Ҳоким ўз хатида Наманган шаҳри, Давлатобод ҳамда Янги Наманган туманларида Вазирлар Маҳкамасининг қарорига зид равишда ўрнатилган камераларни КААТ тизимидан ўчириш ҳамда улар томонидан қайд этилган қоидабузарликларга жарималар қўллаш ишларини тўхтатиш сўралганди.
Ушбу хатга Наманган вилояти ЙҲХБ бошлиғи подполковник М.Газиев жавоб қайтарди.
Хатда қайд этилишича, қурилмалар қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан чора кўриш ҳамда йўлларда тартибли ҳаракатни таъминлаш орқали инсон хавфсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтиришга хизмат қилган.
«Масалан, Наманган шаҳри, Давлатобод ҳамда Янги Наманган туманлари ҳудудидаги қурилмалар айнан йўл-транспорт ҳодисалари ўчоқлари ҳисобланган жойларга ўрнатилган бўлиб, бу йўналишларда 2024 йилда пиёдалар билан боғлиқ 156 та ЙТҲ содир этилган. Шундан 13 таси ўлим билан, 143 таси эса тан жароҳат билан якунланган. Оғир оқибатларга олиб келган ЙТҲларнинг 70 фоизи ҳайдовчиларнинг тезликни меъёридан оширганликлари оқибатида юзага келган. Жорий йилда эса тезликни қайд қилиш қурилмалари назорати сабабли мазкур йўналишларда ўлим билан якунланган ЙТҲлар содир этилмади», дейилади бошқарма жавоб хатида.
Шунингдек, Вилоят ЙҲХБ бошлиғининг жавоб хатида ҳокимлик хизмат машиналари кўплаб (47 маротаба) қоидабузарлик содир этаётгани билдирилган.
Шунингдек, вилоят ЙҲХБ Наманган шаҳар ҳокимлиги тасарруфидаги 50 020 ДАВ давлат рақам белгили Captiva машинаси 2024 йил ва жорий йилда жами 47 та қоидабузарлик содир этганини, 11 та ҳолатда 8 млн 170 минг сўм сўм муддати ўтган тўланмаган жарималар борлигини маълум қилган.
«Ҳокимликнинг бошқа транспорт воситалари томонидан (50 023 ДАВ, 50 024 ДАВ, 50 025 ДАВ, 50 028 ДАВ) жами 41 та қоидабузарлик бўйича 18 млн 750 минг сўм, Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ҳокимликлари тасарруфидаги (50 074 ДАВ, 50 075 ДАВ, 50 016 ДАВ, 50 017 ДАВ, 50 019 ДАВ ва 50 022 ДАВ) транспорт воситалари томонидан жами 46 та қоидабузарлик бўйича 16 млн 307 000 сўм миқдорда муддати ўтган тўланмаган жарималар мавжуд экани аниқланди», дейилади Мансур Газиевнинг жавоб хатида.
Вилоят ЙҲХБ бошлиғи ҳокимдан Наманган шаҳар, Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ҳокимликлари тасарруфидаги машиналар томонидан содир этилаётган сурункали қоидабузарликларни танқидий муҳокама қилишини ҳамда муддати ўтган жарималарни ундиришда амалий ёрдам кўрсатишни сўраган.