Кундуз кунлари ҳаво +25…+30 даражагача исийди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Бироқ 14 апрель куни республика ғарбий ҳудудларига нам ҳаво оқими кириб кела бошлайди. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва кечга томон Бухоро вилоятида ёмғир ёғиши, айрим жойларда момақалдироқ кузатилиши кутилмоқда.

15–16 апрель кунлари нам ҳаво массалари бутун республика бўйлаб тарқалади. Барча ҳудудларда вақти-вақти билан ёмғир ёғади, айрим жойларда кучли бўлиши мумкин. Шунингдек, момақалдироқлар кузатилади. Кундузги ҳаво ҳарорати +13...+16 даражагача пасаяди.

17 апрель куни эса фақат марказий ва шарқий вилоятларда айрим жойларда ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.

Республиканинг тоғли ҳудудларида 15–17 апрель кунлари баъзи жойларда ёмғир қорга айланиши эҳтимоли бор.

Шамол ҳам кучаяди: 14 апрель куни ғарбий ҳудудларда, 15–16 апрель кунлари эса барча ҳудудларда шамол тезлиги 15–20 м/с гача, айрим жойларда 25–28 м/с гача етиши мумкин. Айрим ҳудудларда чанг-тўзонлар кузатилиши эҳтимолдан холи эмас.

Шунингдек, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда сел ва сув тошқинлари юзага келиши мумкин.

Тошкент шаҳрида 13–14 апрель кунлари ёғингарчилик кутилмайди, ҳаво ҳарорати 26–29 даража атрофида бўлади. 15–17 апрель кунлари эса вақти-вақти билан ёмғир ёғиб, момақалдироқ кузатилади. Шамол тезлиги 12–15 м/с гача кучайиши, кундузги ҳарорат эса 13–16 даражагача пасайиши кутилмоқда.