3,9 миллион нафарга яқин фуқароларга ҳар ойда пенсия ва нафақа тўловлари учун ойлик талабномаларнинг ўз вақтида молиялаштирилиши ҳамда ойма-ой тўлиқ тўланиши таъминланиб, бу мақсадларга Пенсия жамғармаси ҳисобидан 8 450 миллиард сўм ва Республика бюджети ҳисобидан 961 миллиард сўм маблағ харажат қилинди.
2021 йил 1 апрель ҳолатига пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3,9 миллион нафарга яқинлашиб аҳоли сонидаги улуши 11,2 фоизни ташкил қилди (шундан, 3,5 млн нафарга яқини пенсия ва 400 минг нафардан ортиғи нафақа олувчилар). 1-чоракда 86 535 нафар фуқароларга пенсия ва нафақалар тайинланди (шундан, 68 594 нафарига пенсия ва 17 941 нафарига нафақа тайинланди). Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги
фармонига асосан, 2021 йил 1 февраль ҳолатига 4 892 нафардан ортиқ фуқароларнинг пенсия ишларини текшириш натижасида аниқланган 12,0 миллиард сўмлик ортиқча тўловлар ҳисобдан чиқарилди.
Бу ҳақда «Пенсия таъминоти янгиланиш даврида» мавзусида АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълумот берилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси раҳбар ва мутахассислари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Тадбирда қайд этилишича, пенсия таъминоти тизимида яратилаётган аҳоли учун катта қулайлик бўлмоқда. Жумладан, фуқаролар томонидан пенсия ва нафақа тайинлаш учун тақдим этиладиган қоғоз шаклидаги ҳужжатлардан воз кечиш, ушбу жараёнда инсон омилини камайтириш, аризалар ижроси устидан автоматик камерал назорат ўрнатиш мақсадида “Pensiya” дастурий мажмуасида электрон «Қайд этиш китоби (Книга регистрация)” модули яратилди.
Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ, фахрий унвонга эга бўлган 3 342 нафар пенсия олувчилар учун қўшимча тўлов миқдори 2021 йил 1 февралдан 1,1 баробарга оширилди.
2021 йил 1 февралидан бошлаб бола туғилганлигини қайд қилишда гувоҳномани расмийлаштирганлик учун герб йиғими ва болани доимий рўйхатга қўйиш бўйича давлат хизматини кўрсатганлик учун давлат божини нафақа миқдоридан автоматик равишда чегириб қолиш ҳамда Адлия ва Ички ишлар вазирлигига молиялаштириш тизими жорий этилди. Бу орқали фуқароларнинг герб йиғими ва давлат божи тўловини амалга ошириш учун банк филиалларига мурожаат қилиш билан боғлиқ оворагарчиликлари бартараф этилди. 2,7 млн. нафардан ортиқ пенсия ва нафақа олувчиларнинг мобил телефонлари “SMS-pensiya” интерактив хизматига уланган ҳолда СМС хабарномалар юборилди.
Тадбирда тизимда амалга оширилаётган ана шундай чора-тадбирлар, қонунчиликка янгилик ва ўзгартиш киритиш билан боғлиқ изланишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга мутасаддилар атрофлича жавоб қайтарди.
Баҳор ХИДИРОВА,
«Янги Ўзбекистон» мухбири