Мулоқот чоғида мамлакатимизнинг ушбу нуфузли спорт ташкилоти билан самарали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Давид Лаппартьян Ўзбекистоннинг велоспорт ва паравелоспортда эришган ютуқларини ҳамда юртимизда замонавий спорт инфратузилмасини ривожлантириш, ёшларни ушбу спорт тури билан шуғулланишга кенг жалб этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни алоҳида эътироф этди.
Спортчиларни тайёрлаш ва мураббийларнинг малакасини ошириш бўйича қўшма дастурларни илгари суриш, Тошкент шаҳрида Жаҳон велоспорт марказининг минтақавий филиалини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қўшма “йўл харитаси” асосида Ўзбекистонда велоспорт бўйича йирик халқаро спорт тадбирлари ва мусобақаларини ўтказиш режалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида спорт ташкилоти раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти велоспортни ривожлантириш ва оммалаштиришга қўшган улкан ҳиссаси учун Осиё велоспорт конфедерациясининг олий фахрий мукофоти – “Президент мукофоти”га сазовор бўлганини мамнуният билан маълум қилди.