Тадбир БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича
кенгашининг 62-сессияси доирасида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ҳамда минтақавий ҳуқуқни
ҳимоя қилиш тизимлари иштирокида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати
ҳамташкилотчилардан бири сифатида иштирок этди.
Шунингдек, ҳамташкилотчилар қаторидан
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий
комиссари Бошқармаси, Европа Кенгаши, Африка
Иттифоқи, Америка давлатлари ташкилоти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Араб хартияси
қўмитаси ўрин олди.
Тадбир геосиёсий кескинлик,
нормаларни танлаб талқин қилиш ва фуқаролик маконининг торайиши шароитида инсон
ҳуқуқларининг универсаллиги, бўлинмаслиги ҳамда ўзаро боғлиқлиги тамойилини
тасдиқлашга бағишланган панель муҳокамаси шаклида ўтди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, миллий институтларни
мустаҳкамлаш ҳамда халқаро ва минтақавий ҳуқуқни ҳимоя қилиш механизмлари билан
конструктив ҳамкорликни ривожлантириш соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларни
изчил амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг тажрибаси универсал халқаро
стандартларни амалиётга татбиқ этишнинг муваффақиятли намуналаридан бири
сифатида қайд этилди.
Интерфаол сессия давомида давлатлар,
минтақавий ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакиллари билан глобал ҳамда
минтақавий инсон ҳуқуқлари механизмларининг ўзаро ҳамкорлигига доир амалий
жиҳатлар юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир якунлари Ўзбекистон учун мамлакат
вакилларининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг шунга ўхшаш тадбирларидаги
иштирокини давом эттириш ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари
Бошқармаси ва минтақавий инсон ҳуқуқлари тизимлари билан ҳамкорликда
тадбирларни ташкил этиш амалиётини ривожлантириш мақсадга мувофиқ эканини
кўрсатди.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари
соҳасидаги миллий ташаббусларни илгари суриш учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича
кенгаши майдонидан фойдаланиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон
Республикаси
Миллий маркази матбуот хизмати.