Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси маълум қилди.

Жамоа кийиниш хонасидаги махсус доскага испан тилида «Muchas gracias, México! Mucha suerte en el Mundial!» («Катта раҳмат, Мексика! Жаҳон чемпионатида омад тилаймиз!») деган ёзувни қолдирди. Хабар ўзбекча «Раҳмат!» сўзи билан ҳам тўлдирилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги дебют учрашувида Колумбияга қарши майдонга тушди. Қизиқарли ва муросасиз кечган баҳс 3:1 ҳисобида Колумбия фойдасига якунланди. Ўзбекистон сафидаги тарихий илк голга Аббосбек Файзуллаев муаллифлик қилди.

Шу тариқа, миллий жамоамиз Жаҳон чемпионатидаги илк иштирокини футбол тарихидаги энг машҳур ареналардан бири — «Ацтека» стадионида бошлади.