Ёш ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, Ватан тарихи, миллий қадриятлар ва маънавий меросга оид билимларини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган танловда вазирликнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларидан сараланган 18 та жамоа иштирок этди.

Қизғин ва муросасиз кечган беллашувлар якунига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Тошкент шаҳар ИИББ жамоаси иккинчи, Навоий вилояти ИИБ жамоаси эса учинчи ўрин соҳиби бўлди.

Ғолиб ва совриндорлар диплом, кубок, медаллар, эсдалик совғалари ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди. Шунингдек, ғолиб жамоага Қуролли Кучлар тизими ўртасида ўтказиладиган “Аждодлар изидан” интеллектуал танловининг республика финалида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи махсус йўлланма топширилди.

Мазкур танлов ёш ходимларда тарихий хотира, миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, уларнинг билим ва тафаккур салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилди.