2020 йил 10 апрель. Худди шу куни ўзининг сиёсий иродасини жаҳонга намоён этиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг нуфузли минбарида тарихда илк бор ўз она тилида нутқ сўзлаган ҳамда бу орқали бутун дунё аҳлини ҳайртага сола олган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Тўғри, бундан олдин ҳам, аниқроғи, 1989 йилдан бошлаб 21 октябрни ўзига хос равишда байрам қилиб келганмиз. Аммо 2020 йилдан эътиборан 21 октябрь расман Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди. Албатта, бундан кимдир ўзида йўқ қувонган бўлса, кимдир очиқ-ошкора бўлмаса ҳам “ҳап сеними” дегандек тишларини ғижирлатгани аниқ. Чунки бир миллатнинг мустақил бўлиши, ўзини, ўзлигини, миллий урф-одату анъаналарини, қадриятларини таниши, билиши, қалбан ҳис қилиши ва уларни бошқа ташқи кучларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиши ҳаммага ҳам маъқул келавермайди. Айниқса, бу миллат, бу давлат узоқ йиллар давомида кимгадир ҳар томонлама қарам бўлган бўлса...

Шу ўринда ХХ аср ўзбек шеъриятининг ўзига хос вакили, миллатпарвар шоир Шавкат Раҳмон шогирди Раҳмон Қўчқор билан бир суҳбатда айтган гапини келтириб ўтишни жоиз топдим:

— Бир юзу ўттиз йилдан сўнг қўлга киритилган мустақиллигимизни осонликча бериб қўймаймиз, — деди Шавкат ака муштларини тугиб. — Майда-чуйда гапларни бир четга йиғиштириб қўйиш керак. Асосийси — мустақиллик... Уни қўлдан бермаймиз...

Нима учун гапни мустақилликка олиб келяпсиз, дейишга шошилманг. Ахир Ўзбекистон мустақиллиги арафасида ўзбек тили давлат тилига айланмадими? Барака топгур, wikipedia маълумотларида ҳам  она тилимиз 1989 йил 21 октябрь куни 178 мамлакатнинг расмий тиллари қаторига қўшилгани қайд этилган. Бугун ана шу саъй-ҳаракатлар натижасида дунёда 60 миллионга яқин (баъзи манбаларда 50 миллион) одам ўзбек тилида сўзлашмоқда.

Назаримда, 2020 йил 10 апрелни ўзбек тили ривожи, келажаги ҳамда янада такомиллашиши учун 1989 йил 21 октябрга тенглаштириш мумкиндек. Чунки ушбу икки сана ўзбек тили “ҳаёти”да алоҳида аҳамият касб этади.

Ҳар баҳорда шу бўлар такрор деганларидек, байрам арафасида ва байрам кунлари тилимизга оид шиорларни, унинг улуғлиги, аҳамияти, муҳимлигини кенг жамоатчиликка кўрсатиш, тўғрироғи, рўкач қилиш учун турли далил ва рақамларни қидирамиз. Ўзбек тилининг келиб чиқиши бир неча минг йиллик тарихга бориб тақалиши, шу кунларда ушбу тилга эътибор ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ экани, унинг давлат тили сифатида фойдаланилиши қамрови янада кенгайиб бораётгани, сўзлашувчилар сони йилдан-йилдан ортаётгани, дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиш тобора юксалаётгани ҳақида бонг урамиз. Ана шу санада ўзбек адабий тилининг асосчиси сифатида Алишер Навоийни, шу тилда ижод қилган Бобурни, ўз даврида йўқолишга юз тутган тилни асраб қолиш учун ҳаракат қилган бошқа аждодларимизни ёдга оламиз, маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, мушоираю адабий кечалар ташкил қиламиз, қўлимиздан келганча куюниб ёки ўзимиз мулоқотда бошқа тилдан фойдалансак ҳам, шу мавзуга оид баландпарвоз фикрларга тўла мақолалар эълон қиламиз (мен тайёрлаган мақола ҳам шулардан бирига ўхшаб кетди-ёв). Ундан кўра амалий ишга қўл урайлик, оиламизда, дўстлар даврасида, ишхонада, жамоат ичида ўрнак бўлайлик. Қандай қилиб дейсизми?

Агар оилада ота ёки она ўзбек тилида мулоқот қилса, фарзандлар ҳам уларга тақлид қилади. Бу билан ҳеч ким сизнинг хорижий тилларни ўрганишга бўлган ҳуқуқингизни поймол қилиш ниятида эмас. Масалан, менинг оиламда доим ўзбек тилида сўзлашилади. Ўғлим яқинда инглиз тилини билиш бўйича махсус сертификатни қўлга киритди. Лекин бу билан у ўз она тилини унутгани йўқ, унинг қонун-қоидаларини янада яхшироқ ўрганишга ҳаракат қилмоқда. Ҳа, яна бир гап. Энди у яна бир хорижий тилни ўрганишга киришмоқчи. Мен эса уни қўллаб-қувватлаш ниятидаман...

Ишхоналарда давлат тилида иш юритишга оид расмий кўрсатмалар мавжуд. Шундай экан, сиз ҳам ҳамкасбларингизни шу кўрсатмаларга амал қилишга унданг, гарчи мулоқотингиз суҳбатдошингиздан келиб чиқиб бошқа тилда бўлса ҳам, ҳеч бўлмаса, ҳужжат юритишни давлат тилида амалга оширинг. Бошқа ташкилотдан инглиз, рус ёки бошқа тилда тақдим қилинган мурожаат хатига сиз давлат тилида жавоб қайтаринг. Бу ҳам сизнинг тилимиз ривожига қўшган ҳиссангиз бўлади.

Мақтаниш бўлиб қолмасин, аммо мақташга арзигулик. Рақамли технологиялар вазирлигида раҳбариятнинг шахсан кўмаги ва қўллаб-қувватлаши натижасида тўлиқ давлат тилида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритилиши таъминланган. Бошида бироз қийин бўлган бўлса ҳам, бугун мевасини кўряпмиз. Энг қувонарлиси, рус ёки инглиз тилида мулоқот қилувчилар сони камайди. Шунингдек, аввал ҳужжатни рус тилида тайёрлаб, кейин ўзбек тилига таржима қиладиган ҳамкасбларимиз бугун баъзи хато ва камчиликларни инобатга олмаганда, давлат тилида равон ёзмоқда.

Яқинда телефоним жиринглади, гўшакни кўтарсам, нариги томондаги қиз ажнабий тилда сўзламоқда. Давлат идорасига қўнғироқ қилгани учун у билан ўзбек тилида мулоқот қила бошладим. Аввалига қиз гапимни тушунмасликка олди, лекин мен давом этавергач, у ҳам ўзбек тилида гапиришни бошлади. Бир-биримизни тушунишда қийналдик, бироқ исм-шарифи ўзбекча қизни ўзбек тилида гапиришга мажбурладим. Суҳбатимиз якунига етиш арафасида унга ўзи сўзлаган ажнабий тилда бу давлат идораси экани, давлат идорасида эса давлат тилида иш юритилиши, мулоқот қилинишини тушунтирдим. Ҳеч нарса бўлмади, осмон узилиб, ерга тушмади.

Яна бир янгиликни айтиб ўтмасам бўлмас. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги фармони ижроси доирасида вазирлигимиз томонидан тизимдаги қатор корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда “Ахборот технологиялари атамаларининг изоҳли луғати” яратилди. Ушбу луғат аввалига 1000 дона режалаштирилган бўлса ҳам, талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан яна 2000 дона нашр қилинди. Ушбу луғат вазирлик ва идоралар, шунингдек, маҳаллий ҳокимликларга бепул тарқатилди.

Яқин ўтмишда кўп идораларда рус тилини билмаслик ишингиз битишига халақит қилган ёки чет тилини билишни ўзига обрў деб биладиган баъзилар ўзбек тилида иш юритадиган ходимларнинг савияси паст, деб ҳисоблаб келган.

Шу ўринда яна бир масала. Бугун замон ривожланмоқда. Ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига янгидан-янги технологиялар ва улар орқали янги атамалар кириб келмоқда. Биз осонига ўрганиб қолдик. Жон койитишни истамаймиз. Бу атама хорижда ёки биринчи марта қўлланилган мамлакатда қандай қўлланилса, шундайлигича қабул қилиб қўя қоламиз. Баҳона: “агар биз бу атамани ўзбекчалаштирсак, хорижлик ҳамкорларимиз тушунмайди”, эмиш. Бекор гап. Эй инсон, сен бу атаманинг ўзбек тилидагисини бир марта ўша ҳамкорингга тушунтир ва кейин бемалол фойдаланавер. Менимча, у бунга сираям қаршилик қилмаса керак. Яна бир баҳона тайёр. Ўзбек тилида унинг муқобили йўқ. Бўлмаган гап. Ўзбек тили сизу биз ўйлаганчалик “камбағал” эмас. Биз билмаймиз холос. Китоб жавонида туриб, чанг босиб ётган луғатларни титишни, ҳеч бўлмаганда деярли ҳамма саволга жавоб топиш мумкин бўлган Интернетни ковлаштиришни хоҳламаймиз.

Кези келганда, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат, яъни қонунчиликка мувофиқ қабул қилинган, умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий меъёрларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжатларни ишлаб чиқувчиларга икки оғиз сўз. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнида у қайси йўналишда бўлса, нотаниш атамаларга дуч келинганида, ана шу соҳа мутахассислари, айниқса, малакали тилшунослар билан маслаҳатлашиш, тилимизга кириб келиши кутилаётган янги атаманинг ўзбекча муқобилидан фойдаланиш мумкин-ку! Баъзан бир хорижий сўзнинг бип-бинойидек ўзбекчасини ишлатишни таклиф қилсангиз, ана шундай ҳужжатларни рўкач қиладиганлар топилади. “Мана қонун ҳужжатида шундай қўлланилган” деб кўрсатишади. Бу билан ҳеч кимнинг билимига шубҳа билдирмоқчи эмасмиз, аммо ҳар не бўлганда ҳам соҳа билимдонларига мурожаат қилган маъқулроқ.

Менимча, барча вазирлигу идора, корхонаю ташкилотларда давлат тилида, хусусан, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритишни, ҳар бир раҳбар, энг аввало, ўзидан бошлаши керак. Чунки сиз ҳар қанча қўл остингиздаги ходимга худди шу йўналишда топшириқ берманг, агар ўзингиз бу ишни қилмас экансиз, ундан буни кутманг. Зеро, халқимиз бекорга “қуш уясида кўрганини қилади” деган нақлни ишлатмайди.

Германия, Туркия, Грузия, Озайрбайжон каби давлатларда аҳолининг ўз она тилидан фойдаланишини кўриб ҳавас қиласан киши. Яқинда Россия Ички ишлар вазирлиги муҳожирларнинг рус тилини билиш даражасига қараб жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловини камайтириш ва шу орқали уларни ўқишга рағбатлантиришни таклиф қилди. Бугун кўпроқ даромад топиш илинжида ўша томонларда ҳар қанча қийин шароитда бўлмасин, меҳнат қилаётган юртдошларимиз борлигини ўйласак, бу биз учун “минус” бўлди.

Яна бир мисол. АҚШ Ташқи ишлар вазирлиги энди барча расмий ҳужжатларда Туркиянинг анъанавий инглизча Turkey номи ўрнига Türkiye сўзини ишлатиши ҳақидаги хабарлар тарқалди. Туркия анчадан бери ўз имижи ва маҳсулотларини жаҳон бозорида фаол тарғиб қилиб, мамлакатнинг бренд сифатида максимал даражада тан олинишига эришмоқда. 2022 йил июнь ойида БМТ ҳам Туркиянинг барча расмий ҳужжатлардаги республика номини туркий фонетик меъёрларга мувофиқ ёзилиши учун хорижий тилларда ўзгартириш бўйича расмий сўровини қондирган эди. Ҳатто бунинг учун БМТ Бош котиби Гутереш Эрдўғонга миннатдорлик билдирганига нима дейсиз?

Бу каби ҳолатлар ўз фарзандларини тил ўрганмасдан туриб, хорижий давлатларга юбораётган миллат сифатида бизга ҳар қанча маъқул бўлмаса ҳам, улар учун тўғри. Улар ўз тилини ҳимоя қилмоқда, мамлакатига келувчиларга ўз она тилини ўргатиш, давлатлари номини жаҳон майдонида ўз тилида янгратиш илинжида. Буни фақатгина олқишлаш ва керак бўлса, ўрнак олиш лозим.

Кун келиб, бизнинг юртимизни ҳам Uzbekistan эмас, балки Ўзбекистон, деб аташса, не ажаб...Ўзбек тили қонун-қоидалари, ўзбекча талаффузда янграса... Зеро, яхши ният – ёрти мол.

Нурулла Абдуллаев,

Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси