Муборак Рамазон ҳайити ҳамда яшариш, янгиланиш байрами Наврўзи айём арафасида юртимизда саноат, энергетика, инфратузилма, сервис соҳаларида кўплаб йирик лойиҳалар ишга туширилмоқда. Ҳар бир ҳудудда янги уй-жой массивлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, туризм ва маданият масканлари бунёд этилмоқда.

«Бу ишларимизнинг барчаси бир мақсадга – иқтисодиётимизни янада ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш ва албатта халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада оширишга қаратилган.
Бугун ишга тушаётган 3-мис бойитиш фабрикаси ҳам ана шу кенг кўламли ишларимиз ва бунёдкор халқимизнинг фидокорона меҳнати намунаси, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз», – деди Президентимиз.

Қиймати 2 миллиард 700 миллион долларлик ушбу лойиҳа шунчаки корхона эмас, балки мамлакатимиз саноат қудратини янада мустаҳкамлайдиган, табиий бойликларимизни чуқур қайта ишлашга хизмат қиладиган замонавий индустриал мажмуа экани таъкидланди.

Сўнгги йилларда тоғ-кон саноати тубдан ислоҳ қилинди. Илгари қимматбаҳо ва рангли металларни қазиб олиш билан 2 та комбинат шуғулланар эди.

Конларни инвесторларга бериш бўйича шаффоф тизим яратилгани ҳисобига тўққиз йилда 10 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилди. Бугун соҳада 65 та хусусий корхона фаолият юритмоқда.

Мустақилликнинг дастлабки йигирма беш йилида олтин қазиб олиш ҳажми 63 тоннадан 87 тоннага ёки 24 тоннага ошган бўлса, сўнгги тўққиз йилда бу яна 31 тоннага кўпайиб, ўтган йили 118,4 тоннага етказилди.

Худди шундай 2016 йилдан буён кумуш ишлаб чиқариш 1,6 баробар, уран 2,1 баробар, мис 1,4 баробарга оширилишига эришилди. Натижада соҳада ишлаб чиқариш 1,7 баробар ўсиб, ўтган йил 270 триллион сўмга етди.

Муҳими, юқори даромадли энг кўп иш ўринлари ҳам айнан шу соҳадаги корхоналарда экани таъкидланди. Бугун экскаватор машинисти 30 миллион сўмгача, бурғилаш мутахассислари ва катта самосвал ҳайдовчилари 40 миллион сўмгача, геолог ва маркшейдерлар 70 миллион сўмгача маош олмоқда.