Фарзандларимиз камоли, маънавий етук, жисмонан бақувват бўлиб улғайиши, истеъдоди ва интеллектуал салоҳияти юзага чиқиши, замонавий касб эгаллаши учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган. Зеро, замон талаби – ёшлар билан эртага эмас, бугун ва ҳозир ишлаш шарт!
Тараққиётни белгиловчи асосий куч юқори малакали кадрлардир. Бундай мутахассисларни етиштириш учун эса таълим тизими яхши ишлаши шарт. Келинг, тасаввуримизни ойдинлаштириб олиш учун Фарғона давлат университетининг бугунги фаолиятига бир қур назар ташласак. Асрга тенгдош бўлган йирик илм даргоҳи ўтган давр ичида қандай ўзгариш ва ислоҳотларга гувоҳ бўлди?
Университетнинг бугунги фаолияти, олдига қўйилган режа ва мақсадлар янги Ўзбекистоннинг имкониятлари, янги авлод кадрлар тарбиялаш борасидаги принципларга уйғундир. Хусусан, олийгоҳнинг бакалавриат, магистратура босқичлари ҳамда сиртқи таълим бўлимида 30 мингдан ортиқ талабага таълим бераётган 900 га яқин тажрибали ва юқори салоҳиятли профессор-ўқитувчининг саъй-ҳаракатлари янгича дунёқараш ва тафаккур эгаларини, малакали мутахассисларни тайёрлашга қаратилган.
Кафедраларда иқтидорли талабалар билан “устоз-шогирд” тизими асосида йўлга қўйилган намунали фаолият натижасида илм-фан билан шуғулланаётган ёшлар сафи кенгаймоқда. Талабалар турли стипендиялар, халқаро ва маҳаллий фан олимпиадалари, танловлар ҳамда спорт мусобақаларида юқори ўринларни эгаллаб, ўқитувчи ва мураббийлари ишончини оқлаётир. Университетда талабаларнинг ўқиши ва олган билимини амалиётда қўллаши учун зарур шарт-шароит яратиб берилмоқда.
Рейтинг – фаолият кўзгуси,
халқаро ҳамкорлик ривожи эса эътирофдир
Сўнгги йилларда мамлакат олий таълим муассасалари орасида ФарДУнинг нуфузи ошиб, мавқейи тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бунда юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар муҳим омил, албатта. Соҳадаги ислоҳотлар натижасида бугун ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражаси 42 фоиз ортди. Олий таълим муассасалари сони айни пайтда 220 дан ошди, 70 га яқин нодавлат олий таълим муассасаси очилди. QS “Фан соҳалари рейтинги”да 2 та олийгоҳ “Топ-500”, “QS Осиё университетлари рейтинги – 2024”да 14 та олийгоҳ “Топ-1000”, “QS Sustainability Rankings – 2024”да 3 та олийгоҳ “Топ-1000” университетлар рўйхатига киритилди.
Айниқса, ФарДУнинг яқин 4 йиллик фаолиятини кузатиб, халқаро рейтингларда эгаллаган муваффақиятлари юқорилаб бораётганига, ҳатто улар сенсацион натижалар сифатида эътироф этилаётганига гувоҳ бўлдик.
– Дунёнинг энг нуфузли олий таълим муассасалари ва рейтинг ташкилотлари билан алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз, – дейди ФарДУ ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Баҳодиржон Шермуҳаммадов. – Ўтган йилларда Австралиянинг “UniRank” рейтинг платформасида маҳаллий миқёсда 23-ўринни банд этдик. Грузиянинг халқаро университетлар рейтинг ташкилоти – “Round University Ranking” рейтингида ўқитиш индикатори бўйича 883-ўринда қайд этилдик. Бунда олийгоҳ сифатли таълим мезони бўйича алоҳида ўрин тутади.
Шунингдек, Канаданинг Халқаро ютуқлар тадқиқот маркази – IARС рейтингида университет “Йил университети – 2023” халқаро танлови ғолиби бўлди. Индонезиянинг “UI Green Metric World University Ranking” халқаро рейтингида барқарор ривожланаётган университет сифатида дунё олийгоҳлари ичида 738-ўринни, Туркиянинг HE – “Higher Education” халқаро рейтингида эса 3-ўринни эгаллади.
Мазкур муваффақиятларни нафақат Фарғона давлат университети, балки бутун Ўзбекистон таълим тизими тарихида муҳим воқеа дейиш мумкин. Бу мамлакатимиз олий таълим муассасалари жаҳон стандартларига жавоб бера олишининг яққол исботи бўлмоқда. Яъни миллий таълим тизимимиз дунёда тан олиняпти, ҳамкорлик аввалгидек фақат хориж томоннинг эмас, ўзаро манфаатга асосланган тенг аснода кечяпти.
Шу маънода университетда халқаро ҳамкорлик масаласи қандай йўлга қўйилгани мавзусига ҳам қисқача тўхталиб ўтсак. Ҳар ҳафта таълим муассассаси билан ҳамкорликка пешвоз чиқувчилар билан учрашувлар нақд. Масалан, биз бу ерда бўлишимиз Лоянг археологик тадқиқотлар институти делегациясининг ташрифи онларига тўғри келиб қолди.
ФарДУнинг ишончли ҳамкори ҳисобланган Лоянг археологик тадқиқотлар институти делегацияси 10 нафар археолог мутахассисдан иборат экан. Улар май-июнь ойларида Қува шаҳристони ёдгорлигида ФарДУ олимлари ва тадқиқотчи-талабалари иштирокида халқаро илмий қазув экспедициясида иштирок этади.
Бу сафарги ташриф доирасида Лоянг археологик тадқиқотлар институти томонидан Ўзбекистон – Хитой археология қўшма кафедраси ҳузуридаги илмий лаборатория учун олиб келинган техник жиҳозлар тавсифи, халқаро қазув экспедециясини ташкил этиш, ФарДУнинг 15 талабасини ўқув стажировкасига юбориш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Лоянглик йирик тадбиркор, “CNNC Henan Energy Co., Ltd” компанияси директори Хуэ Ҳаиянг билан ҳам музокаралар ўтказилиб, инвестор томонидан ФарДУга Хитойнинг ишлаб чиқариш билан боғлик инвестицияларини киритиш масалалари муҳокама қилинди.
Яна шу куннинг ўзида университет раҳбарияти дунёнинг энг нуфузли АРWУ рейтинг тизимида ТОР-300 дан жой олган Шимоли-ғарбий университет делегациясини ҳам қабул қилди. Учрашувда Шимоли-ғарбий университет инвестициялари асосида палеонтология ва маданий меросни муҳофаза қилиш ўқув-илмий лабораторияси ташкил қилиш бўйича келишувга эришилди. Унга кўра, жорий йилда лаборатория учун хоналар ажратилиб, жиҳозланиши бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Бундан ташқари, 2025/2026 ўқув йилидан етакчи олимларини ФарДУга асосий ва ўриндошлик асосида ишга қабул қилиш, академик алмашинув доирасида талабаларни Шимоли-ғарбий университет семестрига юбориш, Фарғона водийсида ҳамкорликда археологик қазув-тадқиқот ишлари олиб бориш каби қатор муҳим масалалар юзасидан келишиб олинди.
Иқтидорли талаба – устозлар фахри
Таълим даргоҳида илм олаётган кўплаб ёшлар қўлга киритаётган ютуқлар, фан олимпиадаларидаги муваффақиятлар, турли нуфузли стипендия соҳибига айланиши ортида фидойи устозлар, педагогик жамоа меҳнати мужассам, албатта. Бу каби натижалар, замонавий тилда айтганда, атрофдагиларга мотивация беради. ФарДУ фахрига айланаётган илғор талабалар сони кўпайиб, уларнинг илмий изланишлари аҳамияти тобора ортиб бораётгани эса кишини қувонтиради.
– Бугун IT парклар қаторида креатив парклар, ёшлар сайилгоҳлари, ижод кўчалари, олий ўқув юртларида спорт лигалари, коворкинг ва театр студиялари бизнинг ихтиёримизда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси соҳиби Файзулла Сайрамов. – Янги таҳрирдаги Конституциямизга ёшларнинг ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза этиш, жамият ва давлат ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, сифатли таълим олиши, ижтимоий ва тиббий хизматлардан фойдаланиши, уй-жойли, ишли бўлиши учун зарур шарт-шароит яратишга доир нормалар киритилгани ниҳоятда катта воқеадир. Давлат бу орқали ўз зиммасига муҳим мажбуриятларни олмоқда. Уларнинг ҳаётимизда тасдиғини топиши нафақат биз ёшлар манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимизнинг келгуси тақдири учун ғоят муҳим.
– Биз ёшларнинг дунёқарашимиз ўзгаряпти, тафаккуримиз ўсаяпти, – дейди Улуғбек номидаги давлат стипендияси соҳибаси Анна Богдан. – Шундай бўлиши ҳам керак-да. Ахир дунёнинг эртаси, тақдири ёшлар қўлида. Давлатимиз раҳбари “Ёшлар келажаги билан боғлиқ ҳар қандай вазифа бирламчи аҳамиятга эга”, деб бежиз таъкидламайди. Бу ёндашув “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам аксини топган. Мисол учун, ушбу муҳим ҳужжатнинг “Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш” деб номланган биринчи йўналиши 44 банддан иборат бўлса, шунинг 25 дан ортиғи бевосита ёшлар манфаатларига қаратилган.
Дарҳақиқат, кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик ёш авлод зиммасига залворли масъулият юклайди, ёшларимиздан халқимиз олдида турган юксак мақсадларга эришишда янада фаоллик кўрсатишни талаб этади.
— 30 июнь мамлакатимизда Ёшлар куни, деб эълон қилингани ҳам кейинги даврда юртимизда ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантиришга катта эътибор қаратилаётганини яққол тасдиқлайди, – дейди ФарДУ ректори стипендияси соҳибаси Дурдона Мўйдинова. – Бугун биз илм олаётган таълим муассасасининг илмий салоҳияти унча-бунча рақобатдан қўрқмайдиган даражага чиққани билан фахрланамиз. Бунга жонкуяр устозларимиз, бу ерда яратиб берилган шароитлар муҳим омил бўляпти.
Университетда мунтазам фаолият юритиб келаётган “Нилуфар” талабалар театр студияси, ёш талабалар медиагуруҳи, “Заковат” интеллектуал клуби, “Inspire-U Academy” хорижий тиллар ўқув маркази, ёш сухандонлар, китобхонлар, актёрлар, дастурчилар, рассомлар, таржимонлар марказлари, “ФарДУ эковолонтёрлари” кўнгилли гуруҳи, “Болажон” инновацион тажриба маркази, Гендер тенглик тадқиқотлари маркази, спорт мажмуаси таркибидаги профессионал футбол клуби, шахмат, шашка, кураш, енгил атлетика, сузиш каби тўгараклар юзлаб йигит-қизларнинг ўз салоҳият ва иқтидорини намойиш этиши учун хизмат қилмоқда.
Спорт – муассаса ҳаётининг ажралмас қисми
Дарвоқе, спорт ва жисмоний тарбия мавзусига алоҳида тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Негаки, мамлакатимизда ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларга “лаббай” деб жавоб бераётган университетнинг спортчилари ва спорт жамоалари эришаётган натижалар бугун нафақат мухлислар, балки спорт мутахассисларининг ҳам эътирофига сазовор бўлмоқда. Айниқса, миллионлар ўйини бўлган футбол жамоаси эришаётган ютуқлар кишини ҳайратлантиради. Бу натижалар аксарият жамоалар учун орзу.
Университет жамоаси мисолида кўриш мумкинки, мамлакатда ҳар томонлама етук ҳамда жисмонан соғлом инсонни шакллантириш, иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция) жараёнига инновацион шакллар ва усулларни жорий этиш ўз мевасини беришда давом этмоқда. Бошқача айтганда, жаҳон тажрибасида мавжуд бўлган университет спорт жамоаларининг юксак нуфузи таъминланмоқда.
“ФарДУ” футбол жамоаси ўзбек футболининг афсонаси, 5 карра Ўзбекистон чемпиони, 2 карра мамлакат кубоги соҳиби, 1994 йилги Осиё ўйинлари чемпиони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи Сергей Лебедов мураббийлигида янги-янги марраларни заб этмоқда.
Қисқа муддат ичида “ФарДУ” катта майдонда ўзини кўрсатиб, ЎзПФЛ таснифида ўтадиган профессионал футбол чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Бу натижадан Фарғона давлат университети жамоаси ва талаба-ёшларининг қувончларини тасаввур қилиш қийин эмас. Чунки икки юзга яқин олий таълим муассасаси ичида “ФарДУ” футбол жамоасининг Биринчи лига йўлланмасига эга чиқиши муҳим тарихий воқелик эди.
Футбол университет фахрланиши мумкин бўлган ягона спорт тури эмас. Спортнинг бошқа турлари бўйича ҳам ҳавас қилгулик натижалар жуда кўп. Бундан ташқари, хотин-қизлар спортини ривожлантириш, уларни спортга оммавий жалб қилиш масаласи ҳам доимий эътиборда. Университет спортчи қизларининг номини бугун кўпчилик мухлислар яхши билишади. Улар эришаётган натижалар, қўлга киритаётган ютуқлар ҳақида битта мақолада ҳикоя қилишнинг имкони йўқ.
– Спорт бизнинг жону дилимиз, – дейди белбоғли кураш бўйича жаҳон биринчилиги совриндори Диёрбек Полвонбоев. – Мамлакатимизда ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, имкониятлари чекланган шахсларнинг жисмоний реабилитацияси учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида катта ишлар амалга ошириляпти. Бу ФарДУ талабаларини спортга кенг кўламда жалб этиш, спортнинг оммавийлигини ошириш борасида йўлга қўйилган истиқболли лойиҳаларда ҳам акс этмоқда.
Талаба-ёшларнинг оммавий спортга қизиқишини янада ошириш йўлидаги ишлар натижасида университетдан найза улоқтириш бўйича Паралимпиада олтин медали соҳиби Ёрқинбек Одилов, Черногорияда бокс бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида 3-ўринни эгаллаган Оиша Тоирова, cтол тенниси бўйича универсиада мусобақаларининг республика финал босқичи совриндори Шоира Қодирова ва бошқа кўплаб чемпион талабалар етишиб чиқди. Бугунги кунда вилоятдаги спорт мактаблари ва олийгоҳнинг чемпионликни кўзлаган кўплаб ёшлари ушбу талабалар маҳоратини “устоз-шогирд” йўналишида бирга ўзлаштириб бормоқда.
Мамлакатимизда оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ва аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш борасидаги ислоҳотлар натижасида шу ўзгаришлардан баҳраманд бўлиб улғаяётган ёшларимиз жаҳон ареналарида муносиб ўрин эгалламоқда, юртимиз байроғини дунё узра баланд кўтармоқда. Чунки ёшларимиздаги спортга қизиқиш доимо қўллаб-қувватланмоқда ва спорт соҳасини дунё миқёсида ривожлантириш масалаларига биринчи галдаги вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда.
Бир жамоада, бир сафда
Фарғона туманининг Оқбилол, Дўстлик мавзелари ҳудудида олийгоҳга ажратилган дашт ва тошлоқ ерлар ўзлаштирилиб, ёшларнинг билим ва кўникмасини амалда мустаҳкамлаши учун ўқув-тажриба участкалари сифатида ташкил қилинган. Айни вақтда агроучасткаларда чорвачилик, асаларичилик, гулчилик, анорчилик, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик ҳамда биогумус тайёрлаш йўлга қўйилган. Бу тармоқларда ишлаётганлар сафида ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар ҳам бор.
Фарғона давлат университетида меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ва тўлиқ давлат таъминотида бўлган, чин етим талабалар ҳам таҳсил олади. Улар ҳар ойда моддий рағбатлантирилиб, зарур адабиётлар, эҳтиёжи учун керакли воситалар билан таъминланмоқда. Шунингдек, ногиронлиги бўлган ҳамда “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандлари бўлмиш талабаларга моддий ёрдам кўрсатиб келинади.
Университетда бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида аъло баҳоларга ўқиётган ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оила сифатида эътироф этилган хонадонларнинг талаба қизларига умумий шартларда бериладиган стипендия сақлаб қолинган ҳолда қўшимча тарзда базавий стипендиянинг бир баробари миқдорида ойма-ой бериладиган махсус стипендия таъсис этилган.
Шунингдек, фан олимпиадалари, кўрик-танлов ва турли спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритган талаба қизлар базавий стипендиянинг 5 баробари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Бугунги талаба нафақат мутахассис, балки иқтидор, истеъдод, керакли ҳунар эгаси ҳамдир. У ўз қизиқишини намоён қилишни, юқори марраларни эгаллашни ва эркин ижод билан шуғулланишни исташи табиий.
Яқин истиқболда бугунги ёш авлод давлат ва жамият бошқарувида ҳал қилувчи кучга эга бўлишини тасаввур қилсак, ёшлар таълим-тарбияси билан шуғулланиш, муаммоларини вақтида ҳал этиб, шахс сифатида ривожланиши учун барча шароитларни яратиш, профессионал касб маҳоратини шакллантириш каби вазифалар ниҳоятда долзарб экани янада ойдинлашади.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Мақола “Янги Ўзбекистон“ газетасининг 2025 йил 28 май, 107 сонида чоп этилган
Ҳамкорлик материали