Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, Фарғона вилоятида хусусий акциядорлик тижорат банкларидан бирининг банк хизматлари маркази раҳбари тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқарога 2,5 миллиард сўм кредит ажратиб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига у кредит маблағининг 5 фоизи — 125 миллион сўм талаб қилган.
ДХХ ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда банк масъули талаб қилинган пулнинг бир қисми — 10 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги мансабдор ходими ҳам тезкор тадбир давомида қўлга олинган.
Тергов маълумотларига кўра, у тадбиркорга туман мелиорация бўлими балансида бўлган 45 сотих ер майдонини танишлари орқали олиб беришни, шунингдек, 2002 йилда туғилган танишини маҳаллий МЧЖлардан бирига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилган. Бу хизматлари учун у 500 доллар талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида мансабдор сўралган пулни олган вақтида ушланган. Шунингдек, текширув жараёнида у ушбу масалаларни ҳал қилиб бериш баҳонасида аввал ҳам 3,5 миллион сўм олиб, уни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборгани аниқланган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.