– “Эътироф” китобига устозга бағишлаб шеърият мухлислари, шогирдлари, шоир дўстлари томонидан ёзилган шеърий эҳтиромларини жамладим, – дейди шоира Фароғат Худоқулова. – Унга бошида муаллифлардан 500га яқин шеърлар тушди. Шундан 100дан ортиқ энг сараларини танлаб олдик. Шеърларда акс эттирилган соғинч ва ўкинч туйғулари халқнинг буюк шоиримизга бўлган меҳр ва ҳурмати белгисидир.

– “Шоирнинг туғилиши” номли китобга киритилган шеърлар шоирнинг “эълон қилинмаган шеърлар” туркумидан жамланган, – дея таъкидлади Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Нурбой Жабборов. – Унга айрим шеърларнинг қўлёзмалари ҳам жойлаштирилган. Шеърлар муаллифнинг асосан 1957-1965 йиллар орасидаги илк ижод намунасидир. Китоб номини ҳам устознинг ўзи қўйган.

.Илк маротаба ўқувчиларга ҳавола этилаётган ушбу китобда шоирнинг асосан ўсмирлик, ёшлик чоғларида ёзган, шунингдек, умрининг бошқа фаслларида ёзилган қўлёзмалари ўрин олган.

– Отамнинг ижодига бағишланган бугунги катта тақдимот учун, аввало, Ёзувчилар уюшмасига катта раҳмат, – деди Шоира Орипова. – Бугунги тадбирга йиғилганлар оиламиз учун барчаси қадрлидир. Отамнинг шеърлари кириб борган ҳар бир хонадонда самимийлик, одамийлик устун бўлишига ишонаман.

Тақдимотда сўзга чиққанлар “Абдулла Орипов замондошлари хотирасида” китоби ҳақида ҳам фикр билдирди. Унда бадиий очерклар, публицистик мақолалар, бағишлов шеърлар, тадқиқотлар жам бўлгани эътироф этилди.

Китоб бир неча бўлимлардан иборат бўлиб, биринчи қисмда асосан ҳаётлигида ёзилган мақолалар, тадқиқотлар, кузатишлар ўрин олган. Сўнгра, шоирга атаб битилган шеърлар, вафотидан кейин ёзилган марсиялар, ёдномалар берилган. Охирги қисм шоир ҳаётлигида ва 2016 йил 5 ноябрдан кейин ёзилган хотиралар, эсселар ва мақолалардан ташкил топган.

Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан кўплаб шеърлари хорижий тилларга таржима қилиниб, китоблари нашр этилди. Шунингдек, тадбирда Абдулла Орипов шеърларининг рус тилидаги таржимаси “Ветер моего края” китоби шоир ва таржимон Николай Ильин томонидан тақдим этилди.

Зулайҳо Аҳмаджонова,
журналист