муҳитини кучайтиради. Кам таъминланган оилаларга енгиллик яратиб, инсонлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди.
Навоий
вилоятида ҳам ушбу хайрли ишлар давом этмоқда. Президентимиз қарори ижросини
таъминлаш мақсадида вилоятдаги оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи
касалликларга чалинган болалар аниқланган. Бемор болаларда жарроҳлик
амалиётларини ўтказиш режаси ҳам ишлаб чиқилди.
Қарорга
кўра, беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, жарроҳлик ва даволаш харажатлари
“Вақф” хайрия жамоат фонди орқали қопланмоқда.
Фонд эса ушбу харажатлар учун давлат мақсадли жамғармалари ва бошқа
манбалардан ажратилган маблағларни йўналтирган. Меҳр-мурувват карвони ўз
ҳаракатини вилоят бўйлаб тўхтатгани йўқ. Аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиқиб,
ваучерлар ўз эгаларига етказилди. Улар бундан республикамиздаги барча
ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида фойдаланиши мумкин.
—
Бу йилги Қурбон ҳайити байрами арафасида ногиронлиги бўлган, давлат
таъминотидаги камбағал оилаларнинг 6369 тасига озиқ-овқат маҳсулотлари
етказилди, — дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармаси
бошлиғи ўринбосари Фаррух Бафоев. — Бугунги кунда вилоят бўйича оғир ва
ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 139 бола рўйхатга
олинди. Бундан ташқари, онкологик касалликка чалингани боис, рўйхатга кирган
563 бемор тезроқ соғайиши учун ҳудудий тиббиёт бирлашмаларида 40 та ўрин ташкил
қилинди. Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз яшовчи, ногиронлиги
бўлган 928 фуқаронинг ҳолидан хабар олинди. Бундан ташқари, етим ва ота-она
қарамоғидан маҳрум бўлган 185 бола ҳамда хизмат ўташ даврида вафот этган
ҳарбийлар фарзандларининг ҳисоб рақамига 200 долларлик депозит ажратиб
берилмоқда.
Нурота
туманининг Нуробод маҳалласида яшайдиган Феруза Зикриёеванинг 1,5 ёшли фарзанди
Умарбекка қовуқ чурраси ташхиси қўйилган эди. Унга даволаниш учун ваучер
берилгач, Навоий шаҳридаги вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида
жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди.
Ирода
Дилмуродова оёғидаги нуқсон сабаб узоқ вақтдан бери даволанишга эҳтиёж сезарди.
Ирода ва унинг онаси учун махсус ваучер шунчаки тиббий йўлланма эмас, балки
келажакка, соғлом ҳаётга очилган янги эшик бўлди. Навоийлик бу қиз энди Тошкент
шаҳридаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказида соғлиғини тиклаш ва зарур
муолажалар олиш имконига эга бўлди.
— Тиббий ваучер хаста, ногиронлиги бўлган мен каби турли
юртдошларимиз соғлом ҳаётга қайтиши учун катта туҳфадир, — дейди Ирода
Дилмуродова. — Шундай эътибор марказидан бўлганлар сафида эканимдан жуда
хурсандман. Мураккаб тиббий муолажалар учун маблағимиз йўқ эди. Энди бепул
даволанишим мумкинлигини эшитиб, онам иккимиз жуда севиндик. Ваучер олганимда
амин бўлдимки, барча инсон, биз каби фуқаролар ҳам меҳр-эътибордан четда эмас.
Умид ва мақсадларим кўп. Оёғимни даволатганимиздан кейин қўлтиқтаёқларни
ташлаб, эркин юрсам, орзуларимни амалга ошираман.
Эзгу
саъй-ҳаракатлар Ирода каби минглаб бемор йигит-қизларнинг юқори технологик
жарроҳлик амалиётлари, қимматбаҳо дори-дармонлар ва реабилитация курсларини
мутлақо бепул олишига кафолат бўлди. Инсонпарварлик тадбирлари янгича ёндашув —
“хонадонбай” тизими асосида ҳам ташкил этилиб, тиббий ёрдамга муҳтож
беморларнинг уйларига тўғридан тўғри кириб бормоқда.
—
Вилоятимизда юқори технологияли жарроҳлик амалиётига муҳтож 200 га яқин
болажонни даволашга киришилган, — дейди Навоий вилояти соғлиқни сақлаш
бошқармаси бошлиғи Нурали Сафоев. — Бундан ташқари, 100 га яқин онкологик
беморни даволаш, жарроҳлик амалиёти ўтказиш, шунингдек, буйрак ва жигар
трансплантацияси бўйича ҳам амалий ишлар қилинмоқда. Бугунги кунгача
вилоятимизда 20 дан зиёд бола тиббиёт муассасаларига жойлаштирилди. Икки кун
давомида ўн болада жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Мазкур жараён режа асосида
давом этмоқда. Албатта, бу эзгу ишлар “Инсон қадри” тамойили асосида тиббиёт
соҳасидаги ислоҳотларнинг узвий қисмидир.
Икки
ёшли Солиҳа Сайфуддинова туғма юрак нуқсони билан дунёга келган. Унинг
ота-онаси пул йиғиб, қизида жарроҳлик амалиёти ўтказишига эришди. Бироқ ёндош
касалликлар ҳам безовта қилгани боис, у яна даволаниши керак эди. Хайрли тадбир
Солиҳанинг соғлиғи янада яхшиланиши учун ажойиб имкон бўлди.
—
Фарзандим соғлом ҳаётга қайтишига катта ёрдам берилди, — дейди Солиҳанинг онаси
Шоира Абдиева. — Даволаниш, дори-дармон ҳаммаси текин. Бундан жуда хурсандмиз.
Фарзандим келажакда юрт тараққиётига хизмат қиладиган инсон бўлишига ишонаман.
Хатирчи
туманида ҳам эзгу ишлар кенг қулоч ёзди. Белгиланган тоифага мос келадиган
хаста болажонлар текин даволаниши учун ваучерлар топширилди.
—
Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган ва ёлғиз яшовчи 1915 та оилага 12
турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари берилди, — дейди Хатирчи тумани “Инсон” ижтимоий
хизматлар маркази директори Алишер Баҳриддинов. — Давлат таъминотидаги 1911 та
оила ҳамда ёлғиз фуқароларга озиқ-овқат жамланмалари етказилди. Ижтимоий
ҳимояга муҳтож 22 боланинг омонат ҳисобварағига пул ўтказилди. Оғир хасталикка
чалинган 99 беморга махсус ваучерлар берилди.
Бу
каби амалий ишлар халқимизнинг асрлар оша амал қилиб келган қадриятларига
янгича қувват берди. Муборак айёмнинг мазмун-моҳияти инсонларга меҳр кўрсатиш,
эҳтиёжмандларга ёрдам бериш каби эзгу фазилатлар эканини яна бир бор намоён
этади.
Навоий вилоятида бундай тадбирлар давом этмоқда. Муҳими, меҳрга ташна қалбларда эртанги кунга ишонч янада мустаҳкамланяпти.
Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири