Тошкент вилоятининг Тошкент туманида яшовчи, 1984 й.т. шахс тегишли лицензияга эга бўлмаган ҳолда, алдов йўли билан пойтахтлик фуқаронинг ишончига кириб, ўзининг танишлари орқали уни Саудия Арабистонига “Умра” зиёратига юбориш эвазига 1100 АҚШ доллари талаб қилади.

Натижада, мазкур шахс 1 минг АҚШ доллари ва 1,2 млн сўм пул маблағини олган вақтида ДХХ, ИЖҚКД ва ИИВ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Шу каби ноқонуний ҳолат Фарғона вилоятида ҳам кузатилди. Жумладан, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Данғара туманида фаолият юритувчи туристик фирма менежери 2 нафар учкўприклик фуқарони “Умра” сафарига юбориш эвазига 2200 АҚШ доллари олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракати фош этилди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.