Ушбу ислоҳотлар фақат институционал ўзгаришлар эмас, балки жиноят-ҳуқуқий сиёсатнинг инсонпарварлик, адолат ва очиқлик тамойилларига асосланган янги фалсафасини шакллантиришга қаратилган.
Биз сўз юритмоқчи бўлган қуйидаги олти асосий йўналишлар 2026 йил учун белгиланган устувор йўналишлар суд-ҳуқуқ сиёсатининг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади.
Одил судлов сифатини янги босқичга олиб чиқиш
Суд ҳокимиятининг мустақиллиги ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиларидан биридир. Суд мустақил бўлмаган жамиятда қонун устуворлиги формал тушунчага айланиб қолади. Шу боис 2026 йилдаги биринчи устувор вазифа – судлар фаолиятини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқишдир.
Аввало, судьялар мустақиллигини институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Судья қарор қабул қилишда фақат қонун ва ўз ички ишончига таяниши лозим. Бунинг учун судьяларни танлаш, тайинлаш ва баҳолаш тизими шаффоф механизмлар асосида қайта кўриб чиқилади. Малака талаблари оширилиб, судьяларнинг касбий масъулияти ва этика стандартлари кучайтирилади.
Иккинчи муҳим йўналиш суд амалиётида барқарорликни таъминлаш. Бир хил мазмундаги ишлар бўйича турлича қарорлар чиқарилиши ҳуқуқий ноаниқликка олиб келади. Шу боис прецедент аҳамиятига эга қарорлар ролини ошириш орқали ҳуқуқий ёндашувларда бирхиллик таъминланади. Бу тадбиркорлик муҳити учун ҳам, фуқаролар ҳуқуқлари кафолати учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Учинчи йўналиш рақамли одил судлов тизимини тўлиқ жорий этишдир. Электрон иш юритиш, онлайн мурожаат қилиш, иш ҳолатини масофадан кузатиш каби имкониятлар суд тизимини шаффоф ва қулай қилади. Инсон омилини қисқартириш орқали коррупциявий хавфлар ҳам камаяди.
Ихтисослаштирилган суд таркибларини кенгайтириш ҳам назарда тутилган. Интеллектуал мулк, рақамли иқтисодиёт, корпоратив низолар каби соҳаларда юқори малакали судьялар иштирокида қарорлар қабул қилиниши ҳуқуқий сифатни оширади.
Шунингдек, медиация ва арбитраж каби альтернатив низоларни ҳал этиш механизмларини ривожлантириш орқали суд юкламасини камайтириш ва жамиятда музокара маданиятини шакллантириш кўзда тутилган. Бу ислоҳотлар суд тизимини ёпиқ институт эмас, балки очиқ ва ҳисобдор орган сифатида шакллантиришга хизмат қилади.
Суд ишларини юритишда ҳимоя институтини такомиллаштириш
Жиноят-процессуал тизимда ҳимоя институти инсон ҳуқуқларининг асосий кафолатидир. Айблов ва ҳимоя ўртасида тенг имкониятлар таъминланмаса, рақобатли судлов принципи формал тус олади.
2026 йилда ҳимоя институтини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Биринчи навбатда, адвокатларнинг процессуал ҳуқуқларини кенгайтириш режалаштирилган. Ҳимоячи иш материаллари билан тўлиқ танишиш, далиллар тақдим этиш ва илтимосномалар киритиш ҳуқуқларини чекловчи амалиётлар бартараф этилади.
Давлат ҳисобидан ҳимоя тизимини такомиллаштириш ҳам муҳим йўналишдир. Иқтисодий имконияти чекланган шахслар учун кўрсатиладиган ҳимоя сифати хусусий шартнома асосидаги ҳимоядан кам бўлмаслиги шарт. Бунинг учун мустақил мониторинг ва баҳолаш механизмлари жорий этилади.
Тергов босқичида ҳимоя иштирокини мажбурий таъминлаш инсон ҳуқуқларининг энг муҳим кафолатидир. Адвокат иштирокисиз амалга оширилган процессуал ҳаракатлар қонунийлик нуқтаи назаридан қайта баҳоланади.
“Prosecution–defense parity” принципини таъминлаш орқали айблов ва ҳимоя ўртасида процессуал мувозанат мустаҳкамланади. Бу одил судловнинг мазмунан таъминланишига хизмат қилади.
Коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш
Коррупция давлат бошқаруви самарадорлигига путур етказувчи тизимли муаммодир. Шу боис Давлат дастурида коррупцияга қарши кураш комплекс ёндашув асосида белгиланган.
Қонунчиликдаги коррупциявий омилларни аниқлаш ва бартараф этиш биринчи навбатдаги вазифадир. Ноаниқ нормалар, ортиқча бюрократик тартиб-таомиллар ва кенг дискрецион ваколатлар қайта кўриб чиқилади.
Мансабдор шахсларнинг даромад ва мол-мулки декларацияси шаффофликни таъминлаш механизми сифатида жорий этилади. Бу давлат хизматига ишончни мустаҳкамлайди.
Жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали фуқаролар коррупцияга қарши кураш жараёнининг фаол иштирокчисига айланади. Норматив ҳужжатлар мажбурий коррупциявий экспертизадан ўтказилиши коррупция хавфини илк босқичда бартараф этиш имконини беради.
“Манфаатлар тўқнашуви” институтини кучайтириш ва хабар берувчиларни ҳимоя қилиш механизмларини жорий этиш коррупцияга қарши тизимли сиёсатни мустаҳкамлайди.
Коррупциявий хавфлар харитасини яратиш
Маълумотларга асосланган бошқарув модели коррупцияга қарши курашда янги босқични англатади. Соҳалар ва ҳудудлар кесимида хавф даражасини баҳолаш орқали муаммони аниқ нуқтада бартараф этиш мумкин бўлади.
Махсус индикаторлар – лицензиялар сони, инсон омили юқори бўлган хизматлар улуши, шикоятлар статистикаси каби кўрсаткичлар асосида рейтинг шакллантирилади. Рақамли мониторинг платформаси орқали маълумотлар реал вақт режимида янгиланади.
Хавф даражаси юқори бўлган соҳалар учун манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. Бу коррупцияга қарши курашни реактив эмас, балки профилактик моделга айлантиради.
Коррупцияга қарши курашиш медиа-портали
Жамоатчилик иштирокисиз коррупцияга қарши кураш самарали бўлмайди. Шу боис махсус медиа-портал ташкил этиш режалаштирилган.
Портал орқали фуқаролар коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш, статистик маълумотлар билан танишиш ва таҳлилий материаллардан хабардор бўлиш имкониятига эга бўлади. Аноним мурожаатлар қабул қилиниши хабар берувчилар хавфсизлигини таъминлайди. Платформа Омбудсман ва фуқаролик жамияти институтлари билан интеграция қилинади. Бу шаффофлик ва ҳисобдорликни кучайтиришга хизмат қилади.
Гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши кураш механизмларини такомиллаштириш
Наркожиноятлар миллий хавфсизлик ва жамоат саломатлигига жиддий таҳдиддир. Шу боис мазкур йўналишда комплекс чоралар белгиланган.
Трансмиллий жиноятчиликка қарши халқаро ҳамкорликни кучайтириш, чегара назоратини рақамлаштириш ва прекурсорлар муомаласини лицензиялаш тизимини жорий этиш асосий вазифалардан ҳисобланади.
Ёшлар ўртасида профилактик дастурларни кучайтириш ва реабилитация марказлари фаолиятини такомиллаштириш орқали жиноятчиликнинг ушбу турини ижтимоий ёндашув асосида камайтириш кўзда тутилган.“Ўзбекистон — 2030” стратегияси ва Давлат дастури доирасида суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар комплекс ва тизимли характерга эга. Улар суд мустақиллиги, ҳимоя институти самарадорлиги, коррупцияга қарши муросасиз сиёсат ва наркожиноятларга қарши кураш механизмларини қамраб олади.
Бу ислоҳотлар пировардда одил судлов сифати сезиларли ошишига, коррупциявий хавфлар тизимли равишда камайишига ҳамда жамоатчилик ишончи мустаҳкамланишига хизмат қилади. Суд-ҳуқуқ тизимининг самарали фаолияти ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишнинг асосий шартидир. Давлат дастури айнан шу стратегик мақсадга хизмат қилади.
Ҳамидов Нурмуҳаммад,
Тошкент давлат юридик университети профессори в.б., PhD