Ҳосилнинг асосий қисми эса бугунга қадар асрлар давомида сақланиб келаётган анъанавий усул — уруғ экилганидан кейин уни сувга бостириб қўйиш технологияси орқали етиштирилади.

Бу тахминан 80-100 кун давомида шоли экинининг бир қисми сувга ботирилган ҳолда туради, дегани. Шоли етиштиришда бошқа экинларга нисбатан бир неча баро­бар кўп сув талаб қилиниши боиси шунда. Ўсимлик то пишиб етилгунига қадар бир гектарига 20 минг куб метрдан кўпроқ сув сарфланар экан. Глобал сув танқислиги ор­тиб бораётган ҳозирги шароитда ҳатто ушбу жиҳат ҳам гуручга талабни камайтирмаяпти, аксинча, унга эҳтиёж тобора ортмоқда.

Ахир шоли етиштиришни қисқартириб, одамларнинг гуруч истеъмолини чеклаш­нинг имкони йўқ. Шунчаки ўсимликни етиштириш давридаги сув сарфини ка­майтириш чораларини кўриш керак. Дунё олимлари бу борада узоқ йиллардан буён тадқиқот ўтказади. Кейинги йилларга ке­либ, ана шундай тадқиқотлар асосида янги ва замонавий ечимларнинг бир қанчаси амалиётда оммалашиб боряпти. Масалан, шолини кўчат усулида етиштириш ҳам сув сарфини қисман камайтираётган илғор тех­нологиялардан. Аммо яқинда эшитганим яна бир усул шоли етиштиришда ҳақиқий янгилик экани шубҳасиз.

Гап сув юзасида шоли етиштириш ҳақи­да боряпти. Жаҳон амалиётида бу “сузувчи шоли усули” деб ҳам аталар экан. Мамлака­тимизда илк бор жорий йил апрелда хориж тажрибаси асосида “сузувчи шоли” усулида шоли экилди. Тажриба учун юртимиздаги бир қанча балиқчилик хўжаликлари танлаб олинди.

Янги тажриба ҳақида ўқиганим ҳамон лойиҳани амалга ошираётган Шоличилик илмий-тадқиқот институтига йўл олдим. Назаримда, сув юзасида шоли етиштириш чинакам янгилик бўлиб, унинг оммалаши­ши ҳам ер майдонлари, ҳам сувни сезилар­ли даражада тежашга хизмат қилади. Бошқа жиҳатдан, янги усулнинг қай тарзда қўлла­наётгани, халқаро амалиётнинг юртимизга кириб келиши сабаблари ҳам қизиқ.

— Мамлакатимизда илм-фан ривожи, янги технологияларни қўллашдаги саъй-ҳаракатлар қишлоқ хўжалигида янгича ёндашувларни жорий этиш орқали маҳ­сулот етиштириш ҳажмини оширишга хизмат қиляпти, — дейди Шоличилик ил­мий-тадқиқот институти директори Абдул­ло Мансуров. — Давлатимиз раҳбарининг тегишли топшириқлари билан кейинги йил­ларда олимларимиз йилда икки марта ҳосил олиш, ётиб қолишга чидамли, тезпишар, кам сув талаб қиладиган шоли навларини яратиш, ҳосилдорликни ошириш каби лойиҳалар устида фаол ишлаяпти. Ўтган йили ноябрда қишлоқ хўжалиги вазири олдимизга айни йўналишда инновацияларни қўллаш, хориж тажрибасини кенгроқ ўрганиш вази­фасини қўйди. Шундан сўнг илмий ходим­ларимиз жаҳондаги умумий амалиётни ўр­ганиб, қатор давлатлар тажрибасини таҳлил қилди. Жараёнда сув юзасида шоли етишти­риш технологияси эътиборимизни тортди. Мазкур амалиёт дунё бўйича йирик гуруч етиштирувчи Хитой, Малайзия, Вьетнам, Таиланд каби мамлакатларда йўлга қўйил­ган. Бу усулда шоли одатдагидек тупроқли ерда эмас, балки табиий ёки сунъий кўллар юзасида етиштирилади. Мазкур давлатларда табиий кўллар кўплиги боис, шоли ана шу сув ҳавзалари юзасида пишиб етилади. Биз эса юртимиздаги балиқчилик хўжаликлари­да тажриба қилиб кўришга қарор қилдик. Бу технология Ўзбекистон амалиётида янгилик бўлиб, натижаси ўзимизга ҳам қизиқ. Шу боис, инновацион усулнинг амалий нати­жалари мутахассислар томонидан мунтазам ўрганиб борилмоқда.

Пўкаклар сувда соя вазифасини ҳам бажаради

Тажриба Фарғона вилояти Ёзёвон тума­ни, Наманган вилояти Мингбулоқ тумани ҳамда Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ ва Бекобод туманларидаги бир қанча балиқчи­лик хўжаликларида синовдан ўтказиляпти. Хусусан, Қуйи Чирчиқ туманидаги “TCT Fish Cluster” кластерининг балиқ парваришланадиган ҳавзаларидан бир гектари ажра­тилиб, сув юзасига шоли экилди.

Бунда шоли уруғи ёки кўчатлари тўғридан тўғри сувга солинмайди. Аввал улар махсус тувакларга эки­либ, сўнг ҳар бир тувак турли катталикдаги пўкак (пенопласт) лар орасига ўрнатилади. Кейин бу пўкаклар сув юзасига қўйилиб, бир учи ерга боғла­нади. Пўкак сувда мунтазам қалқиб тургани учун ҳам “сузувчи шоли усули”, деб таърифланади.

Мутахассисларнинг ту­шунтиришича, шоли экила­диган тувак ва пенопластлар Хитойдан олиб келинган. Улар­нинг ҳажми ва оралиқ масофаси ҳам Хитой технологияси асосида танланган. Махсус пўкакларнинг узунлиги 120, кенглиги 60 сантиметр. Ҳар бирининг устига 26 тадан тувак ўр­натилган. Туваклар ҳажми 15 сантиметр, қаторлари ораси эса 7 сантиметр. Ҳар бир тувак ичига 20 кунлик тайёр шоли кўчатла­ри ёки уруғи солиниб, 250 граммдан тупроқ ва биогумус аралашмаси билан тўлдирил­ган. Битта тувакка 3-4 тадан кўчат экилган.

Тувакларнинг сувга тегиб турадиган таг қисми тешик бўлади ва ўсимлик илдизи пастга тушиб, гидропоника усулида сувдан озуқа олади. То шоли пишиб етилгунига қа­дар туваклар сув юзасида шу ҳолатда тура­ди. Қарабсизки, балиқ боқиладиган сунъий сув ҳавзаларида бир вақтнинг ўзида шоли ҳам етиштирилади, унга ана шу тайёр сув­дан ортиқча манба керак бўлмайди. Сув за­хиралари тобора камайиб кетаётган ҳозирги шароитда бу гуруч етиштиришнинг энг те­жамкор ва замонавий усули эканини айтаёт­ганларича бор.

— Ушбу усул сувдан унумли фойдала­ниш баробарида органик маҳсулот етишти­риш имконини беради, — дейди Абдулло Мансуров. — Сабаби, балиқ учун солина­диган озуқа моддалари сув муҳитида табиий ўғит вазифасини бажаради. Шу билан бир­га, балиқларнинг шоли илдиз тизими билан ўзаро таъсири ўсимликнинг ўсувчанлигини ошириб, ҳосилдорликка ижобий таъсир кўрсатади. Натижада экологик тоза ва юқо­ри сифатли маҳсулот олинади. Балиқчилик хўжаликлари раҳбарларининг айтишича, бу технология балиқларнинг ўсиши учун ҳам фойдали бўлиши мумкин. Масалан, кун исиб кетган вақтлари, одатда, балиқлар соя­га ўтиб, озиқланмай қўяркан. Сув юзасидаги шоли солинган пўкаклар эса балиқларга соя бериб туради. Иссиқ пайтларда балиқлар ана шу соя тагида озиқланишда давом этади. Умуман, хориж тажрибасида мазкур усул­нинг салбий жиҳатлари ҳақида гапирилма­ган. Аммо биз бу борадаги эҳтимолларни ҳам ўйлаганмиз. Масалан, баъзи балиқ тур­лари шолининг тувак тешигидан чиқадиган илдизини еб қўйиши мумкин. Аммо бу хавфли эмас. Чунки тувак ичида ҳам ўсим­лик илдизи бўлади. Ташқаридаги илдизнинг қайтадан чиқиши эса ҳосилдорликни янада оширади.

Сув юзасига жойлаштирилган пўкаклар­нинг ораси зич бўлмайди, 5-6 метр масофада очиқ қолдирилиб, бир-бирига уланади. Ай­тайлик, 1 гектар балиқ ҳовузи бўлса, шундан 40-50 сотихини пўкаклар эгаллайди. Қолган қисми эса очиқ қолдирилади. Чунки сув таги­даги балиқлар учун ёруғлик чекланиб қолмас­лиги керак. Шунинг ўзида ҳам яхшигина миқ­дорда шоли етиштириш имконияти бўлади.

Маълумотларга кўра, юртимизда 176 та балиқчилик хўжалиги бўлиб, уларнинг уму­мий майдони 576 минг гектарни ташкил этади. Мамлакатимиздаги шоли майдони эса 140 минг гектар. Мавжуд ер майдонида ҳосил етиштириш давомида гектарига 20 минг куб метрдан зиёд сув сарфланар экан. Бу ер майдонига нисбатан сув юзасида шоли етиштириш учун имконият кўпроқ эканини кўрсатади. Биринчидан, юртимизда биргина балиқчилик хўжаликларидаги майдоннинг ўзи шоли ерларидан тўрт баробар катта. Қолаверса, уларда шоли учун қўшимча сув­га талаб бўлмайди. Агар мавжуд балиқчи­лик хўжаликларининг 10-20 фоизида шоли етиштирилса ҳам қанча сув тежалишини тасаввур қилаверинг.

Сарф-харажатларга келсак, сув юзасида шоли етиштирилганда, биринчи йили нисба­тан кўпроқ харажат талаб этилади. Кўчатдан ташқари, махсус тувак ва пўкакларни сотиб олишга тўғри келади. Кейинги йиллари эса уларга харажат қилинмайди. Чунки тувак ва пўкаклардан 4-5 йил фойдаланиш мумкин. Бу маҳсулотлар тажриба учун Хитойдан олиб келинганига қарамай, юртимизда ҳам бор. Кейинчалик тўлиқ маҳаллий восита­лардан фойдаланиш режалаштирилган. Қо­лаверса, пўкаклар одатда қайта ишланган маҳсулотдан тайёрлангани боис, нархи анча арзон туради. Агар юртимизда сув юзасида шоли етиштириш технологияси оммалашиб кетса, саноатда ишлаб чиқаришнинг янги қувватлари пайдо бўлишига ҳам туртки бе­рар экан.

Бундан ташқари, сувда шоли етиштир­ганда ерни шудгор қилиш ва бошқа агротад­бирларга ҳам зарурат бўлмайди. Минерал ўғитлар тежалади. Боиси, балиқларга бе­риладиган баъзи ўғитлар айнан шоли учун керакли озуқа вазифасини ўтайди. Кимёвий дорилардан фойдаланилмагани ҳисобига органик маҳсулот етиштирилади. Ҳосилдор­лик ўртача 50-55 центнер бўлиши тахмин қилинган. Бу тупроқда етиштириладиган ҳосил билан деярли бир хил.

Октябрда илк ҳосил олинади

Янги тажриба учун шоли ҳам уруғ, ҳам кўчатлаш усулида экиб кўрилди. Ҳозир кў­чатлар ўзини анча тутиб олган, уруғларнинг ўсиши ҳам ёмон эмас. Давлатимиз раҳба­рининг тегишли қарори билан Ўзбекистон амалиётида шолини кўчат усулида экишга ўтиляпти. Кейинчалик ўсимлик асосан шу тарзда етиштирилади. Ҳатто Жанубий Ко­реянинг KOPIA халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда кўчат экадиган замонавий тех­ника олиб келинган. Кўчатлар иссиқхонада, махсус иқлим шароитида тайёрланади. Бу шолининг вегетация даврини қисқартириб, сув ва уруғликни сезиларли тежайди. Қо­лаверса, шоли кўчати тезроқ етилиб, ҳосил­дорлик ҳам юқори бўлади.

Маълумотларга кўра, шоли етиштирув­чи аксарият йирик давлатларда ушбу экин деярли тўлиқ кўчатлаб экилади. Бу замо­навий механизм йилда икки марта ҳосил олишда ҳам муҳим. Юртимиз Шоличилик илмий-тадқиқот институти олимлари айни йўналишда тадқиқотлар ўтказиб, бир қанча ҳудудларда тажриба-синовларни ўтказяпти. 2024 йилда дастлабки натижалар олинди. Ҳозир Андижон, Тошкент ва Сирдарё вило­ятларида тажриба давом этяпти.

Мамлакатимиз иқлими кескин конти­нентал бўлиб, доимий иссиқлик кузатил­маса-да, шолидан йилда икки марта ҳосил олишга эришиш мумкинлиги айтилмоқда. Мутахассисларнинг тушунтиришича, бу­нинг учун февралда кўчатхоналарда кассеталарга уруғ солинади ва ундан тайёрланган кўчатлар март ойида дала шароитида экилади. Ҳосил июлнинг ўрталарида ўриб оли­нади. Унга қадар — июннинг бошида эса иссиқхоналарга яна уруғ ташланган бўлади. Бу кўчатлар иккинчи ҳосил сифа­тида экилгач, октябрь бошида йиғиштириб олинади. Шунинг ҳисобига ўтган йили биринчи экишдан 65 центнер, иккинчи­сидан 55 центнер ҳосил олинди.

Бу амалиётни сув юзасида шоли етиштиришда қўллаш қийинроқ. Чунки шоли учун иссиқ ҳарорат зарур. Ҳовузлардаги сув ҳа­рорати эса совуқ мавсумда анча тушиб кетади. Бироқ эътиборни бир мартада кўпроқ ҳосил олишга қаратиш мумкин ва бу навларга ҳам боғлиқ. Айни пайтда ушбу тажриба учун янги маҳаллий “биллур” нави танланган бўлиб, унинг ётиб қолишга чи­дамли экани айтилмоқда.

— Ўзбекистонда етиштириладиган шо­лининг 99 фоизи маҳаллий навлар ҳиссасига тўғри келади, — дейди Абдулло Мансуров. — Уларнинг асосий жиҳати ошбоплигида. Халқимиз паловни кўп истеъмол қилгани боис, маҳаллий навларни яратишда асосан шу жиҳат инобатга олинади. Хорижий навлар эса тезпишар бўлиб, кўпинча бўтқабоп ҳисобланади. Шу боис, бизнинг гуручга бозорда талаб анча юқори. Яқин уч йил­лик таҳлилларга кўра, мамлакатимизнинг шоли импорти 3 баравар камайиб, экспорт 14 баравар ошган. Бу маҳаллий эҳтиёждан ташқари қисми. Яъни Ўзбекистоннинг 38,5 миллиондан ортиқ аҳолисига 370 минг тон­на гуруч талаб этилади. Юртимизда эса 2025 йилда 440 минг тонна шоли етиштирилди. Бу аҳоли эҳтиёжи тўлиқ қопланиб, экспорт имконияти ошиб бораётганини кўрсатади.

Сув юзасида шоли етиштириш қўшимча ҳосил олиш билан бирга мавжуд сув майдон­ларидан унумли фойдаланишга хизмат қила­ди. Кейинчалик мазкур усулни кенг қўллаш орқали шоли майдонларини қисқартириш ва уларда бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари­ни етиштириш мумкин. Ҳар ҳолда ерда ҳар қандай экин тури ўсаверади, сув юзасида эса шолидан бошқа ўсимлик унмаса керак.

Айни пайтда тажриба майдонларига экилган “сузиб юрувчи шоли” экинлари анча бўй чўзиб қолди. Дастлабки ҳосилни эса октябрь бошларида олиш кутилмоқда.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири