Хусусан, томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларига:
- сертификати бор кўчатларни сотиб олиш харажатининг ярми бюджетдан қоплаб берилади;
- меванинг турига қараб, «шпалер»лар учун 20 минг сўмдан 70 минг сўмгача субсидия ажратилади;
- томорқасига томчилаб суғоришни жорий қилганларга ҳар 1 сотих учун 160 минг сўм компенсация тўланади.
Агар уста деҳқонлар маҳалладаги ҳар 10 та хонадонда экспортбоп маҳсулот етиштиришни йўлга қўйса, 2 миллион сўм, буни томорқаси бор хонадонларнинг камида 30 фоизида қилса, яна 75 миллион сўмдан мукофот олади.
Жорий йил 2 минг гектар ўрмон ери 4 минг камбағал оилага 50 сотихдан тутзор қилиш учун 10 йилга бепул берилади. Бунда пилла кооперативини тузиш учун эҳтиёжманд оилаларга 4 миллион сўмдан субсидия ажратилади.
Бундан ташқари, уйида пилла етиштириш истагидаги эҳтиёжманд оилаларга хонани жиҳозлаш ва ускуна олиш учун 20 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилади.