“Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 201-моддаси билан темир йўлда ташиш хавфсизлигини таъминлашга қаратилган давлат назорати ва бошқа чоралар Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси томонидан уларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилиши белгиланган.

Бугунги кунда, инспекция томонидан темир йўл ташишлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича камчилик ва ҳуқуқбузарликлар аниқланганида фақатгина кўрсатма бериш ҳуқуқи мавжуд. Натижада, масъул шахсларда ўз мажбуриятларини бажармаслик ҳеч қандай жавобгарликка олиб келмаслигига ишонч ҳиссининг вужудга келишига ва бу эса уларнинг ўз вазифаларини бажаришда масъулиятсизликка, лоқайдликка, ташишлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қоида ва талабларнинг қўпол равишда бузилишларига йўл қўйишларига олиб келмоқда. Жумладан, 2020 йил давомида темир йўлларда юк ва йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларида жами 89 та текширувлар амалга оширилди. Бунда, темир йўл соҳасида юк ва йўловчи ташиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича темир йўлдан фойдаланиш қоидалари ва меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилганлиги юзасидан 7878 та камчиликлар аниқланган. Текшириш натижалари бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тадбиркорлик субъектларига тақиқловчи чораларни белгиловчи кўрсатмалар берилган. Аммо қайд этилган камчиликлардан 1576 таси яъни 20% и белгилаган муддатда бартараф этилмаган.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, темир йўл ташишларини амалга ошириш даврида темир йўл транспорти ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатлари, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларининг бузилиши оқибатида темир йўл транспортида юзага келувчи авария ва ҳалокатларнинг, инсон ҳаёти ва соғлиғига, моддий бойликларига зарар етказилишининг олдини олиш, темир йўл транспорти соҳасида фаолият юритувчи юридик шахсларнинг масъулиятини ҳамда темир йўл транспортида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексини янги 1131-ва 2501-моддалар билан тўлдириш таклиф этилмоқда.

Лойиҳа қабул қилиниши натижасида қуйидагиларга эришилади:

1) миллий қонунчиликдаги бўшлиқлар бартараф этилади;

2) темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги масъул шахслар жавобгарлигини оширади, уларнинг ўз вазифаларини бажаришдаги масъулиятсизлик ва лоқайдлигини бартараф этишга туртки бўлади;

3) ташишлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қоида ва талабларнинг қўпол равишда бузилишларининг олди олинади.

Мазкур қонун лойиҳаси айни пайтда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали “regulation.gov.uz”да жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Брифинг давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ““Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори лойиҳаси ҳақида ҳам маълумот берилди.

Мазкур Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги қонунининг 10, 201 ва 21-моддаларини амалга ошириш мақсадида “Ўзтемирйўлназорат” инспекция томонидан ишлаб чиқилди. 

Бугунги кунда Республикамизда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тасарруфига кирмайдиган темир йўл транспорти соҳасида фаолият юритадиган жами 1278 та корхона ва ташкилотлар тасарруфида 2610 километр узунликдаги темир йўллар, 537та локомотив ва 5038та вагонлар мавжуд бўлиб, ушбу корхона ва ташкилотлар ички ҳудудида фойдаланиладиган локомотивлар, моторвагонли ҳаракатдаги таркиб ва вагонларни ягона давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобини юритишнинг механизми мавжуд эмас.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси томонидан тақдим этилган ҳамда инспекцияда мавжуд маълумотлар таҳлилига асосан Ўзбекистон Республикасига бошқа мамлакатлардан ҳар йили ўртача 300 та ҳаракатдаги темир йўл таркиби олиб келинмоқда. Ҳаракатдаги темир йўл таркиби ва шохобча темир йўлларининг эгалари томонидан йилига 500 дан 700 тагача темир йўл, вагон ва локомотивлар ижарага берилади. Республикамиз ҳудудида йилига ўртача 100 та шохобча темир йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, йилига 100 тадан 150 тагача шохобча темир йўлларининг мулкдорлари ўзгаради. 

Ички идоравий технологик ташишларни амалга оширишга мўлжалланган ҳаракатдаги темир йўл таркиби ва идорага мансуб шохобча темир йўлларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобини юритиш темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан амалга ошириладиган давлат назорати билан узвий боғлиқ бўлиб, биринчи навбатда ҳаракатдаги таркиб парки ва шохобча темир йўлларининг самарали ва оқилона фаолият юритишининг шаффофлиги ва техник қобилиятини белгилаш учун муҳимдир. Бунинг учун ҳаракатдаги таркиб ва шохобча темир йўлларини рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш тизими ягона, мустақил ҳамда давлат назорат органининг ваколатига таалуқли бўлиши лозим.

Ички идоравий технологик ташишларни амалга оширишга мўлжалланган ҳаракатдаги темир йўл таркиби ва идорага мансуб шохобча темир йўлларни давлат рўйхатига олиш ва ҳисобини юритиш натижасида:

темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлаш даражасини оширишга;

темир йўл транспорти билан боғлиқ авария ва ҳалокатларнинг олдини олишга;

одамлар ҳаёти ва соғлиғига, давлатнинг моддий бойликлари ва манфаатларига таҳдид қилувчи омилларнинг олдини олиш ва ўз вақтида бартараф этишга;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукуматнинг темир йўл транспорти хавфсизлигини назорат қилиш соҳасидаги қабул қилинган қарорлари ижросини таъминлаш ҳамда қонунчиликдаги зиддиятлар ва бўшлиқларни бартараф этишга эришилади.