Суҳбат чоғида 2025 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, Ижроия кенгашининг “Глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни сақлаш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида”ги қарор лойиҳасини тайёрлаш ва қабул қилиш, 2027 йилда Хива шаҳрида халқаро симпозиум ташкил этиш, шунингдек, ташкилот Ижроия кенгашининг октябрь сессияси кунларида ЮНЕСКО қароргоҳида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тақдимотини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Ижроия кенгаши раиси Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан фаол ҳамкорлигини, мамлакатнинг маданий, илмий ва маънавий меросини халқаро майдонда оммалаштиришга қаратилган ташаббусларнинг конструктив хусусиятини юқори баҳолади.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ташаббуси билан тайёрланган лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди. ЮНЕСКО Ижроия кенгаши раиси кўтарилган мавзуларнинг долзарблигига эътибор қаратиб, замонавий глобал таҳдидлар шароитида маданий меросни асраб-авайлаш масалалари халқаро ҳамжамият учун тобора муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар глобаллашув, иқлим ўзгариши, урбанизация ва сайёҳлар оқимининг ортиши шароитида маданий меросни асраб-авайлаш масалаларига жаҳон жамоатчилиги эътиборини янада кучайтиришга қаратилган.
Ушбу ташаббусларнинг амалий давоми сифатида 2027 йилда Хивада маданий меросни сақлаш масалаларига бағишланган халқаро симпозиумни ўтказиш кўзда тутилмоқда. Бу тадбир соҳадаги долзарб муаммоларни экспертлар даражасида муҳокама қилиш, илғор тажриба ва самарали ёндашувлар билан алмашиш учун муҳим халқаро майдон яратади.
Муҳокамалар жараёнида томонлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тақдимотига тайёргарлик кўриш масалаларига ҳам алоҳида тўхталди. Ташкилот раиси таъкидлаганидек, ушбу тақдимот аъзо давлатлар, Котибият вакиллари ва халқаро экспертлар ҳамжамиятини Ўзбекистонда ислом цивилизацияси меросини сақлаш ва ўрганиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан таништириш учун муҳим имкониятдир.
Учрашув якунида томонлар ЮНЕСКО доирасида Ўзбекистон ташаббусларини илгари суриш ва режалаштирилган тадбирларни юқори савияда ташкил этиш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.