Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ташаббуси билан барпо этилган Замонавий санъат маркази Ўзбекистонда кўргазма, таълим, бадиий тадқиқот ҳамда маърифий йўналишларни бир нуқтада жамлаган биринчи йирик давлат муассасаси сифатида бўй кўрсатяпти.

Реконструкциядан сўнг қайта очиладиган марказ биноси бир асрдан кўпроқ вақт олдин, 1912 йилда қурилган. Дастлаб бу ерда шаҳарнинг биринчи трамвай тармоғини электр энергияси билан таъминлайдиган Тошкентнинг дизель электр станцияси жойлашган. Ўзининг бир қатор машҳур ишлари, жумладан Романов қароргоҳи, Ғазначилик биноси ва бошқа ишлари билан таниқли бўлган Вилгелм Хайнтселман томонидан лойиҳалаштирилган.

2019 йилда бино Тошкентдаги Замонавий санъат марказига топширилди. Реконструкция ишлари 2022 йил охирида бошланди, лойиҳага кўплаб мукофотларга сазовор бўлган Франциянинг “Studio KO” меъморчилик бюроси раҳбарлик қилди. Янгилаш жараёнида объектнинг тарихий қиёфаси ва саноат меъморчилигига хос хусусиятлари сақлаб қолинди, замонавий маданий маскан талабларига мослаштирилди.

Мажмуа ички тузилиши ва имкониятлари жиҳатидан ҳар томонлама пухта ўйланган. Бу ерда кенг кўргазма заллари, маъруза ва очиқ мулоқотлар учун мўлжалланган майдонлар, санъат ҳамда визуал маданиятга ихтисослашган бой кутубхона ҳамда архив фаолият юритади. Шунингдек, лойиҳа доирасида арт-резиденциялар, ижодий устахоналар, кинонамойишлар, турли перформанслар ўтказилиши режалаштирилган.

— Агар бу жой экспонатлар намойиш этиладиган сокин музейлардан бирига айлантирилганда, марказнинг ўзига хослиги бўлармиди? Албатта, йўқ, — дейди Тошкент Замонавий санъат маркази бадиий раҳбари доктор Сара Раза. — Марказнинг доимий фаолият юритадиган ижодий ва касбий муҳитга айланиши алоҳида аҳамиятга эга. Бу ерда ёш ижодкорлар ўз лойиҳаларини тақдим этади, тадқиқотчилар манбалар ва архив материаллари билан ишлайди, кенг жамоатчилик эса таълим дастурлари, маданий-маърифий тадбирлар ва ижодий ҳамжамият билан бевосита мулоқот орқали замонавий санъат билан яқиндан танишади. Марказ миллий маданиятимиз ва жаҳон визуал тили ўртасидаги узилишларни бартараф этувчи муҳим интеллектуал кўприкка айланишига ишонаман. Замонавий санъат тайёр жавобларни бермайди, у томошабинни мушоҳада қилишга, бетўхтов савол беришга, шахсий ички маконини қайта кашф этишга ундайди.

Мажмуа ўз фаолиятини Hikmah (“Ҳикмат”) номли илк халқаро кўргазма билан бошлайди. Кўргазма билим, маънавий мерос ва маданий хотира мавзуларига, шунингдек, тарихий анъаналар билан замонавий санъат ўртасидаги боғлиқликка бағишланган. Кўргазма экспозициясидан таниқли рассомларнинг 11 та асари, жумладан, лойиҳа учун махсус яратилган ишлар ўрин олади. Ўзбекистонда илк бор Ню-Ёркдаги Соломон Р. Гуггенхайм музейи тўпламидаги инсталляция намойиш этилиши алоҳида эътиборга молик.

Марказ хориждаги етакчи маданий муассасалар билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Улар қаторида АҚШнинг Гуггенхайм музейи ва Осиё санъати миллий музейи, Буюк Британиянинг “Tate” ва “Delfina Foundation” ташкилотлари, Франциянинг Помпиду маркази ҳамда Корея Санъат кенгаши бор.

Ушбу халқаро алоқалар маданий дипломатияни мустаҳкамлаш, пойтахтнинг замонавий қиёфасини шакллантириш ҳамда Янги Ўзбекистонни бой меросга эга, шу билан бирга, замонавий ғоялар, ижодий изланишлар ва халқаро мулоқотга очиқ мамлакат сифатида янада кенг намоён этишга хизмат қилади. Замонавий санъат маркази, шубҳасиз, маҳаллий истеъдод эгаларининг имкониятларини рўёбга чиқарувчи ва креатив иқтисодиётни ривожлантирувчи асосий воситалардан бирига айланади.

Азизбек ЮСУПОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Ҳаким Тоҳир олган суратлар