Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари ғояси асосида республикамизнинг барча гўшаларида кенг қулоч ёйган "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари узоқ-узоқларда жойлашган ҳудудларнинг қиёфасини тубдан янгилаш, уларни зарур инфратузилма, шу жумладан, коммунал хизматлар билан тўлиқ таъминлаш ва шу тариқа одамларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, уларнинг дунёқарашини ўзгартириш, эртанги кунга ишонч туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунга келиб, ушбу дастурлар доирасида кўплаб қишлоқ ва маҳаллаларда кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, аҳолини ичимлик сув, оқова хизматлари, газ, электр энергияси билан таъминлаш даражаси сезиларли ошди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ 2021 йилда ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш мақсадида 352 та объектда, 3 407,8 км узунликдаги тармоқ ва 384 та иншоотда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш белгиланган.
Ушбу мақсадларга 1 трлн. 055 млрд. сўм маблағ ажратилган. Шундан 874,3 млрд. сўмлик манзилли дастур тасдиқланган. Жорий йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, 535,4 млрд. сўм молиялаштирилиб, 2 994,1 км тармоқлар қурилди ва реконструкция қилинди. Ушбу дастурларда кўзда тутилган 352 объектга пудрат ташкилотлари Қурилиш вазирлигининг қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтингида “SS” ва ундан юқори поғонага эга бўлган салоҳиятли пудрат ташкилотлар танлаб олиниб, шартномалар тузилди ҳамда қурилиш ишлари бошланди.
Жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида 283 объектда қурилиш-монтаж ишларини якунлаб, уларни фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Бугунги кунда 69 та объектда қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, фойдаланишга топшириш ҳужжатлари расмийлаштирилмоқда. Натижада жами 1,1 млн нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминланади ҳамда 2,9 млн нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланади.