Тадбирни университет ректори Феруза Мадрахимова очиб берди. Ректор ўз табрик нутқида университетнинг илмий-маърифий салоҳиятини янада юксалтириш, ёш авлодга пухта билим ва муносиб тарбия беришда устоз ва мураббийларнинг беқиёс ўрни борлигини алоҳида таъкидлаб, университет жамоасини касб байрами билан самимий муборакбод этди.
Байрам тадбирида Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Шерзод Бердиев ҳамда Хоразм вилояти прокурори ўринбосари Худайберди Норқобилов иштирок этиб, профессор-ўқитувчилар ва мураббийларни байрам билан қутладилар ҳамда уларга эзгу тилакларини билдирдилар.
Тадбир давомида таълим ва илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар муносиб тақдирланди. Уларга «Олий таълим аълочиси» кўкрак нишони, Хоразм вилояти ҳокимининг Фахрий ёрлиқлари, Хоразм вилояти прокурорининг Фахрий ёрлиғи, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шариповнинг Фахрий ёрлиқлари, Урганч давлат университетининг Фахрий профессор дипломлари ҳамда ректорнинг Фахрий ёрлиқлари тантанали равишда топширилди.
Байрамнинг бадиий қисмида Ўзбекистон халқ ҳофизи, профессор Очилбек Матчанов, «Шуҳрат» медали соҳибаси Хуршида Эшниязова, «Шуҳрат» медали соҳиби Улуғбек Бобожонов, хонанда Ҳилола Бобожонова, шунингдек, университет Санъат кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилиб, йиғилганларга байрамона кайфият улашилди.
Тадбирнинг энг ҳаяжонли ва унутилмас лаҳзаларидан бири университет мадҳиясининг илк бор ижро этилиши бўлди. Мадҳия университетнинг «ЖАЙҲУН» оркестри ҳамда профессор-ўқитувчилар ижросида янграб, тантанага ўзгача руҳ ва кўтаринкилик бағишлади.
Тантанали тадбирдан сўнг устоз ва мураббийлар учун байрам дастурхони ёзилди. Самимий суҳбатлар, куй-қўшиқлар ва рақслар байрам шукуҳини янада ошириб, иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.