Тизим Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети олдидаги пиёдалар отиш йўлагидан Шайх Зайниддин кўчаси билан кесишма ҳудудида, “Висол” тўйхонаси қаршисидаги пиёдалар ўтиш йўлагигача бўлган 5 километрлик йўл қисмида амал қилмоқда.
Мазкур йўналишда 12 та светофор объекти ўзаро синхронлаштирилди. Тавсия этилган 50–60 км/соат тезликда ҳаракатланганда автомобил ҳар бир кейинги чорраҳада ортиқча тўхтамасдан, йўл қисмини изчил босиб ўтиши мумкин.
Амалда нима ўзгарди?
“Яшил тўлқин” тизими созланишидан аввал ушбу йўл қисмини босиб ўтиш учун 11 дақиқа 30 сония талаб этилган. Светофорлар синхронлаштирилгач, ҳаракатланиш вақти 9 дақиқа 40 сониягача қисқарди.
Демак, ҳайдовчи биргина 5 километрлик йўл қисмида 1 дақиқа 50 сония вақт тежамоқда.
Бу натижани янада аниқроқ тасаввур қилиш учун: 1 дақиқа 50 сония — ҳар бири 35–40 сония давом этадиган қизил чироқнинг қарийб учта стандарт фазасига тенг вақт. Бошқача айтганда, “Яшил тўлқин” самараси ҳайдовчи учун қизил чироқда уч марта ортиқча тўхтаб кутишга тенг вақтни тежаш ёки бундай кутишларни сезиларли даражада қисқартириш билан баробар.
Амалий ҳаракатда эса бу — қизил чироқ олдида камроқ кутиш, камроқ тўхташ ва қайта тезланиш, шунингдек, 5 километр давомида янада бир маромда ҳаракатланиш дегани.
Янада тушунарлироқ таққослаш учун: айни самара сақланиб қолган ҳолда ушбу йўл қисмидан 10 марта ўтиш — қарийб 18 дақиқа 20 сония вақт тежалиши демакдир. Агар ҳайдовчи ушбу йўналишдан мунтазам равишда бориб-келса, тежалган вақт аста-секин ўнлаб дақиқаларга етади.
12 та светофор объектининг синхронлаштирилиши натижасида йўлни босиб ўтиш вақтини қисқартириш, ҳаракатнинг ўртача тезлигини ошириш ҳамда светофорлардаги мажбурий тўхташлар сонини камайтиришга эришилди.
Шу тариқа, “Яшил тўлқин”нинг асосий самарасини ҳайдовчи бевосита йўлда ҳис қилади: бир неча светофорда кетма-кет кутиш ўрнига — йўл қисмини янада узлуксиз ва барқарор босиб ўтиш имконияти яратилади.
Пойтахтнинг транспорт оқими юқори бўлган бошқа йўл қисмларида ҳам “Яшил тўлқин” тизимини босқичма-босқич жорий этиш ишлари давом эттирилади.