Улар мамлакатдаги мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларида, жумладан, меваларни йиғиш ва саралаш билан шуғулланади.
Миграция агентлиги маълумотига кўра, мазкур имконият пилот лойиҳа доирасида амалга оширилмоқда. Танлов жараёни 12 июнь куни бошланган бўлиб, 1 июль куни номзодлар француз иш берувчилари иштирокида онлайн суҳбатдан ўтказилган.
Натижада 10 нафар номзод иш берувчи томонидан танлаб олинган. Уларнинг дастлабки 6 нафари зарур меҳнат визаларини олган.
Қолган 4 нафар номзод эса куз ойларида Францияга бориб, сабзавот етиштириш ва йиғиш мавсумида ишлаши режалаштирилган.
Қайд этилишича, бу Ўзбекистон фуқароларини Францияга ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштириш бўйича илк йўналиш ва дастлабки пилот лойиҳа ҳисобланади.
Лойиҳа натижалари Франциядаги иш берувчилар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзбекистонликлар учун ушбу мамлакат меҳнат бозорида янги имкониятлар яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.