Карвоннинг туяларга юкланган ипак, зираворлар, тилла, кумуш ва бошқа қимматбаҳо моллари кўзни қамаштиради.

ХI асрда Скандинавиядан анча йироқда — Бухоро ёки Самарқандга хос манзара бўлса-да, бу аслида илк ўрта асрларда Европани Марказий Осиё билан боғлаб турган улкан халқаро савдо тармоқларининг бир кўриниши эди.

Викинглар даври (IX–XI асрлар)даёқ ҳозирги Швеция ҳудудидан одамлар Евроосиёнинг дарё тизимлари бўйлаб Шарққа ҳаракатланиб, Буюк ипак йўлининг йирик марказларига, жумладан, Самарқанд ва Бухорога интилган. Швеция ҳудудидан сомонийлар сулоласи даврида ишлаб чиқарилган юзлаб кумуш тангаларнинг топилиши мамлакатимизнинг Ўзбекистон билан узоқ тарихий алоқаларига гувоҳлик бериб турувчи далилдир. Замонавий илмий тадқиқотларга кўра, Бухоро ва Самарқанддан келтирилган кумуш тангалар нафақат савдо муносабатларини ривожлантириш, балки ўша даврдаёқ Скандинавияда кумуш ва бошқа металларни қайта ишлаш технологиялари ривожига ҳам ҳисса қўшган.

Тарих давомида халқларимиз ўртасидаги алоқалар турли шаклларда намоён бўлиб келган. XVIII асрдаги Полтава жангидан кейин шведлар шарқий ҳудудлар билан янгича усулда алоқа ўрната бошлади. ХX аср бошларида Свен Хедин каби тадқиқотчи ва географлар Европада Марказий Осиё ҳақидаги билимларни янада бойитишга хизмат қилган.

Ушбу тарихий нигоҳ бизга муҳим бир ҳақиқатни эслатади: мамлакатларимиз ва минтақаларимиз ўртасидаги муносабатлар кеча пайдо бўлмаган, улар чуқур илдизларга таянади.

Бугун Ўзбекистон ва Швеция мана шу минг йиллик алоқаларни янги босқичга олиб чиқмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро эътибор ва эътирофга сазовор бўлган муҳим ислоҳотларни амалга оширди. ­Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон иқтисодиётни модернизация қилиш, бизнес ва инвестиция муҳитини яхшилаш, ижтимоий соҳани ислоҳ этиш ҳамда давлат институтларини такомиллаштириш йўлида изчил қадамларни давом эттирмоқда.

Швецияда ҳам бу тараққиёт ўз эътирофини топмоқда. Буни, хусусан, швед компанияларининг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб, ўзаро делегациялар алмашинуви кенгайиб бораётганида кўриш мумкин. Таълим, миграция ва реинтеграция соҳаларида грант дастурлари орқали янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Давлатларимиз миграция соҳасида кенг қамровли ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолашга жуда яқин турибди. Ушбу ҳужжатнинг аҳамияти шундаки, Ўзбекистон Швеция билан бундай турдаги келишувни имзолайдиган илк шерик давлат бўлади.

Ўзбекистондаги кенг ижобий ўзгаришлар Марказий Осиёдаги жараёнларга ҳам бевосита таъсир кўрсатмоқда. Минтақа бугун цивилизациялар ўртасидаги муҳим кўприк сифатида қайта намоён бўлмоқда. Юз йиллар давомида глобал алмашинув маркази бўлган Марказий Осиё XXI асрда савдо, энергетика, транспорт ва ҳамкорликнинг муҳим марказига айланиб бормоқда.

Ўзининг стратегик жойлашуви, ислоҳотларга йўналтирилган тараққиёт стратегияси ва кучли интилиши билан Ўзбекистоннинг мазкур жараёнлар тизимидаги аҳамияти, айниқса, муҳим. Минтақа қоқ марказида жойлашган мамлакат Марказий Осиёнинг барқарор ва конструктив иштирокчиси, минтақавий ва халқаро ҳамкорлик ҳамда барқарор тараққиётни изчил илгари сураётган актор сифатида ўзини тобора ишончли намоён этмоқда.

Европа, жумладан, Швеция учун бу теран ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш учун муҳим имкониятдир. Янада чуқур ва амалий ҳамкорлик, хусусан, савдо, инвестиция, инновация ва барқарор ривожланиш соҳаларида янги имкониятларни яратишимиз мумкин. Бундай ҳамкорлик икки томон учун ҳам амалда ўзаро манфаатли бўлиши табиий: унинг бир тарафида аниқ тараққиёт стратегиясига эга ва бардавом иқтисодий ўсишдаги, катта инсон капитали ва бой табиий ресурсларга эга Ўзбекистон бўлса, иккинчи тарафда юқори технологияли компаниялар ва илғор билимларга эга Швеция турибди.

Ишончим комилки, глобал миқёсда эътироф этилган швед компаниялари Ўзбекистондаги саноатни модернизация қилиш ва барқарор ривожланишга сезиларли ҳисса қўша олишга қодир. Хусусан, ушбу масалалар шу йил 13 март куни Швеция Ташқи ишлар вазирлигида икки мамлакатнинг кончилик соҳаси корхоналари ўртасида ўтказилган бизнес семинарида қизғин муҳокама қилинди.

Бироқ бизнинг муносабатларимиз фақат иқтисодиётга асосланмайди. Ҳамкорлигимиз инсонлар ўртасидаги алоқалар орқали янада мустаҳкам бўлиши мумкин. Бу борада биз ҳали тўлиқ ўрганиб улгурмаган ва ўз муддатини кутиб турган катта салоҳият мавжуд. Бунинг сабаби шуки, яқин даврга қадар биз бир-биримиз ҳақида жуда кам маълумотга эга бўлганмиз ва баъзан ҳақиқатдан анча йироқ тасаввур ва стереотиплар билан яшаб келганмиз.

2024 йили Ўзбекистонга илк бор ташрифим давомида юқори даражадаги меҳмондўстлик ва самимият гувоҳи бўлдим. Бу менда чуқур ва унутилмас таассурот қолдирди. Ушбу мамлакатнинг бой тарихи, Буюк ипак йўлининг муҳташам шаҳарларидан тортиб, ранг-баранг анъаналаригача — буларнинг барчаси кучли миллий ўзлик ва ифтихор маданияти инъикоси эканини англадим.

Сафарим давомида мен яна бир муҳим ҳақиқатни англаб етдим: Ўзбекистон нафақат қадимий ўтмишга эга юрт, балки ишонч билан келажак сари интилаётган давлатдир.

Сўнгги йилларда Швеция ва Ўзбекистон, шунингдек, минтақаларимиз ўртасида парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида фаол ишлаш шарафига муяссар бўлдим. Шу билан бирга, Тошкентда Швеция элчихонаси очилса, аминманки, бу нафақат Швециянинг дипломатик ва сиёсий, балки ушбу стратегик минтақадаги иқтисодий манфаатларига ҳам хизмат қилади.

ЕХҲТ Парламент ассамблеяси доирасида биз Шимол-Болтиқ минтақаси ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги мулоқотни анча фаоллаштиришга муваффақ бўлдик. Мунтазам учрашувлар ва қўшма ташаббуслар орқали тажриба алмашиш ҳамда чуқур ҳамкорлик учун платформалар ишлаб чиқдик. Бу эса бир-биримизни янада яхши англаш ва тушунишга ёрдам бериб келмоқда.

Швеция парламентидаги Марказий Осиё бўйича дўстлик гуруҳи раҳбари сифатида Риксдагда бизнес-семинарлар ҳам ўтказиб келаман. Ушбу ташаббуслар швед компанияларининг Ўзбекистон ва бутун минтақа бозорига кириб келиши учун инвестициявий ва технологик ҳамкорликнинг янги форматини кашф қилиш учун қўшимча имкониятлар яратмоқда.

Ҳамкорлигимиз кун тартибини Ўзбекистоннинг бой ва жозибадор сайёҳлик салоҳиятини Швецияда кенг тарғиб қилиш орқали янада мустаҳкамлашга келишиб олдик. Яқин орада биз ушбу мавзуга бағишланган йирик тадбир ўтказишни режалаштирдик.

Шу йил 24 март куни “Швеция — Марказий Осиё” гуруҳи Стокгольмда — Риксдаг биносида Ўзбекистоннинг диний экстремизмга қарши курашиш, динлараро мулоқотни ривожлантириш ва террористик ташкилотларнинг собиқ аъзоларини реинтеграция қилиш борасидаги ­саъй-ҳаракатларига бағишланган семинарга мезбонлик қилди.

Ўта қизиқарли кечган ушбу тадбирда Ўзбекистондан нуфузли делегация, жумладан, Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар ва бошқа диний конфессиялар раҳбарлари иштирок этди.

Семинар Швецияда юқори баҳоланди ва Ўзбекистоннинг тинчлик, барқарорлик, мулоқот ва ижтимоий ривожланишни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини янада чуқур ва теран англаш имконини берди.

Мазкур тадбир “Тинчлик, аввало, уйдан бошланади” деган ҳақиқатни яна бир марта намоён қилди: Ўзбекистонда 130 га яқин миллат ва элат 16 та диний конфессия вакилларининг тинч-тотув яшашини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар, айниқса, мамлакатнинг мураккаб геосиёсий жойлашувини ҳисобга олганда, алоҳида эътирофга лойиқ.

Семинар Швеция ва Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этувчи “Биз бир-биримиздан ўрганишимиз мумкин бўлган жиҳатлар жуда кўп экан” деган хулосани ҳам олиш имконини берди.

Швеция ва Ўзбекистон бир-биридан узоқ географик маконларда жойлашган ҳамда ўз тараққиёт йўлидан бораётган мамлакатлар бўлса-да, барқарорлик, тараққиёт ва фаровонликка интилиш каби мақсадларимиз муштарак. Сиёсий мулоқот, бизнес, таълим, маданият ва хавфсизлик каби соҳаларда ҳамкорлигимизни чуқурлаштириш орқали узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли, турли стереотиплар ва нарративлардан холи шерикликни барпо этишимиз мумкин.

Бугун биз шериклик, ўзаро ҳурмат ва умумий манфаатларга асосланган янги кўприкларни қуриш учун ажойиб имкониятларга эгамиз. Эзгу ғоялар ва қўшма саъй-ҳаракатлар орқали мамлакатларимиз манфаатларига бирдек хизмат қиладиган ижобий натижаларга эриша олишга ишончим комил.

Биз буни қўлдан бой бермаслигимиз зарур.

Бьёрн СЁДЕР,

Швеция парламенти (Риксдаг) аъзоси,

Риксдагнинг “Швеция — Марказий Осиё”

дўстлик гуруҳи аҳбари,

Швециянинг ЕХҲТ Парламент

ассамблеясидаги делегацияси раҳбари