Кичик бироқ шинамгина бир хона, стеллажларда тизилган китоблар ва сукунат. Ўткир ва ўйчан нигоҳлари билан шогирдига бир муддат қараб турган устознинг меҳр тўла кўзларида "ўқишдан, меҳнатдан чўчимасанг, бир куни сен ҳам шифокор эмас, инсон шифокори бўласан", деган ҳикматни ўқиш мумкин. Бу сўзлар йиллар ўтиб Бунёднинг ҳаёти мезонига айланди.
Шаҳоб Ҳамроев... нафақат Ўзбекистон, балки жуда кўплаб ривожланган мамлакатларда ҳам ортопедия ва травматология соҳасида ўз мактабини яратган олимлардан эди. Унинг шогирдлари бугун дунё бўйлаб халқаро лойиҳаларда иштирок этиб, устоз илми ва методларини амалиётда татбиқ этмоқдалар.
Шогирдларининг эътирофича бу инсон фақат китобларда эмас, балки ҳар бир шогирди қалбида қўрғон ярата олган устоз эди. Унинг услуби — сабр, диққат ва инсонпарварликдан иборат эди. "Жарроҳликда кичик хато бўлмайди" деган устоз шу теран қараш билан ўз шогирдларини камолга етказди.
Илмий мактаб ва мерос
Академик Ҳамроев томонидан асос солинган ортопедия мактаби инсон скелет-мускул тизимидаги мураккаб патологияларни клиник ва биомеханик асосда ҳал қилишга йўналтирилган. У киши замонавий эндопротезлаш, соҳага маҳаллийлаштирилган материаллар ва реабилитация тизимини илмий жиҳатдан асослаб берган.
Шу мактабнинг йирик ва фаол ворисларидан бири — доктор Бунёд Тўғузов бўлиб, у академикнинг илмий ютуқларини замонавий инновациялар билан бойитиб, халқаро ҳамкорлик асосида янги методлар ишлаб чиқмоқда. Айниқса, «бир кунда қайта юриш« методикаси бугунги кунда амалиётда қўлланилмоқда ва бемор турмуш сифатини кескин яхшилаяпти.
Шаҳоб Ҳамроев нафақат шогирд, балки маънавий фарзанд тарбиялашда ҳам беназир инсон эди. Унинг хонадон муҳити, турмуш тарзи, бағрикенглиги ва одамларга нисбатан эҳтироми — бутун ҳаёти фалсафасига айланган эди. Аёли Олимахон ая билан эҳтиёжманд талабаларга паноҳ бериб, ҳақиқий зиёлилик намунасини кўрсатдилар.
Шундай инсонлар бўладики, гарчанд ҳаётдан ўтсалар ҳам, уларнинг юзи, сўзи, ибораси ва ҳаттоки сукутларидаги ибрати тириклигича қолаверади.
Хотирада тирик инсон
Бунёд Тўғузовнинг айтишича, устозининг туғилган куни улар оиласида байрам сифатида нишонланади. «У киши мен учун устоз, ота ва ҳаёт дастуримни белгилаган одамдир. У кишининг менга ишонгани сабаб бугун илмга садоқат ва масъулият билан яшаяпман», дейди у.
Бунёд ўзининг камтарона мулоҳазаларида Россия ФАакадемигининг илмий мактабини гапиришдан олдин, болалик хотираларини ёдга олди. 2003 йилда Самарқанддан пойтахтга келганимда ҳали катта шаҳар нинг ўзига яраша қонунларини билмайдиган ғўр бола эдим. Тошмидек катта даргоҳда мен учратган олим одам Шаҳоб Шамсиевич эдилар. Мана шу хонада домлам мени илк маротаба қабул қилиб бир соатлар чамаси гаплашганимиздан сўнг, менга қанот берди. Ҳа ўша куннинг ўзидаёқ менинг орзу ва мақсадларим ҳақидаги гапларимни тинглаб, агар меҳнатдан қочмасам, ўқиб ўрганиш машқини бир кун бўлсада ортга сурмасам ўзига шогирд қилиб олишини айтди. Ўша пайтларда Ш.Шамсиевични ҳузурида унча мунча олим ўзини йўқотиб қўярди. Устозимдаги оғир ва вазминлик, сўзлаганда гапини етти бор ўйлаб, мулоҳаза қилиб сўнгра гапирадиган одати бизга ўхшаган шогирдларда у инсон билан гаплашиш тугул узоқроқдан маъруза ва амалиётини кузатиш ҳавасини уйғотарди холос. Бироқ ўша куни мен устозни мутлақ бошқа инсон қиёфасида кашф этдим. У суҳбатда очиқ, танти, ичингдагини ярим сўзингдан англаб оладиган сергак суҳбатдош, гапларингни охиригача сабр билан эшитадиган тингловчи эдилар. Камтар қиёфаси олимлик фазилатини безаб турадиган асримиз олимининг ўша айтган бир оғиз сўзи, қабул қилган ақлли қарори сабаб бугун мен илм йўлидаман. Устозимнинг ишончи сабаб катта ибрат мактабидан олган сабоқларимни одамлар дардини енгиллатишдек савоб ишларга сарфлаяпман.
Устозимни сабоқларини олсам у кишидаги бағрикенгликка қойил қоламан. У кишининг шундай сўзлари бўларди. Жарроҳлик амалиётида кичик детал бўлмайди, ҳар бир ҳаракатни диққат билан амалга ошириш керак. шунинг учун ҳам жарроҳнинг нони қаттиқ бўлади.ҳар кимнинг тиши ўтмайди. Болаларим бу касб ҳушёрлик, сабрни талаб этади. Кимки шу хислатларни ўзида тарбияласа жарроҳ бўлсин. устозимнинг 3 нафар фарзандлари бор, мен оиланинг 4 чиси эдим. Олимахон Ҳожи онамизни кўп эслайман. Шогирдлигимнинг илк йиллари устоз билан тез тез уйларига бориб машғулотлар ўтардик. Ҳушёр аёл эмасми, мени отадан эрта етим қолганим ва уйсизлигимни билиб ўз уйларидан жой бердилар. Мен Олимахон Ҳожи онамизнинг иссиқ хонадони бағрида 13 йил яшадим. Улар шу қадар бағрикенг инсон эдиларки, бирор маротаба ҳатто ўз фарзандларига овозларини кўтариб гапирганларини эшитмаганди. Бу оила зиёли оила эди. Мени ҳамиша ҳайратга солгани домлам уйда фарзандларга танбеҳ бериб урушишлариям ўзгача эди. Мен бу хонадонда қаттиқ оҳангдаги жанжалларни эшитмадим. Устозим кимдандир норози бўлса, ёки ранжиса сал мийиғида кулиб чиқиб кетардилар. Кечгача гапирмасдилар. Бу биз болалар учун жуда катта «жазо» эди. Магистратурада ўқирдим, операция пайтлари биз беморни амалиётга тайёрлар эдик. Унинг психологик ҳолатидан операциядан кейинги парваришлаш каби жараёнлари бизнинг назоратимизда бўларди. Хато қилишга ҳаққимиз йўқлигини устоз кунда бир икки маротаба уқтиришдан толмасдилар. Бир кун нима бўлдию, мен хатога йўл қўйдим. Жарроҳлик амалиётидан уч ой четлаштирилдим. Операция хонасидан чиқиб шифокорлар хонасида қилган айбимдан пушаймон ўтирган ҳолатимда, хонасига чақиртирди ва бугун сизга катта бир топшириқ борлиги, барча харажатлар ҳал қилинганлиги ва Санк-Питербургдаги Вреден номидаги травмотология-ортопедия илмий текшириш институтга малака оширишга боришимни айтди. Кўряпсизми сал олдин ҳақли жазолаган инсон, бироз ўтиб менга малака ошириш курсини таклиф этиб турибди. Айтингчи бу доноларча қарорнинг остида нима ётади, назаримда ишонч ўзи ўстираётган ниҳолнинг катта дарахт бўлиб қулоч ёйиши ва одамларга нафи тегишига ишонч мужассам бўлса керак. айтингчи бундай инсонларни унутиб бўладими...мен устозимдан бир умр миннатдорлик ва қарздорлик ҳисси билан яшайман. Йиллар ўтди, тафаккурим кенгая боргани сайин мен устоз олдидаги қарзни узиш йўлларини қидирдим. Бу унинг илмига садоқатим ва ўз ҳаётимга жавобгарлигим. Шундай қилсам устоз отам мендан рози бўладигандай эди. Бугун мен ҳам ўз оиламда шу тартибни йўлга қўйганман. Ҳар сафар болаларимга танбеҳ беришга тўғри келиб қилса устозимнинг нуроний, донишманд чеҳраси гавдаланади.
Ишда ва уйда, шогирд ва фарзандлар тарбиясида устоз отам изидан бориш мен учун қанчалар фахр бўлса, шунчалик масъулият ҳамдир.
Устозимнинг туғилган санаси менинг оиламда байрам куни сифатида нишонланади. Истайманки, набираларим ҳам мен ардоқлаётган маънавиятни ўз сулолалари ҳаётига татбиқ этса.шунда умрлар яшаб бораверади. Шундагина илм излаб, хизмат топган олимларнинг ҳаёти мудом тириклигича қолади.
бир инсоннинг эмас, бутун бир илмий мактабнинг, фидокорлик, инсонпарварлик ва устозлик фазилатларининг тимсолидир.
Устозлар изидан — яна бир муваффақиятли қадам
Ҳақиқий устоз шогирдининг тақдирига масъулият билан ёндашади. Уни нафақат ўқитади, балки ҳаёт мактабида ҳам тарбиялайди. Ана шундай улуғ инсонлардан бири, Ўзбекистонда ортопедия ва травматология соҳасининг йирик намояндаларидан бири, академик Шаҳоб Ҳамроев эди. У кишининг шогирдларидан бири — ёш олим, шифокор-травматолог Бунёд Тўғузов бугунги кунда устози бошлаб берган ишларни давом эттираётган шогирд сифатида бутун илмий жамоатчилик эътиборида турибди.
Бунёд Тўғузов ўз хотираларида шундай дейди:
«Устозим мени гўёки ʼжазоъ сифатида Ленинградга малака оширишга юборган эдилар. Бу аввалига мен учун тушунарсиз қарор бўлганди. Аммо бу ʼжазоъ менинг ҳаётимни тубдан ўзгартирди. У ерда олган билимларим, кўрган тажрибаларим кейинчалик менинг йўлимни аниқлаб берди. Энди тушунаман — у киши менга катта ишонч билдирган эканлар.»
Ҳақиқатан ҳам, Шаҳоб Ҳамроевнинг шогирд тарбиялашдаги услуби оддий эмасди. У изчилликни, масъулиятни, интизомни талаб қиларди. Баъзан қаттиққўллиги билан ҳам танилган устоз, ҳар бир қарорини шогирд манфаати йўлида қабул қилар, бир қарашда «жазо» бўлиб кўринган вазифалар ортида улкан тарбия мақсади ётар эди.
Бугун Бунёд Тўғузов айнан устози Шаҳоб Ҳамроев фаолият юритган бўлимда иш олиб бормоқда. Бу — шунчаки тасодиф эмас. Бу — илмий ва инсонпарварлик анъанасининг давоми.
Тошкент Давлат тиббиёт университети матбуот котиби
Гулчеҳра Мирзаева суҳбатлашди
Ҳамкорлик материали