Қайд этилганидек, мазкур лойиҳалар илғор хорижий тажриба асосида мутлақо янги ёндашув асосида ишлаб чиқилди. Уларда Президентимиз томонидан белгилаб берилган жорий йилдаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва мақсадли кўрсаткичлари ҳамда уларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари белгиланмоқда. 

Ислоҳотлар дастурлари ва Давлат дастурининг бир-биридан фарқли жиҳатларига алоҳида тўхталинди. 

Ислоҳотлар дастурлари давлатимиз раҳбарининг халқимиз ва Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббуслар ва 2026 йил учун энг устувор ислоҳотларни қамраб олган. 

Булар маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш ва уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш ҳамда ички бозорда талабни рағбатлантириш, касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш, экологик мувозанатни таъминлаш ва сувдан оқилона фойдаланишни ташкил этиш ҳамда давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, жамиятда бирдамликни таъминлаш орқали уни юксалтириш. 

Бу дастурларда “ҳужжат ишлаб чиқиш”дан “натижага эришиш” тамойилига ўтилмоқда. Ҳар бир ташаббусни амалга ошириш механизмлари ва йил якунига мўлжалланган ижро натижалари бўйича KPI белгиланган. Дастурлар тўғридан-тўғри амал қилиш механизмига эга ва айрим ташаббуслар бўйича алоҳида ҳужжат қабул қилишни талаб этмайди. Ҳар бир ислоҳотлар дастурининг ижроси учун шахсан жавобгар бўлган масъул раҳбар ва мувофиқлаштирувчи давлат ташкилоти белгиланмоқда.

 “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида эса стратегиянинг 2026 йил учун белгиланган мақсадли кўрсаткичлари ижроси ташкил этилади. Дастур билан 337 та банддан иборат амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланмоқда. 2026 йилда соҳалар кесимида энг муҳим 59 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва энг муҳим стратегик ислоҳотларни назарда тутувчи 12 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Лойиҳаларни ишлаб чиқишда жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди. Давлат дастури кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, 23 январь – 1 февраль кунлари оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида кенг тарғиб қилинди. Интернетда лойиҳа билан 5 миллиондан зиёд фойдаланувчи танишиб, 22 мингдан зиёд фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.

Олийгоҳлар ва давлат идораларида 50 дан ортиқ муҳокама тадбирлари ўтказилиб, 10 мингга яқин талаба, профессор-ўқитувчилар ва давлат хизматчилари иштирок этди. Хориждаги ватандошлар билан ҳам алоҳида мулоқотлар ташкил этилиб, қатор қўшимча ташаббуслар билдирилди. 

Таҳлиллар натижасида конструктив деб топилган 1000 га яқин таклиф саралаб олиниб, Давлат дастури лойиҳасига киритилди. 

Жумладан, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтириш, педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини жорий этиш, ипотека ва электромобиль хариди учун кредит механизмларини такомиллаштириш, қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини 30 фоизга етказиш, коррупцияга қарши курашишни янги босқичга олиб чиқиш, жиноят ишлари бўйича судларда халқ вакиллари ҳайъати иштирокини йўлга қўйиш каби ташаббуслар қўллаб қувватланди. 

Шунингдек, маҳалла маблағлари сарфи бўйича очиқ ҳисобдорликни кучайтириш, маҳаллаларда ички йўллар, пиёдалар ва велойўлакларни ташкил этиш, бизнес-инкубаторлар яратиш, саноат зоналари ҳузурида касбий қайта тайёрлаш марказлари очиш, дарахт кесиш учун жавобгарликни қатъийлаштириш, энергия самарадорлиги бўйича KPI жорий этиш, утилизация ва қайта ишлаш занжирини йўлга қўйиш каби таклифлар қизиқарли деб топилди.

Бундан ташқари, АҚШ, Германия, Туркия, Франция, Канада, Корея, Япония, Швеция, Португалия ва Қозоғистонда ватандошлар иштирокида муҳокамалар ташкил этилиб, 60 га яқин қўшимча таклифлар олинди. 

Хориждаги ватандошлар нодавлат мактаблар фаолиятини ривожлантириш учун аниқ, барқарор ва шаффоф лицензиялаш ҳамда назорат механизмларини жорий этиш, амалиёт жараёнида ўқувчиларни йўналтирувчи корхона мутахассислари учун рағбатлантириш ва масъулият тизимини татбиқ қилиш, бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони бўйича хавф гуруҳларини аниқ белгилайдиган ягона рақамли скрининг тизимини жорий этиш, имтиёзли кредитларни ажратишда “натижага боғланган имтиёз” (performance-based subsidy) моделини, экспорт қилувчи корхоналар учун эса “Export-as-a-service” моделини жорий қилиш, яъни логистика, божхона, сертификатлаш, маркетинг ва тўлов масалаларини ягона оператор орқали комплекс хизмат сифатида тақдим этиш, адвокатлар учун электрон навбат олиш жараёни бўйича қўлланма ва видеойўриқномалар тайёрлаш каби таклифларни билдирган.

Дастурлар ижросини молиялаштиришга жами 250,5 триллион сўм ажратилиши ва 50,4 миллиард доллар маблағ жалб қилиниши кўзда тутилган. 

Давлат дастури ижроси бўйича Адлия вазирлиги ва Ҳисоб палатаси доимий мониторинг олиб боради, Вазирлар Маҳкамаси ҳар чоракда ижрони муҳокама қилади, ҳар ярим йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳисобот ҳамда ҳар ой Президентга ахборот киритиб борилади. 

Ҳар бир ислоҳотлар дастури учун бириктирилган масъуллар ҳар чоракда ижро ҳолати юзасидан Президентга ахборот бериб боради. Бош вазир ислоҳотлар дастурларидаги ташаббусларнинг амалга оширилиши ва молиялаштирилишини мувофиқлаштириб, ижрони қатъий назоратга олиш учун масъул бўлади. 

Давлатимиз раҳбари тақдимот қилинган лойиҳалар билан батафсил танишди, тегишли фармонни имзолаб, ислоҳотлар дастурлари ва “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” давлат дастурини тасдиқлади. Барча ислоҳот ва чора-тадбирлар, аввало, одамлар ҳаётида аниқ натижа бериши – янги иш ўринлари кўпайиши, даромадлар ўсиши ва аҳоли розилигида ўз аксини топиши зарурлиги қайд этилди.