Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси вакиллари ушбу мамлакат Миграция департаменти бош директори ўринбосари Аминудин бин Яхая билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқотда дипломатлар Ўзбекистонда визасиз кириш мумкин бўлган мамлакатлар сонини кенгайтириш ва виза жараёнларини либераллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, Ўзбекистонда хавфсиз ташқи меҳнат миграциясини ташкил этиш, хорижда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда дунёнинг 93 дан ортиқ мамлакат фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этилган, 70 дан ортиқ мамлакат фуқаролари учун эса электрон виза тизими ишга туширилган.
Учрашувда Ўзбекистон ва Малайзия давлат раҳбарларининг ўзаро расмий ташрифлари давомида эришилган келишувлар натижасида савдо-иқтисодий, туризм, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик изчил ривожланаётгани таъкидланди.
Малайзия Миграция департаменти вакили Аминудин бин Яхая Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Унинг қайд этишича, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида сайёҳлар оқими ортиб бормоқда.
Шунингдек, Малайзияда қонуний бўлиб туриш учун рухсатнома олган Ўзбекистон фуқаролари сони кўпайиб бораётгани маълум қилинди. Ўзбекистонликлар Малайзияга асосан таълим олиш ва малакали мутахассис сифатида меҳнат қилиш учун келаётгани қайд этилди.