Буюк Британия, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Хитой Халқ Республикаси, Корея ва Германиядаги олий таълим ташкилотлари билан таълим йўналишида мустаҳкам кўприк ўрнатилган.

Жорий йилда олий таълим тизимида дунёнинг топ 500 талик рўйхатидан ўрин олган Малайзия, Япония, Чехия, Швесария, Италия, Франция, Германия, Голландия ва Финляндия университетлари билан ҳам ана шундай ҳамкорлик ўрнатиш режалаштирилган.

Шу мақсадда 2025 йилда Италиянинг Тренто университети билан музокаралар олиб борилиб, университетимиз вакиллари мазкур даргоҳда бўлиб қайтишди. Унда икки олий таълим муассасаси ўртасидаги илмий-академик ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Тренто университети Психология ва когнитив фанлар департаменти билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Меморандум доирасида талабалар алмашинуви дастурини йўлга қўйиш, психология, педагогика, инклюзив таълим ва инновацион методика таълим йўналишлари профессор-ўқитувчилари учун 144 соатлик малака ошириш курсларини ташкил этиш, PhD докторантура учун қўшма илмий раҳбарлик ва ҳимоя дастурларини очиш, магистратура таълимида дуал моделни йўлга қўйиш, талабалар учун ёзги мактаблар ташкил этиш масалалари келишиб олинди.

Мазкур ҳамкорлик доирасида яқинда Италиянинг Тренто университети раҳбарияти бошчилигидаги делегация университетимизда меҳмон бўлди. Икки томон вакиллари Cотутелле дастурлари доирасида Тренто университетида 6 ойлик илмий дастурларда таҳсил олаётган PhD талабалар сонини ошириш, бакалавриат ва магистратура босқичларида академик мобилликни йўлга қўйиш, когнитив фанлар ва нейрофанлар йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш, магистратура ва битирувчи босқич талабалари учун ёзги дастурлар ва хорижий профессор-ўқитувчилар иштирокида маърузалар ташкил этиш, Эрасмус+ грант лойиҳалари доирасида талабалар иштирокини кенгайтириш каби масалаларни келишиб олишди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 10–24 март кунлари Амалий психология кафедраси профессор-ўқитувчилари Тренто университетида ташкил этилган малака ошириш дастурида иштирок этиб, ушбу нуфузли олий таълим муассасасининг PhD босқичига муваффақиятли қабул қилинди.

Таъкидлаш керакки, ушбу олийгоҳ дидактика, тадқиқот ва халқаро ҳамкорлик борасида юқори натижаларга эга. Тренто университети Европа ва бутун дунё бўйлаб 400 дан ортиқ университетлар билан мобиллик дастурлари, ёзги ва қишки мактаблар ҳамда қўшма ўқув лойиҳалари орқали ҳамкорлик қилади. Университетимизнинг улар билан ҳамкорлиги эса профессор-ўқитувчиларимиз ҳамда талабаларимизнинг илмий салоҳиятини янада ошириш, халқаро илмий тадқиқотларда фаол иштирок этиш имконини яратади.

Қайд этиш керакки, ўтган йили Қозоғистон, Озарбайжон ва Тожикистон давлатларининг турли ҳамкор университетлари билан имзоланган меморандумлар асосида 147 нафар талаба академик мобиллик бўйича таълим олди. 54 нафар талабамиз бир семестр мобайнида Жанубий Корея, Туркия ва Қозоғистон давлатларининг нуфузли университетлари академик мобиллик дастурида қатнашиб қайтди. 122 нафар профессор-ўқитувчилар академик мобиллик бўйича Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Туркия давлатларида ташкил этилган халқаро конференцияларда иштирок этди. 142 нафар профессор-ўқитувчилар Буюк Британия, Корея, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Малайзия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркиядаги нуфузли университетларда малака оширишди.

Буюк Британиянинг нуфузли таълим муассасалари — The University of Cambridge ва The University College London билан меморандум имзоланди ва стратегик ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилиб, 26 нафар профессор-ўқитувчилар уларда стажировка ўтади.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети сўнгги йилларда халқаро ҳамкорликни тизимли равишда кенгайтириб, уни таълим сифати, илмий тадқиқотлар ва кадрлар салоҳиятини оширишнинг муҳим омилига айлантирмоқда. Турли давлатлар билан ўрнатилган кенг қамровли алоқалар, нуфузли университетлар билан имзоланган меморандумлар, талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг академик мобиллиги, шунингдек, Тренто университети каби илғор таълим муассасалари билан амалий ҳамкорликлар университетнинг глобал таълим маконига интеграциясини янада кучайтирмоқда. Бу жараёнлар нафақат таълим жараёнини замонавийлаштириш, балки инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этиш, халқаро тажриба алмашинувини ривожлантириш ва университетнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Мансур Ҳасанов,

ЎзМПУ Ахборот ва медиа

хизмати масъул ходими