Инсон саломатлиги ҳамма замонларда мамлакатнинг энг катта бойлиги, оила, жамият ва мамлакат ривожининг таянчи бўлиб келган. Шу боис, соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали мутахассислар тайёрлаш, тиббий хизматнинг сифатини давр талаблари даражасига кўтариш кун тартибидаги мунтазам масала бўлиб қолаверади. 

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш билан боғлиқ ислоҳотлар, саъйҳаракатлар, айниқса, сўнгги 4-5 йилда кенг бўй кўрсатмоқда.  Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизнинг  Яшнобод туманида бунёд этилган Болалар миллий тиббиёт маркази болалар саломатлигига қаратилаётган юксак эътиборнинг яна бир амалий ифодасидир.

Марказ тиббиёт ва илм-фаннинг сўнгги ютуқларига таяниб фаолият юритадиган, педиатрия, диагностика ва реабилитация бўйича ихтисослаштирилган, кластер шаклидаги, замонавий тиббиётнинг барча йўналишларини ўз ичига олган ноёб лойиҳа ҳисобланади. Айни пайтда муассасада оғир хасталикларга чалинган болаларда жаҳон стандартлари даражасида мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилиб, соғлом ҳаётга қайтарилмоқда.

Болалар миллий тиббиёт маркази хирургия, кардиохирургия, интервенцион кардиохирургия, урология, нейрохирургия, неврология, молекуляр генетика ва эндокринология, пластик жарроҳлик, офтальмология, ЛОР, гемато-онкология, нефрология, пульмонология ва гастроэнтерология йўналишларида фаолият кўрсатиб келади.

— Марказ ўз фаолиятини бошлаганидан буён жаҳон стандартлари ва юқори технологияларга асосланган даволаш усулларини қўллаш орқали юқори натижаларни намойиш қила олди, — дейди нефрология бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Баҳром Маматқулов.   — Республикамизда илк бор шу ерда болалар молекуляр генетика бўлими ташкил этилди. Бу эса ирсий касалликларни эрта ташхислаш, олдини олиш, молекуляр генетикага асосланган текширув ўтказиш, зарурат бўлганда ёндош соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда самарали даволаш имконини беради. Молекуляр генетик лаборатория ирсий касалликларни ҳомила  вақтидаёқ молекуляр даражада ташхислаш дунё тиббиётидаги жуда самарали, ноёб усул ҳисобланади.

Митти юракни даволаш учун хорижга бориш шарт эмас

Хирургия йўналишида қўлланилаётган янги усуллар жарроҳлик амалиётисиз тузалмайдиган, туғма нуқсон билан дунёга келган болаларнинг тақдирида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Ўтказилаётган жарроҳлик амалиётлари жаҳон стандартларига мос, юқори технологияларга асосланган. Унинг афзаллиги шундаки, танани имкон қадар кичик ўлчамда кесган ҳолда, катта ҳажмдаги жарроҳлик амалиётни кам вақт ва кам харажат билан самарали бажариш мумкин.  Бунда операция билан оғриқ минимал даражага туширилади, бемор тезроқ соғаяди ва энг асосийси, даволашда юқори самарага эришилади.  Тўғри, олдин ҳам бундай амалиётлар ўтказилган, аммо ҳозир жуда кичик ёшдаги болаларда ҳам туғма юрак нуқсони муваффақиятли бартараф этилаётгани катта ютуқдир.

— Баъзи чақалоқларнинг юраги бошқаларникидан анча фарқ билан шаклланган, содда қилиб айтганда, нуқсонли бўлади. Биз ўша фарқни жарроҳлик усули билан бартараф этиб, нуқсонсиз ишлайдиган юракка айлантирамиз, —  дейди  туғма юрак касалликлари бўлими бошлиғи Отабек Каримов. — Масалан, эндигина дунё юзини кўрган икки-беш кунлик чақалоқлар кўкрак қафаси, қорин бўшлиғидаги туғма нуқсонлар кам инвазив ва самарадор бўлган торокоскопик, лапроскопик усулларда, қорин ёки кўкрак қафасини очмасдан бартараф этиляпти. Табиийки, бу аввало, бемор болалар ота-оналарига умид бағишлайди, хотиржамлик беради. Муваффақиятли операциядан кейин  уларнинг қувонганини кўриш, миннатдорлигини эшитиш бизни ҳам жуда мамнун этади.  Жарроҳлик амалиётисиз тузалмайдиган беморларни оёққа турғазишда чинакам фидойи шифокорларимиз ҳар бир болага алоҳида ёндашув ва э ътибор билан муносабатда бўлади. Асосан, хорижнинг етакчи клиникаларида таҳсил олиб қайтган жамоанинг энг катта ютуғи ҳам бир ёқадан бош чиқариб ишлашида. 

Юрак жарроҳлиги жамоа бўлиб ишлашни талаб қилади. Бу битта кардиолог ёки жарроҳнинг эмас, бутун бир жамоанинг иши. Авваллари жарроҳ билан анестезиолог ёки интенсив бўлим ўртасида муаммо пайдо бўлиши, мутахассис етишмаслиги боис, жуда кичик ёшдаги, оғир аҳволдаги болаларнинг ҳолатига тўкис жавоб бера олмасдик. Эндиликда турли сабабларга кўра, операция қилиш имкони бўлмай қайтариб юборилган болаларнинг ота-оналари ҳам бизга мурожаат қилади.  Албатта, хасталикларнинг хатарлилик даражаси турлича бўлади, биз катта масъулиятни зиммамизга оламиз. Имкониятларимиз, яхши мутахассисларимиз бўлгани ҳолда, ота-оналарнинг бизга бўлган ишончидан ҳам руҳланамиз. Жамоа бўлиб, бир-биримизни тушуниб ишлашимиз муваффақият гарови бўлмоқда.

Жорий йилнинг январь ойида фаолият бошлаган янги бўлимда шу кунга қадар 300 дан ортиқ юқори технологик операциялар амалга оширилди. Аксарият беморлар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари. Уларга имтиёз асосида, бепул даволанишга имконият яратилган. Кам учрайдиган, оғир хаста фарзандини чет эл тугул, ҳатто ўзимизда даволатишга имкон топа олмаган ота-оналар учун бундай шароит яратилгани, ғамхўрлик кўрсатилаётгани юртимиздаги инсонпарварлик сиёсатининг юксак кўриниши.

— Қизим Моҳира 15 ёшда. Ўтган йили оёғи ревматизм бўлиб, касалхонага тушиб қолдик, — дейди Самарқанд вилояти, Оқдарё тумани, “Узунқишлоқ” МФЙда истиқомат қилувчи Гулчирой Танибердиева. — Шу пайтгача юрак нуқсони борлигини билмасдим. Ваҳоланки, у спортнинг таэквондо тури билан шуғулланарди. Машғулот пайтида йиқилиб, тоби қочиб қолди. Шифокорлар унда юрак нуқсони борлигини айтди. Қизимни даволатиш учун олиб бормаган жойим қолмади. Аммо ҳамма жойда энг катта ва оғриқли муаммо — моддий етишмовчилик сабаб яхши даволатолмасдим. Ўзим “Темир дафтар”да тураман, боқувчим йўқ, ёлғиз аёлман. Бундан ташқари, 8 яшар ўғлим бор, шароитим оғир, кўмакка муҳтож эдим. Шу кунгача кўп азоб чекдик.

Вақтида дори-дармонларини етказиб бера олмадим. Болалар миллий тиббиёт маркази ҳақида эшитиб, шу ерга келишга қарор қилдим. Маҳалла, ҳокимият томонидан ажратилган ордер билан фарзандимни ушбу марказга олиб келдим. Шифокорлар аввалига ўн кун муолажа қилди, сўнгра жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Яратганга шукр, хавф ортда қолди. Тасаввур қилинг, Ўзбекистонда шу касалхона бўлмаганида хорижга боришга тўғри келарди, бунга эса умуман имкониятим етмас, қизимни йўқотиб қўйишим мумкин эди. Бу ерда барча дори-дармонлар бепул, ҳамма шароит яратилган, дўхтирлари тажрибали, куюнчак. Фарзандимни қайта бағримга босиш имконини берган шифокорлардан, катта имкониятларга эга шундай клиника ташкил қилингани учун давлатимиз раҳбаридан чексиз миннатдорман...

Туғма юрак нуқсони билан туғилган, давлат бюджети ҳисобидан текин даволанаётган беморлар кўпчиликни ташкил қилади. Худди шундай жарроҳлик амалиётини чет давлатда амалга ошириш учун ўн баробар кўп сарф-харажат талаб қилинади. Бу тиббиёт муассасаси ҳар жиҳатдан олганда ҳам хорижникидан қолишмайди.

Марказ фаолиятида тиббиётнинг деярли барча йўналишларида энг инновацион, жаҳон стандартлари даражасида олиб борилаётган юқори технологик амалиётлар келажак авлод саломатлигини асраб-авайлаш, мустаҳкамлашга қаратилаётган катта эътибор намунасидир. Айнан бу борадаги шундай мегалойиҳа натижасида — илк бор ушбу шифо масканида кўплаб хаста юраклар яна ҳаёт нафасини тўла ҳис қилмоқда.

Фан ютуқлари ва ҳамжиҳатликка таянган жамоа

Ҳар қандай ота-она фарзандининг тўрт мучаси соғ, маънан баркамол бўлишини истайди. Аммо умуман касал бўлмасликка ҳеч ким кафолатланмаган. Тўғри, дунё тиббиёти жадал ривожланиб боряпти, аммо даволаш, олдини олиш қийин бўлган касаллик турлари ҳам оз эмас. Айниқса, гемато-онкологик касалликларни даволаш тиббиётнинг оғриқли нуқталаридан бири.

Маълумки, бу хавфли касалликнинг олдини олишда уни эрта аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Бунда эса, замонавий тиббиётнинг катта ютуқларидан бири — ядро физикаси ютуқларини тиббиётга татбиқ қилиш, яъни нуклеар тиббиётнинг ўрни алоҳида.  Нуклеар тиббиёт орқали организмда ҳали ҳужайра даражасида бўлаётган патологик ва биологик ўзгаришларни аниқлаш мумкин.

Марказда яқин кунларда қўлланиши кўзда тутилаётган ПЭТ-КТ (Позитрон эмиссион компьютер томография) — саратон ташхисини қўйиш учун самарали ва замонавий усул.

— Болаларда онкологик жараёнларни барвақт диагностика қилиш  тиббиётнинг долзарб муаммоси ва улкан ютуқларидан биридир, — дейди нуклеар бўлими бошлиғи Акром Ҳикматов.  — Инсон организмига радиоактив модда юборилганидан сўнг, ҳужайрада патологик бўлиниш бошланиб, унинг тўпланиш даражасига қараб кейинги даволаш жараёни белгиланади. Яъни, ҳужайрадаги бўлиниш ўсма касалликларининг илк белгиларини аниқлаш имконини беради. Аҳамиятлиси, бошқа воситалар — ультратовуш диагностикаси, рентген, компьютер томографияси, МРТ ёрдамида аниқланмайдиган ўсимта ўчоқларини мазкур ускунада ташхислаш мумкин.

Клиникада фойдаланилиши кўзда тутилаётган яна бир технология — “GE Discovery NM 630” гамма камераси ёрдамида нафақат онкологик жараёнларни, балки аъзоларнинг ишлаши ва функционал ҳолатини ҳам аниқлаш мумкин. Бундан ташқари, гематология ва онкология соҳасида ташхис, лаборатория, даволаш ва интенсив муолажа яхлит бир мажмуада ташкил этилган. Ана шу тизим шундай касалликларга чалинган болаларни самарали даволашда қўл келмоқда.  Бу ерда танани кесмасдан туриб эрта ташхислаш имконини берувчи ваакумли аспирация усулида иликдан таҳлил олиш йўлга қўйилди. Бу эса жиддий хавф туғдирувчи касалликларнинг олдини олиш ҳамда ўз вақтида бартараф этиш имкониятини беряпти. Юқори технологияга асосланган, юқори частотали, самарали кимёвий даволаш усули йўлга қўйилган. Жаҳон стандартлари даражасидаги юқори технологияга асосланган амалиётлар оғир хасталикка чалинган болаларнинг дарддан бутунлай фориғ бўлишига хизмат қилаётир.

 — Ўғлим Александр оғир шаклдаги онкологик касалликка чалинди. Бу кўпинча ўсмир болаларда учрайдиган ўсма экан, — дейди Тошкент шаҳридан Альбина Малинина. — Биз бу ерга келишдан олдин жуда кўп жойларга мурожаат қилдик, нотўғри ташхис туфайли анча қийналдик. Ушбу марказга келганимизда малакали онкологлар бизга умид бағишлади, руҳимизни кўтарди. Жарроҳлик амалиёти 11 соат давом этди. Рости, умидимиз сўнганди. Йўқ, шифокорлар фарзандимизни ҳаётга қайтара олди. Барча муолажа ва дори-дармон бепул қилинди. Жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун Ҳиндистон ёки Туркияга боришга маблағ қайда дейсиз. Ҳаммаси учун шифокорларга, клиниканинг бутун жамоасига раҳмат.

Болалар миллий тиббиёт маркази ўз имкониятларини янада кенгайтирмоқда. Жумладан, умумлаштирилган болалар гематология-онкология бўлими мавжудлиги сабабли ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида ҳам умумлаштирилган бўлимлар ташкил этиш режалаштирилган. Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошида эса “Болалар гематология ва онкологияси” курси ташкил қилинди.

Хорижлик ҳамкасбларга елкадош бўлиб

Инновацион ривожланишнинг кейинги босқичи сифатида ҳудудий марказларнинг реанимация бўлимларидаги беморларни онлайн режимда доимий назорат қилиш тизими йўлга қўйилган. Бунда шифокор масофадан туриб махсус тизим асосида реанимациядаги беморни назорат қилиши, керакли муолажаларни қўллаб, даволаш ишларини амалга ошириши мумкин. Зарурат бўлганда, телемедицина орқали хорижий мутахассисларни жалб қилиш шароити яратилган.

Марказда фаолият кўрсатаётган операция блоки билан вилоят кўп тармоқли болалар шифохоналари ўртасида ўзаро узвий телемедицина йўлга қўйилган. Ноёб операцияларни шифокорлар жойларда, вилоятларда онлайн тарзда кузатишга муваффақ бўлмоқда. Бундан ташқари Корея Республикасининг Ёнсан, Пусан, Сеул университетлари билан ҳамкорлик доирасида бевосита, Корея Республикасида бўлаётган ноёб операцияларни Болалар миллий тиббиёт маркази ва бир пайтнинг ўзида вилоят шифохоналари шифокорлари ҳам кузатиш имкониятига эга бўляпти.

Хорижлик мутахассислар билан ташкил этилган онлайн маҳорат дарсларига бевосита юртимиздаги вилоят болалар кўп тармоқли шифохоналари шифокорлари ҳам жалб қилинмоқда. Бу эса уларга ўзларининг малакасини иш жараёнида оширишига имкон беряпти.

Ташқи ресурслар асосида эса хориждан келадиган профессорлар билан ҳамкорликда мастер-класс операцияларини ўтказиш ва уни ҳудуд марказларига узатиш борасида амалий ишлар қилинмоқда.

Жорий йилнинг июль, август, сентябрь ойларида Корея Республикасининг Пусан университети профессорлари, кардиожарроҳлари Тошкентга келиб, марказ шифокорлари билан ҳамкорликда икки ҳафта давомида болалар туғма юрак нуқсонлари бўйича ноёб операцияларни амалга оширди. Операция жараёни бевосита онлайн тартибда вилоятларда ҳам татбиқ этилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Андижон вилоятларида маҳорат дарслари ташкил қилиниб, жойларда ноёб, очиқ усулдаги операциялар ўтказилгани мамлакатимизда болалар саломатлигига қаратилаётган юксак эътибордан далолатдир.   

Марказда халқаро алоқалар яхши ташкил қилинган бўлиб, KOIKA, KOFIH халқаро ташкилотлари билан бевосита ҳамкорликда катта ҳажмда ишлар амалга оширилмоқда. Марказ шифокорларининг касбий малакасини етакчи хорижий клиникаларда узлуксиз ошириш, хорижий мутахассисларни ноёб операцияларни юртимизда амалга ошириш учун жалб этиш, оғир онкологик касалликларни даволаш ва уларни молиялаштириш бўйича катта лойиҳалар асосида халқаро фаолият юритилмоқда.

Республикамиз тиббиёт тизимидаги жадал ислоҳотлар самараси, моддий-техник базанинг мустаҳкамланаётгани, малакали шифокорлар сафининг кўпаяётгани барчамизни бирдек қувонтиради. Илгари ривожланган хорижий мамлакатлар шифохоналаридагина ўтказилган мураккаб операция ва даволаш усулларининг юртимизда ҳам бажариш имконияти кенгаяётгани тиббиёт соҳасидаги ўзгаришлар жадаллашгани тутган йўлимизнинг тўғри эканидан далолат беради. Зотан, фарзандлари камолини ўйлаган, халқ саломатлиги учун қайғуриб яшаган элнинг келажаги ҳам ойдин бўлади.

Рисолат Мадиева,

“Янги Ўзбекистон” мухбири,

суратлар муаллифи: Ҳакимжон Йўлдошев.