Жамият тараққиётининг асосий мезони ҳам айнан шу. Давлатнинг қудрати унинг иқтисодий салоҳияти ёки бунёдкорлик кўлами билангина ўлчанмайди. Балки аҳолининг барча қатламларига тенг имконият яратиши, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаб, ҳар бир фуқаро ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис қилиши учун муносиб шарт-шароит яратилганида кўринади. Зеро, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ҳаёт сифатини оширишга қаратилган изчил сиёсат барқарор тараққиётнинг муҳим омилидир.
Янги Ўзбекистонда айнан шу мезон давлат сиёсатининг бош тамойилига айланди. “Инсон қадри учун” деган ғоя бошқарувнинг янги фалсафаси сифатида ҳаётга кириб келди. Мазкур ўзгаришларни яққол намоён этаётган соҳалардан бири, шубҳасиз, ижтимоий ҳимоя тизимидир. Ушбу тизимдаги ўзгаришлар аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизматлар қамрови ва сифатини ошириш, ҳар бир фуқарога муносиб турмуш шароитини яратишга қаратилгани билан аҳамиятли. Бугун соҳадаги ислоҳотлар фақат ёрдам кўламини кенгайтириш билан чекланмай, инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши учун мустаҳкам кафолатлар яратишга хизмат қилмоқда.
Яқин-яқингача ижтимоий ҳимоя деганда кўпчиликнинг тасаввурида нафақа тайинлаш, моддий ёрдам ажратиш ёки имтиёз бериш гавдаланарди. Аслида, эҳтиёжманд инсоннинг муаммоси кўпинча битта ёрдам билан ҳал бўлмайди. Унинг саломатлиги, бандлиги, оилавий муҳити, руҳий ҳолати, фарзандларининг таълими — буларнинг барчаси ўзаро боғлиқ масалалар.
Шу боис, Президентимизнинг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан ташкил этилган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бутунлай янги ёндашувни ҳаётга татбиқ этди. Илгари турли вазирлик ва идораларга бўлиниб кетган хизматлар ягона тизимга бирлаштирилди. Натижада инсон бир муаммо билан бир неча идора эшигини қоқадиган давр ортда қолмоқда.
Наманган вилоятида мазкур йўналишдаги ишлар бу ислоҳотларнинг амалий натижасини яққол намоён этмоқда. Бугунги кунда вилоятда ногиронлиги бўлган 85,6 минг шахс, кам таъминланган 54 мингдан ортиқ оила, минглаб етим болалар ҳамда ёлғиз кексалар ижтимоий ҳимоя тизимининг доимий эътиборида. Муҳими, энди уларнинг ҳар бири статистика эмас, балки алоҳида тақдир сифатида кўрилмоқда. Буни “кейс менежмент” тизими мисолида ҳам кўриш мумкин. Сўнгги уч йил давомида 46 минг 800 дан ортиқ фуқаро бўйича индивидуал ишланиб, 500 мингдан зиёд ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатилди. Бу шунчаки ярим миллион хизмат дегани эмас. Бу ярим миллион маротаба инсон муаммосини тинглаш, эҳтиёжини аниқлаш ва ечим топишга уриниш деганидир.
Поп тумани “Поп” МФЙда яшовчи 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган Раҳбаржон Фозилов ўзи ва оиласига кўрсатилган комплекс ижтимоий хизматлар ҳақида бундай дейди:
“Оиламизга кўрсатилган ёрдамлар биз учун жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Аввал айрим муаммоларимизни қандай ҳал қилишни билмай, анча қийналардик. Бугун эса кўплаб масалаларимиз ечим топганидан хурсандман. Турмуш ўртоғим билан никоҳимиз расман қайд этилди, эркин ҳаракатланишим учун электрон юритмали ногиронлик аравачаси берилди. Оиламиз камбағаллик реестрига киритилиб, болалар нафақаси тайинланди, фарзандларим мактабгача таълим ташкилотига имтиёзли жойлаштирилди. 1-гуруҳ ногиронлигим сабабли қаровчилик расмийлаштирилиб, онамга қаровчи сифатида меҳнат стажи белгиланди. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишим учун электр тармоғи тортиб берилгани мен учун катта имконият бўлди. Энг қувонарлиси, адаптив спорт — пара стол теннисига жалб этилиб, мусобақаларда совринли ўринларни эгаллаб келмоқдаман.
Бундан ташқари, коммунал хизматлар бўйича компенсациялар, моддий ёрдам, тиббий кўрик ва даволаниш хизматларидан ҳам фойдаландик. Ҳозир қуёш панели ўрнатиш учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда. Мен учун энг муҳими — бизга шунчаки ёрдам бериб қўйишмади, балки келажакка ишонч билан қарашимиз, ўзимизни тиклашимиз ва имкониятларимиздан фойдаланишимиз учун шароит яратишди”.
Шунингдек, болалар манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ёндашув тубдан ўзгарди. Илгари муассаса болага бошпана бўлса, бугун оиланинг ўрнини ҳеч нарса боса олмаслиги асосий тамойилга айланди. Шу сабабли сўнгги йилларда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум 4 мингдан ортиқ бола васийлик, ҳомийлик, патронат ва оилавий болалар уйларига жойлаштирилди. Энг эътиборлиси, биргина 2025 йилда 890 бола ўз оиласига қайтарилди.
Давлатнинг ижтимоий сиёсати инсоннинг келажагини ҳам ўйлайди. Шу боис, уй-жойга муҳтож бўлган 66 етим ёш янги хонадон билан таъминланди. 139 йигит-қизга олий таълимда ўқиш учун имтиёз берилди. Зотан, ҳақиқий ижтимоий ҳимоя инсонни умрбод ёрдамга қарам қилиб қўйиш эмас, балки унинг мустақил ҳаёт кечириши учун имконият яратишдир.
Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар айнан шу мақсадга хизмат қилмоқда. Бугун эътибор фақат пенсия ёки нафақага эмас, балки уларнинг жамиятдаги фаол иштирокига қаратилган. Адаптив спортнинг ривожлантирилаётгани, инклюзив таълим кенгаяётгани, бандлик дастурлари амалга оширилаётгани бунинг амалий ифодаси саналади. Биргина 2025 йилда ногиронлиги бўлган 10 минг 649 фуқаронинг иш билан таъминлангани муҳим натижа бўлди. Чунки иш ўрни нафақат даромад манбаи, балки инсоннинг жамиятдаги ўрнини, ўзига ишончини тиклайдиган энг муҳим омилдир.
Реабилитация тизимида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Агар 2023 йилда вилоятда 3 мингдан ортиқ протез-ортопедия мосламаси ва реабилитация воситаси етказилган бўлса, 2025 йилга келиб 10 мингдан ошди. Бу минглаб инсонларнинг мустақил юриши, меҳнат қилиши ва фаол ҳаёт кечириши учун яратилган имкониятдир.
Наманган вилоятида 2026 йилнинг дастлабки олти ойи ҳам тизим изчил ривожланаётганини кўрсатмоқда. Минглаб фуқаролар ногиронлик экспертизаси ва реабилитация хизматларидан фойдаланди. Тўрт мингдан ортиқ фуқаро замонавий протез ва техник воситалар билан таъминланди. “Тенг имконият — инклюзив бандлик” дастури орқали ногиронлиги бўлган қарийб уч минг киши ишли бўлди.
Бундан ташқари, Президентимизнинг 2026 йил 5 февралдаги “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори минглаб инсонларнинг ҳаётида туб бурилиш ясади. Наманган вилоятида бу борада аҳоли даромадларини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган янги чора-тадбирлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Қарорда ижтимоий реестрга киритилган, 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган ва меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган оилаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, хонадонларини энергия тежамкор ҳолатга келтириш, жумладан, қуёш панеллари ўрнатиш орқали энергия самарадорлигини ошириш ва қўшимча даромад манбаларини яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Тўрақўрғон туманида истиқомат қилувчи 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган Зуҳра Қирғизованинг хонадони Президентимизнинг ушбу қарори ижроси доирасида энергия тежамкор уйга айлантирилди. Мазкур қарор асосида хонадоннинг яшаш шароитлари яхшиланиб, 5 кВт. қувватга эга қуёш панели ўрнатилди.
— Ижтимоий ходим бир куни хонадонимизга янги қарор ҳақидаги хабар билан кириб келди ва тез кунларда менга кўрсатилган ёрдам ва кўмаклар туфайли ҳаётим буткул ўзгариб кетди. Чунки ногиронлигим борлиги сабаб, айниқса, ёмғирли ва ноқулай об-ҳаво шароитида ҳовлида ҳаракатланишга жуда қийналардим. Уйимизда деярли шароит йўқ эди. Ҳозир хонадонимиз анча қулай ва замонавий кўринишга келди. Айниқса, ҳамма шароитга эга санузель айнан уй ичида қуриб берилгани мендек одам учун катта қулайлик бўлди. Албатта, бизга бошқа йўналишларда ҳам кўмаклар кўрсатилди. Болалар нафақаси тайинланди, “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали ёрдам берилди, тиббий, психологик ва ҳуқуқий хизматлардан фойдаландик. Фарзандим спорт тўгарагига жалб қилинди. Буларнинг барчаси оиламиз ҳаётига ижобий таъсир кўрсатди, — дейди З. Қирғизова.
Ижтимоий ҳимоя соҳасида ёндашув тобора кучаймоқда. Муаммо юзага келгандан кейин чора кўриш билан чекланмасдан, унинг олдини олишга қаратилган механизмлар изчил такомиллаштирилмоқда. “Ижтимоий реестр” орқали эҳтиёжманд оилаларни манзилли аниқлаш, “Ёшларга ҳамроҳлик” дастури асосида етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли яшайдиган хонадонларни энергия тежамкор қилиш, ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларини ташкил этиш шулар жумласидандир.
Бу борада Давлатобод туманида фаолият бошлаган ҳудудий Ижтимоий хизматлар маркази тизимдаги янгича ёндашувнинг амалий ифодаси бўлди. Эндиликда фуқаролар турли идоралар остонасида овора бўлиш ўрнига ўзларига зарур ижтимоий хизматларни бир жойнинг ўзида олиш имкониятига эга. Бу эса хизматлардан фойдаланишни янада қулайлаштириш, вақт ва ортиқча оворагарчиликнинг олдини олиш билан бирга аҳолининг давлат хизматларига ишончини мустаҳкамлаяпти.
Ижтимоий ҳимоя соҳасида эришилган натижаларни фақат рақамлар ёки ҳисоботлар орқали баҳолаб бўлмайди. Албатта, статистик кўрсаткичлар амалга оширилган ишлар кўламини акс эттиради. Бироқ ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси инсонлар ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришларда намоён бўлади. Оила бағрига қайтган боланинг юзидаги табассум, муносиб иш ўрнига эга ногиронлиги бўлган фуқаронинг эртанги кунга ишончи, мустақил ҳаёт учун ўз уйига эга бўлган етим ёшларнинг қувончи, ёлғиз кексанинг ўзини эътибор марказида ҳис этиши ана шу ўзгаришларнинг энг таъсирчан ифодасидир.
Ижтимоий ҳимоянинг пировард мақсади инсонни доимий кўмакка муҳтож ҳолатда сақлаб қолиш эмас, балки унга муносиб ҳаёт кечириш, ўз имкониятларини рўёбга чиқариш ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун мустаҳкам замин яратишдан иборат.
Шу маънода, Ўзбекистонда шаклланаётган ижтимоий ҳимоя тизими инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг узвий қисми сифатида тобора такомиллашиб бормоқда. Бу йўлдаги ҳар бир ташаббус, яратилаётган ҳар бир янги механизм ва кўрсатилаётган ҳар бир манзилли хизмат битта эзгу мақсадга — фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашга йўналтирилган. Зеро, инсон ўзини ҳимояланган, қадрланган ва давлат эътиборида эканини ҳис қилган жамиятдагина тараққиёт барқарор, ислоҳотлар эса халқчил ва ҳаётий аҳамият касб этади.
Иброҳим ХОДЖИЕВ,
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи