Қорақалпоғистонда фуқаро яхши ниятлар билан уч ярим миллионга харид қилган уяли телефони кафолат муддати тугамасданоқ ишламай қолди. Истеъмолчи бу масалада дўкон сотувчиси, сервис хизматига қатнайвериб чарчади. Мазкур ишдан бирон натижа чиқмаслигини билгач, 1159 қисқа рақамли телефонига қўнғироқ қилиб, мурожаатини қолдирди.
Тўғри-да, истеъмолчининг эътирозини биров тингламаса, шунча пулига куйиб қоладими? Аслида, носоз телефонини кафолат муддатида бепул таъмирлатиб олиши ёки бўлмаса сифатлисига алмаштириб олиши мумкин эди…
Мазкур шикоятда келтирилган масала Қорақалпоғистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳудудий бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди. Жараёнда 2021 йил 4 мартда бўлиб тўлаш шартномаси орқали сотиб олинган “Nokia” маркали телефонга берилган сервис хизматининг хулосасида ишлаб чиқаришдаги носозлиги маълум бўлди. Ҳақиқат қарор топди, оворагарчиликка чек қўйилди. Уяли телефонга берилган кафолат талаби ва шартлари ҳисобга олинган ҳолда носоз телефон сифатлисига алмаштириб берилишига эришилди.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасида истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда ҳуқуқлари белгилаб берилган, яъни нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб қуйидагилардан бирини талаб қилишга ҳақли:
- товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш;
- товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш;
- товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш;
- харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;
- шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ахборот хизмати