Ижтимоий тармоқларда Асака туман Мактабгача таълим ва мактаб бўлими мансабдорлари томонидан ишчи ходимлари мажбурий меҳнатга жалб қилинганлиги акс этган хабарлар тарқалган эди. Ҳолат юзасидан Давлат меҳнат назорати инспекцияси бошлиғи ўринбосари М.Нуралиев томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган. 

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 29 март куни Асака тумани Мактабгача таълим ва МББнинг котиби вазифасида ишловчи Н. Комилов томонидан туман ХТБга қарашли умумьталим мактабларнинг директорларига Telegram орқали топшириқ бериб, унда барча мактабларнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосарлари ва техник ходимларини 30 март куни соат 8:00 да "Улуғбек" МФЙ Наврўз даҳасида бўлиб ўтаётган ободонлаштириш ишларига жалб этишни таъминлаш бўйича топшириқ берганлиги аниқланган.

Н.Комилов эса ушбу топшириқни бўлим мудирининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Ш. Қурбонов буюрганлигини маълум қилган.

Ш.Қурбонов ҳозирги кунга қадар бўлим мудир лавозимига тайинланмаганлиги ва  оғзаки топшириқ берганлигини важ қилган. 

Ўрганиш давомида ободонлаштириш ишларига жалб қилинган 30 нафар ходим шу куни "Наврўз" даҳасида тут кўчати экканликлари, бироқ ушбу ишларга мажбурланмаганликларини айтган.

Ш.Қурбоновга нисбатан МЖтКнинг 49-моддаси 1-кисмига асосан, БҲМнинг 10 баробари, яъни 3 000 000 сўм миқдорда маъмурий жарима жазоси тайинланган.