Инсонпарварлик ёрдами Туркманистон–Эрон чегарасидаги “Артик–Лютфобод” назорат-ўтказиш пунктида Эрон томонига тантанали равишда топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар бермоқда.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчиси Равшан Алимов, Эроннинг Туркманистондаги элчиси Али Мўъжтабо Рўзбеҳоний, Даргаз шаҳри ҳокими Мўъжтабо Базмара, Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг Хуросони Разавий вилоятидаги вакили Ҳайдари Фард, шунингдек, божхона, соғлиқни сақлаш ва инсонпарварлик ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Эрон томони ушбу синовли дамларда кўрсатилаётган амалий кўмак учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва халқига самимий миннатдорлик билдирди.
Таъкидланганидек, мазкур инсонпарварлик ташаббуси Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги анъанавий дўстлик, ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва қўллаб-қувватлаш руҳининг яна бир ёрқин ифодасидир.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида ҳам Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан Эрон Ислом Республикаси аҳолиси учун инсонпарварлик ёрдами юборилган эди. Унда ун, гуруч, шакар, макарон маҳсулотлари, кунгабоқар ёғи, консервалар, шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмлар жўнатилган.