У ҳақда таниқли урду адиби Қамар Ра­йис “Бобур шахсияти ва шеърияти” асарида бундай дейди: “Табиат бу тоғли Фарғона во­дийсига мислсиз ҳусн ато этган, Бобур унинг шайдоси бўлган. Табиатнинг мана шу сўлим гўшасида Бобурнинг шоирона тафаккури куртак очган. Унинг боғлари, чинорлари, ша­кардан ширин меваларини таъриф қилишдан бир сония чарчамаган...”.

Бобурнинг буюклиги ва халқимизга суюклиги нимада? Гап шундаки, у ҳам бош­қалар қатори оддий инсон бўлган, лекин тақдир синовларига тан бериб, қўл қовуш­тириб ўтирмади. Юксак даражадаги ақл- идроки, тафаккури, сабр-тоқати, матонати билан машаққатли ҳаёт йўлини босиб ўтиб, Ҳинд ерида буюк Бобурийлар салтанатига асос солди. Қайси бир соҳани олиб қара­майлик, барчасида пешқадам, илдам бўлди. Ҳар доим адолатни туғ қилиб, муборак ялов қилиб қўлида кўтариб юрди. Оддий масала­лардан тортиб, мушкул ҳолатларгача ҳақи­қатга таянди, рўй-рост сўзлади. Гарчи тақ­дир Бобурни юртидан олисларга олиб кетган бўлса-да, у ҳамиша она диёр, ватан нафаси билан яшади.

Бобур ота-боболаримиздан мерос бўлиб авлоддан авлодга ўтиб келган адолат, ҳақи­қат, раҳм-шафқат, саховат каби чинакам ин­соний туйғуларни ўзининг қалб гўзаллиги, ақл-заковати билан уйғунлашган ҳолда юзага чиқара олган чинакам инсонлардан биридир.

Бори элға яхшилиқ қилгинки, мундин яхши йўқ,

Ким дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиқ

байти унинг бош шиори эди. У дўсту душ­манга бир хил муомалада бўлди, дўстнинг са­доқатини қадрлади, душманнинг мардлигига тан берди. Яқин кишилари вафосизлик қил­ганда ҳам тақдир ҳукмига топширди, улар­ни таҳқирламади, сазойи қилмади, аксинча, Яратган измига ҳавола этди.

Шу боис, Бобур характерида бугунги ёш авлодга ибрат бўлгулик жиҳатлар истаган­ча топилади. Унинг ижоди ватанпарварлик, халқпарварлик, бунёдкорлик, яратувчанлик ғоялари билан суғорилган.

Бугунги шиддатли, таҳликали замонда жа­ҳон аҳлига ўрнак бўлгулик фазилатлар унинг характерида жамулжам эди. Жанггоҳларда умри ўтганига қарамасдан, “Девон” тартиб берди, “Ҳарб иши”, “Муфассал”, “Мубай­йин”, “Мусиқа илми” каби асарларни яратди, “Хатти Бобурий”ни кашф қилди, Хожа Аҳ­рор Валийнинг “Волидия” асарини туркийга ўгирди.

У ҳинд, афғон ерларига қурол кўтариб, уларни талаш, пароканда қилиш, даҳшат солиш, бойлик орттириш учун эмас, Ярат­ганнинг изми билан уларни бирлаштириш, тарқоқ қабилаларни ягона давлат байроғи остига тўплаш мақсадида борди. Гарчи ўша давр тақозоси билан она юртини ташлаб кет­ган бўлса-да, умр бўйи унга интилиб яшади, ватанидан узоққа кетишни “юзи қоралик” деб билди, ўзга юртда шоҳ бўлса ҳам ўзини бена­во, мискин, ғариблар қаторига қўшди. Унинг барча асарларида бу руҳ устунлик қилади. Бобур рубоийларининг бирида бундай ёзади:

Кўпдин бериким, ёру диёрим йўқтур,

Бир лаҳзаю бир нафас қарорим йўқтур.

Келдим бу сори ўз ихтиёрим бирла,

Лекин боруримда ихтиёрим йўқтур.

Бундай ҳароратли, ўтли, кўнгил исёни уфу­риб турган мисраларни битиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Ватан, она диёр соғин­чи, ушалмас бу каби орзу-армонлар шоирнинг “Ғурбат ичра, эй кўнгил, элдин вафо истар­ни қўй, Чун вафосин кўрмадинг ҳаргиз диёру ёрнинг”, “Дема Бобурга нетарсен, бош олиб кетмак не? Тенгрининг хости мундоқ эса мен нетгаймен?”, “Юз жабру ситам кўрган, минг меҳнату ғам кўрган, Осойише кам кўрган мен­дек яна бир борму?” каби сатрларида бутун бўй-басти билан намоён бўлади.

Бугун жаҳоннинг сиёсий, иқтисодий, маънавий манзараси тубдан ўзгариб, инсо­ният кўп қутбли дунёга ўтаётган бир пайтда ёш авлод, умуман, миллатимиз учун Бобур каби ибрат бўлгулик улуғ боболаримиз бор­лигидан, уларнинг ўгитлари, ўлмас асарлари ҳозирги нотинч замонда тўғри йўл топиши­мизда маёқ вазифасини бажараётганидан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

“Бобурнома”да Бобур Мовароуннаҳрдаги шаҳарларни, наботот ва ҳайвонот оламини, тарихий шахсларнинг характерларини тас­вирлаганда, уларга чексиз меҳр-муҳаббат, фарзандлик тавозеси билан ёндашади.

Хусусан, Андижон ҳақида “Ошлиғи вофир, меваси фаровон, қовун ва узуми яхши бўлур. Қовун маҳалида полиз бошида қовун сотмоқ расм эрмас. Андижоннинг ношпотисидин ях­широқ ношпоти бўлмас. Эли туркдур. Шаҳр ва бозорасида турки билмас киши йўқтур. Элининг лафзи қалам бирла росттур”, дейди.

Самарқанд ҳақида эса бундай ёзади: “Бу рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳр камроқдур. Узуми ва олмаси ва қовуни ва анори, балки жами меваси хўб бўлур. Хўб нонволиқлари ва ошпазлиқлари бордур. Оламда яхши қоғаз Самарқанддин чиқар”.

Тўғриси, бу каби ҳаққоний сатрларни ёзиш, холис баҳо бериш учун шу юртни се­виш, унинг ҳар бир қарич ерини, бу ерлар­нинг хоссаларини мукаммал билиш зарур эди. Ҳазрат Бобурда бу фазилатларнинг бар­часи мужассам бўлган.

Бобур характерида унга темурийлардан мерос бўлиб ўтган тўғрилик, ростлик, ҳар бир ишга адолатпешалик билан қараш фикри кучли эди. Амир Темурнинг “Куч адолатда­дир” шиори унга ҳам ўтган бўлиб, ҳар бир ҳо­дисага ёндашганда шу жиҳат шоирга мадад бўлди. Бу ҳақда Бобур “Бобурнома”да отаси Умаршайх Мирзодан ибрат бўлиб қолган бир воқеани қаламга олади:

“Адолати бу мартабада эдики, Хитой карвони келадурганда, Андижоннинг шарқий тарафидағи тоғларнинг тубида минг ўйлук корвонни андоғ қор босдиким, икки киши қу­тулди. Хабар топиб муҳассиллар йибориб, корвоннинг жами жиҳотини забт қилди. Ҳар чандиким вориси ҳозир йўқ эрди, бовужудки эҳтиёт сахлаб, бир-икки йилдин сўнгра Са­марқанд ва Хуросондин ворисларини тилаб келтуруб, молларини солим топшурди”.

Отасидан ўтган бу фазилатга Бобур тахтда ўтирганида ҳам, қўлида қилич тутиб жангга кирганида ҳам, ғамли кунларида ҳам, шодон онларида ҳам содиқ қолди.

Масалан, Қорабоғ яқинидаги Оқсарой деган жойда “Сейдим Али дарбоннинг бир ўбдон навкари бировнинг бир кўза ёғини тор­тиб олғани учун эшикка келтуриб таёқлат­тим, таёқ остида ўқ жони чиқди”, деб ёза­ди. Қалот деган жойда Ҳиндистондан келган савдогарларни “Аксар барин бўлдиларким, мундоқ ёғийлик маҳалда ёғий вилоятиға кела­дурганни таламоқ керак, мен ризо бўлмадим. Дедимким, савдогарнинг не гуноғи бор?” дея уларга озор етказишларига йўл қўймайди.

Бу воқеадан нафақат биз ёки туркий дунё, балки бутун жаҳондаги тараққийпарвар ин­сонлар ибрат олса арзийди. Ҳозир айрим дав­латлар бир-бирига тишини қайраб, янгидан янги уруш ўчоқларини ёқаётган бир пайтда Бобур асарлари адолат, ҳақиқат, эрк овози бў­либ янграши турган гап. Дунё олимларининг Бобурга қараб интилаётганининг сабабида ҳам шу ҳақиқат ётибди. Ундан ўрганадиган жойлар жуда кўп.

Айниқса, Бобурнинг ҳалоллиги, эътиқоди поклиги, тўғрисўзлиги темурий шоҳларга, шаҳзодаларга, саркардаларга, уларнинг ула­моларию умароларига берган таърифу тавсиф­ларида яққол намоён бўлади. Бу борада Бобур ўз отасидан тортиб, тоғаларигача, амакила­рию яқинларигача — барчасининг яхши-ёмон томонларини бирма-бир тасвирлаб ўтади. Бу нарса бугунги авлодга, айниқса, сабр-тоқат, қунт, ҳафсала борасида бир оз шошқалоқлик қилаётган, илм-ҳунар ўрганиш борасида ўз ус­тида тинимсиз ишлаши лозим бўлган ёшларга ҳар томонлама ўрнак бўлиши даркор.

Масалан, Бобур отасининг яқинларидан Али Мазидбек қавчиннинг “мунофиқ ва фо­сиқ ва ҳаромнамак ва ярамас киши” экани­ни тасвирлайди. Ҳасан Ёқуббекнинг “кичик кўнгуллик, яхши таъблик, чуст ва часпонлик, мардона” эканини айтиб, шу билан бирга, “ичи тор ва камҳафсала ва худписанд ва қат­тиқ сўзлук ва совуқ юзлук киши эди”, деб баҳо беради. Бундан тегишли хулосалар чи­қаришимиз керак.

Тарих холисликни севади. Бобур шахсига баҳо берганда мезон унинг ўз сўзлари, та­рихий ҳақиқат бўлмоғи лозим. Ундан бизга мерос бўлиб қолган асарларнинг гувоҳлик беришича, Бобур воқеа ва ҳодисаларга реал ёндашган, бир томонлама баҳо бермаган, ҳат­то гап келганида ўз яқинларининг, темурий­ларнинг ҳам ожиз томонларини аямай очиб ташлаган, ғанимларининг эса эзгу ишларига тан берган.

Бу донишманд, мард, жасур инсонларга­гина хос фазилат. Бобурда бу фазилатнинг энг олий кўриниши мужассам эди. Бобурий­лар салтанатининг шаклланиши ва ривожла­нишида ҳам айнан мана шу жиҳат пойдевор бўлиб хизмат қилган. Бундан биз фақат ўрга­нишимиз керак.

Бобур ўз замонасининг илғор фикрли, маъ­рифатли кишиларидан бири сифатида яратиш, янги бинолар, боғу роғлар, саройлар қуриш билан машғул бўлди. Ўз юрти Андижону Самарқандда қура олмаган биноларни Афғо­нистонда, Ҳиндистонда барпо этишга ҳаракат қилди. Унинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини эътироф этган инглиз адиби Уильям Рашбрук Бобурни “Ўн олтинчи аср бунёдкори”, дея улуғлаб, у ҳақда асар яратган.

“Бобурномада”да унинг бунёдкорли­гини, яратувчанлигини тасдиқловчи сатр­ларга жуда кўп дуч келамиз. Масалан, “Одинапур қўрғонининг олдида, жанубий тарафида, бир баландида тарихи тўқ­қиз юз ўн тўртта бир чаҳорбоғ солдим”, “Исталифча кент маълум эмаским хейли ерларда бўлғай. Улуғ руд кентнинг ичидин оқар. Бу кентта Боғи Калон отлиғ Улуғбек Мирзонинг бир мағсуб боғи бор эрди. Мен эгаларига баҳо бериб олдим. Боғнинг ўрта­сидин бир тегирмон суйи ҳамиша жорий­дир. Бу ариқ ёқасида чинорлар ва дарахт­лардур, бурун ариқ эгри-букри ва бесиёқ эрди. Мен буюрдимким, бу ариқни режа ва сиёқ била қилдулар. Бисёр яхши ер бўлди”, дея ўзининг бунёдкорлик борасидаги ишла­рини эътироф этади.

Худди шундай улуғ ишларни Ғазни, Ко­бул, Огра, Пирўзпур, Дулпур деган жойларда амалга оширади, жойлар танлаб, боғлар бар­по этади, атрофини обод қилади.

Бобурнинг яратувчанлиги унинг Фарғо­надан мевали дарахт кўчатларини афғон, ҳинд ерларига олиб бориб эктиришида ҳам кўринади. Шу ҳақда бундай ёзади: “Кобул ва кентларида сардсерий мевалардин узум ва анор ва ўрук ва олма ва биҳи ва амруд ва шафтолу ва олу ва санжид ва бодом ва янғоқ кўптур. Мен олуболу ниҳоли кетуриб эктуруб­мен, яхши олуболулар бўлди ва ҳануз тарақ­қийда эди”. Бундай ҳолат илм-фанда иқлим­лаштириш деб аталади.

Бобур яшаган давр жангу жадалларга, тўс-тўполонларга тўла, шиддатли бир давр эди. Ҳар бир йигит киши чавандозлик, қи­личбозлик, камонбозликдан бохабар бўли­ши талаб этиларди. Бобур сарой тарбиясини кўрган шахс сифатида буларнинг барчасидан нафақат хабардор бўлган, балки у ўша давр­нинг мард ва қўрқмас, матонатли, шижоат­ли жасур жангчиларидан, саркардаларидан, уруш тактикасини мукаммал эгаллаган сара лашкарбошиларидан бири эди. От миниш­да, қиличбозликда, сузишда, камон отишда унга тенг келадиган навкарлар кам бўлган. Бобур жангларда тобланган, пуртажриба, ҳарб ишининг ҳадисини олган ҳукмдорлар­дан саналарди.

“Бобурнома”дан олинган “Маҳкам зарб совуқ эди. Ул мартабада совуқ эдиким, ушул икки-уч кунда икки-уч киши бу орада совуқ­нинг шиддатидин ўлуб эди. Бир ариқ суйи­даким ёқалари қалин муз тўнгуб эди, ўртаси сувнинг тезлиги жиҳатидин ях боғламайдур эди, бу сувға кириб ғусл қилдум. Ўн олти қатла сувға чўмдум. Сувнинг совуқлиғи хей­ли таъсир қилди”, деган сатрлар Бобурнинг жисмоний жиҳатдан тобланганини, бақувват­лигини кўрсатиб турибди. У жангларда юз, балки минг бор ёғий билан юзма-юз келган, аммо қўрқиб ортига чекинмаган, ҳар вақт душманига тик боқиб, уларга қарши мардо­навор курашган. Умуман олганда, биз — бу­гунги авлод Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан ҳар томонлама ўрнак олсак арзийдиган жи­ҳатлар бисёр.

Учинчи Ренессансига пойдевор қўяётган халқимиз учун Бобурнинг ҳаёти ва ижоди ҳақиқий ибрат мактаби вазифасини ўтайди, десак асло адашмаймиз.

Абдулҳай СОБИРОВ,

Андижон давлат университети профессори,

филология фанлари доктори